ТОП просматриваемых книг сайта:
Тахмина. Солих Каххор
Читать онлайн.Название Тахмина
Год выпуска 0
isbn 978-9943-382-57-2
Автор произведения Солих Каххор
Издательство Kitobxon
Ўша куни дадам ишдан одатдагидек кеч қайтди, лекин аямдан дарак бўлавермади. Овқатимиз стол устида қолиб кетди. Дадам туз тотмади. Айвонга чиқиб олиб, сигарет тутатишдан бўшамади. Менинг ўзим ҳам бўғилиб кетдим. Лекин сир бой бермасликка ҳаракат қиламан. Дадамни ловуллатиб, аямга таҳдид солиб турган нохушликни кучайтириб юборишдан чўчийман. Ўзимни хотиржам тутиб, дадамни юмшатишга уринаман.
– Дадажон… Ичкарига кириб, бирга овқатланайлик… – дейман унга суйкалиб, эркаланиб. – Мен жудаям оч қолдим… Дадам менга мулойим боқиб, бошларимни силайди.
– Ширин қизим, асал қизим… Оч қолган бўлсанг, овқатланиб олақол. Менинг кўнглимга ҳеч нима сиғмай турипти…
– Нега ундай дейсиз, дада? Аям уйда бўлмасалар, ахир мен борман-ку?
– Ҳа, онажоним. Сен борлигинг учун мен ҳам борман. Аянгга қолар кунни худо бошимга солмасин.
– Аямдан хафа бўлманг. У ўзи шунақа, лекин сизни жудаям яхши кўрадилар… Менга ўзлари шундай деганлар.
– Ҳа, аянг мениям, сениям, яна жуда кўпчиликни яхши кўради… Мен дадамни тушунолмайман. Яна эркаланиб, уни қўлларидан ичкарига беозор тортқилайман.
– Хўп, она қизим, хўп, – дейди дадам шундан сўнг менга болаларча бўйсуниб.
Ичкарига кирамиз. Бир-биримизнинг кўнглимиз учун овқат чўқилаган бўламиз. Кейин бир-икки пиёла чой эрмак қилиб, телевизор томоша қиламиз. Вақт ўтказамиз. Икковимиз ҳам жим, лекин дадам ҳам, мен ҳам ўз ўйларимиз билан банд. Мен ҳадикдаман. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин, дейман ичимда.
Ўша кеча соат ҳў-ў ўн иккиларда қайтипти аям. Курсида ўтириб кўзим кетиб қолган экан, шовқиндан сапчиб туриб кетдим. Аямнинг кайфи баланд, икки бети ловуллаб турипти.
– Шу пайтгача олиб ўтирган одам ётиб қолишга жой топиб беролмапти-да?! – дейди дадам титраб-қақшаб.
– Ётиб қоламан десам жон дейишарди! – бўш келмайди аям. – Лекин улар мени бошқаларникига ўхшаган одам башара эри бордир, деб андиша қилишди!
Шунда дадамни, биринчи ва охирги марта кўришим эди, аямга тарсаки тортиб юборган. Агар мен ўртага ташланиб, уларни жонжаҳдим билан ажратмаганимда, йиғлаб-ёлвормаганимда, жанжал жудаям катта бўлиб кетарди. Икковларини бир амаллаб тинчитганман. – Бу тарсакинг учун мен сени ҳеч қачон кечирмайман,–деди аям. Дадам ҳам ўз ўрнида, кўнглидагини очиқ айтган ўшанда:
– Сен битта тарсакини кечиролмаган жойингда, мен ифлос хиёнатни кечиришим керакми?!
Мен кейинроқ ана шу «ифлос хиёнат» деган сўзнинг маъносини ва бу нарса кечирим учун мутлақо нолойиқ эканлигини билганман. Дадам уйимиздан кетиб қолмаганини ва совуқроқ бўлса-да, ҳарқалай аям билан яшайверганини ҳисобга олсак… ё дадам бу нарсани аямнинг бўйнига қўёлмаган, ё бўлмаса, ичкиликдан, муҳтожликдан у ўз ориятини қўлдан бой берган одам эди. Мен билиб қолганман. Аям чиндан ҳам… Бир куни мен унга астойдил:
– Ая, нега шундай қиласиз? Мен сизни ёмон кўриб қоляпман,дедим.
Шунда