ТОП просматриваемых книг сайта:
Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Читать онлайн.Название Катта хонадон 2
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5990-8-6
Автор произведения Салом Муҳаммад
Издательство SHARQ
Ана, осмон наъра тортди, замину само ларзага келди. Ўтакаси ёрилган булутлар дув-дув ёш тўкдилар, зир титраган ернинг ҳам лабларига учуқлар тошди – ҳа демай, яшиллик олами ҳамма ёққа поёндоз тўшайди, гуркираш – яшариш бошланади, қаердадир эса тупроқ бир томчи оби ҳаётга зор – қовжираш, ўлиш. Одамлар орасида ҳам чақалоқ ингаси эшитиляпти, аллакимлар ҳаёт билан видолашяпти. Бу ҳолатлардан коинот гоҳ қаҳқаҳа ураётганга ўхшайди, гоҳо эса миз-миз йиғлаётгандай туюлади.
Жонажон Еримиз – бош хонадоннинг ажиб бир маконида – катта бир хонадонда ҳам шу ҳол кўзга ташланади. Бу жараённи биз жиддийроқ кузатишга қарор қилдик.
Ҳа-я, хонадон тепасида чақмоқ чақаяпти, момоқалдироқ гулдираяпти…
БИРИНЧИ ҚИСМ
ЯШАШ ЯХШИ–Я…
1. КЎНГИЛДА БИР ҒУБОР
Ҳилола эшикни очиб, ичкари кирдию даҳлизда анқайиб, тўхтаб қолди: шундоққина рўпарада сафар халталари, кичикроқ чамадон йўлга шайлаб қўйилибди. Аллақачон кийинган акасининг бесаранжомроқ, сал мунглироқ кўзларига, ичкаридан чиққан, у ҳам кийинган янгасига кўзларини катта очганча саволомуз қаради: “Йўл бўлсин? Тўсатдан?”.
– Янганг билан қишлоққа биир бориб келайлик, – деди унсиз саволга жавобан бепарвороқ оҳангда акаси.
– Нимага? – кўнгли ниманидир сезгандай, овози титраб сўради Ҳилола. – Бунақа гап йўғиди-ку, тинчликми ўзи?
– Тинчлик, тинчлик, шунчаки ўзимиз биир айланиб келайлик. Ўйлаб қарасак, бормаганимизгаям анча бўлиб қолибди.
– Акажон, ростини айтинг, бирор киши сим қоқдими?
Акасининг сўроқни жавобсиз қолдириши ва кейинги сўзларида қандайдир дард борлиги сингилнинг хавотирини янада кучайтирдию у қатъий овозда сўради:
– Мениям олиб кетасизми?
Акаси четга хаёлчан қаради. Ҳилола рад жавоби кутиб, безовталанди. Худди шу аснода кўз ўнгида бошқа бир қиёфа жонландию шашти пасайди: “Эртага Дониёр учрашувга таклиф этган-а… Дониёр…”
– Ёмон бўлмасди… Лекин ўқишингдан, ишхонангдан жавоб сўрамагансан.
– Э, ўқиш, иш… – Ҳилола беихтиёр қўл силтадию бу борада жуда қаттиққўл акасининг тезда ён бергани уни ҳайратлантирди. – Онам тузукмиканлар ўзи?
– Ту-тузук… Сал мазалари қочибди… – акаси яна четга қараганча ғудранди. Сўнг ўзини ўнглаб, қўшиб қўйди. – Майли, овқатингни егин-да, дарҳол кийинақол.
– Мендан яшираёпсиз: онамга нимадир бўлган, очиқ айтмаёпсиз, ака, – у энди янгасига нажоткорона боқди. – Ахир бу пайтда йўлга чиқиш ноқулай, поезд жўнаб кетган…
Янгаси нима деярини билмай, талмовсираб, эрига қаради.
– Соат ўнда автобус жўнаркан… – акаси изоҳ берди. – Шу