Скачать книгу

деманг, акажон, – дея йиғи аралаш жавоб қайтарди Баҳриддин. – Аслида онам охирги дамларини бизларга кўрсатгилари келмаган. Ҳаммамиз дам олишимизни истаб, бор кучларини йиғиб, ўзларини соғайгандай кўрсатганлар. Мен ҳам инониб, кичкина хонага ўтувдим. Узоқроққа кетгим келмади. Салгина мизғидим, чоғи, туш кўрдим – онам жон берибдилар. Додлаб йиғлаб юборибман. Уйғониб кетиб, шу заҳоти бу уйга ўтдим. Роҳила опам онамни оғизларига пахтада сув томизардилар. Онагинамни ёнларига чўкдим.

      – Шу сенга насиб қилган экан, укажон, – титраб, алам билан ҳиқиллади Нуриддин. – Мен ҳузур-ҳаловат истаб, доғда қолибман. Энди бошимни қайларга урайки, бир оғизгина сўзларини эшитсам…

      – Биза ҳам сўзларини эшитолмадик, акажон! – Роҳила акасини қучоқлаб, ички дард ила ингради. – Бир оғиз гаплариниям кўп кўрдилар!

      – Юрак уришлари пасайиб, аста-секин сўниб борди. Кўзларини бир марта ярқ очиб қарадилар. Худди шам лоп этиб ёниб, ўчгандай… Сўнг бир марта “пуф” дедилару узилдилар. Азобдан, қийинчиликлардан қутулдилар. Манакларини ўзим боғладим…

      Нуриддин яна инграб юборди. Ҳилола билан Ҳусния ҳам унинг икки ёнидан қучиб, бир-бирларига ёпишганча ички дард-алам билан фиғон чекардилар. Акаларининг давъати билан икки кичик сингил ҳам ўша кичик уйга ўтишган, чарчовлар таъсирида донг қотиб қолишган, энди улар ҳам ўзларини айблаб, сочларини юлишар, пешоналарига муштлашар эдилар.

      Ҳусния – оиланинг ўнинчи фарзанди, уч чақиримча наридаги гавжум қишлоқда ўз оиласи билан яшайди, ёнгинасидаги мактабда тарих фанидан дарс беради. Гарчи онасининг дийдоридан сал-пал бўлса-да, тўйиб улгурган, шаҳардан келтиришган дамларданоқ волидаси бағрига отилган эса-да, сўнгги лаҳзаларда бирга бўлмагани учун ўзини ҳеч кечиролмас, ғафлат уйқусини лаънатлар эди. Опа-сингилларнинг фиғонига тоқат қилиш маҳол эди.

      Нуриддин уларни йиғламасликка ундардию ўзи ҳам бетиним, сассиз кўзёш оқизарди. Охири у чидолмай ташқарига йўналди. У ўзини батамом йўқотиб, гангиб қолган эдики, энди нима қилишни, кимга нима дейишни билмас, супада у ёқдан бу ёққа сарсари тентирарди. Дод солиб йиғлашни бутун вужуди талаб қилаётганга ўхшарди. Шундай, бор вужуди билан йиғласа, онаси уйқудан уйғониб, қаршисида пайдо бўладигандай туюларди. Ахир икки соатча аввал мизғиб олиш учун уйдан чиққан чоғида умид учқунламаган эдими? Ўшанда кекса юрак темирчининг босқони каби шиддатга кирган, кўкракнинг кўтарилиб, тушиши яққол кўзга ташланарди. Бемор оғзини, лабларини ҳаракат қилдиришга, тилини қимирлатишга уринарди, кўзларини очишга интиларди. Буни Нуриддин ўзича тушунди. Мана эндиги хулосаси бошқача: ўша лаҳзада онаизор ўнгланолмаслигини сезган ва сўнгги сўзини айтишга, нималардир дейишга бор кучини сарфлаган. Лекин бош мияда қонга ботган майда томирчалар бунга монелик қилган.

      Агар тажрибали киши бўлганида аҳвол чигаллашиб бораётганини аниқ сезарди. Нуриддин эса онасини авайлаб, осойишталикка эришган. Йўл қўйган жиддий хатосини энди у қандай тузатсин, додини кимга айтсин?

Скачать книгу