ТОП просматриваемых книг сайта:
Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Читать онлайн.Название Катта хонадон 2
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5990-8-6
Автор произведения Салом Муҳаммад
Издательство SHARQ
– Қишлоқ дўхтириминан район дўхтири баравар эмас-да, Нурдин. Бухородан, Тошкандан зўрларини чақириш имконларинг йўқми?
Нуриддин ўйланиб қолди. Холаваччасининг гапида жон бор. Нега шуни аввалроқ хаёлига келтирмабди? Ғафлат босдими? Ҳозир ҳам уриниб кўриш керакмикан? Ҳечдан кўра кечи ҳам афзал дейилади-ку?
Шу фикр унга қувват бағишлаб, дарҳол укалари Баҳриддин билан Фазлиддинга маслаҳат солди. Чунки, бу осон иш эмас эди. Кун ҳам тугаб борар, боз устига, дам олиш куни эканлигини ҳам назардан қочириб бўлмасди.
– Носир ака бу фикрга қандай қараркин? – ўйланиб жавоб қайтарди Баҳриддин. – Қаердан кимни чақиришни у киши яхши билсалар керак…
– Ҳа-я… – Нуриддин ўйлаб ўтирмай кичик укаси билагидан тутди. – Фазли, укажон, велигингни мин, Носирни бошлаб кел.
– Униям безор қилиб юбордик, ака, – сал мулоҳаза юритиб деди Фазлиддин.– Малол келмасмикан?
– Ҳозир малолни ўйлайдиган пайтми? – укасига бақирди у. – Ўзим борайми? Оёғига йиқилишгаям тайёрман.
– Ундай деманг, ака, Носир ака оғринадиган одам эмас…
Баҳриддиннинг гапи тугар-тугамас Фазлиддин йўлга тушди. Ярим соат вақт ўтар-ўтмас Носир дўхтир ўз машинасида етиб келди. Аслида Нуриддин уни марказдаги айрим профессорлардан ҳам баланд қўяр, унга ихлоси жуда юқори эди. Бунга кўп марталар отасию онасини энг хавфли вазиятлардан қутқазгани, ташхислари асосан тўғри чиқишлари сабаб эди. Билим ҳамда тажрибанинг ажиб тарзда бирикиб, самара беришини шу йигитда кўрарди, унга меҳри ортиб борарди. Аммо туман марказидан ўзи бошлаб келган шифокорнинг ишларини кўрганидан сўнг ҳа деб бир кишига ёпишиб олиш шарт эмас, ўткир тиб билимдонларию тажрибакорлари бошқа ёқларда ҳам бор, деган иддао миясида айлана бошлади.
Носир дўхтир вазиятни, не мақсадда, шошилинч чақиртирилганини Фазлиддиндан суриштирган шекилли, ака-укалардан бирор нима сўраб ўтирмасдан асбобларини кўтарганча олдинга тушди. Нуриддин индамай унга эргашди. Онасининг юмуқ кўзларига, аввалгидан ҳам оқаринқираган юзларига назари тушиб, безовталанди. Шифокор ҳам бемордаги ортга кетишни дарҳол пайқади. Баданда сарғайиш аломатлари кўзга ташланган, тирноқлар қорамтир тусга кира бошлаган, чеҳрада сўлғинлик кучайган эди. Носир беморнинг қовоқларини кўтариб, қорачиқларига қараганда анча кенгайиш юз берганини, маъно бир мунча йўқолганини Нуриддин ҳам қалбан ҳис этиб, лол қотди. Дўстидан бирор нима сўрашга бир лаҳза ботинолмай турди. Шифокор эса назарини бемордан узмасдан, ҳолатни бошқаларга сездирмасдан ниманидир ўйладию сумкасидан дорилар чиқариб, Роҳилага кўрсатма берди. Яна уколлар бошланди.
– Бечора янгагинам, баданлари илма-тешик бўлиб кетди-я, – деган аммасининг шивири Нуриддиннинг қулоғига етиб, у ҳушёр тортди, аммасига ялт қаради.