ТОП просматриваемых книг сайта:
Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Читать онлайн.Название Катта хонадон 2
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5990-8-6
Автор произведения Салом Муҳаммад
Издательство SHARQ
– Уйим шаҳар марказида, хоналариям кўп, ўзим ҳам кичкина эмасман, – дея баҳсларда енгиш учун кўкрагига нуқиб қўяди.
– Қани, кичкина эмаслигизни кўрайлик-чи, – деганча Ҳусниддин унинг ёнига келиб, бўй чўзади. У бошқалардан бўйчанроқ, ҳазил аралаш шуни кўз-кўз қилиб, ўзи “каттароқ” – баландроқ эканини, бинобарин, онасига ўзи кўпроқ ҳақдорлигини билдиргиси келган уч ойча аввал.
Шавқиддин шартта тоғора келтириб, устига чиққанда, укасидан баландлашгач:
– Номард, қани катталигинг? – деган ва яна чаккасидаги оқ соч толаларини кўрсатган: – Бунақаси-чи, сенда борми?
– Бўлди, бўлди, тан бердик, ака, – Ҳусниддин икки қўлини кўтарган. – Энди катта акамни олиб келамиз, восита қиламиз, чоғи. Унда нима дейсиз?
– Акам – мени бу ерим, – Шавқиддин чап кўкраги устига бармоғини нуқиган. – Акамни гапи бизга закон!
– Биз-чи, ака, биз ҳам ҳисобингизда бормизми? – Баҳриддин ўсмоқчилаб сўраган.
– Ҳаммалариз мени жоним-жаҳоним. Онажоним билан отажоним – тўлин ойиму қуёшим, – дея у эгилиб, онасининг иккала юзидан чўлпиллатиб ўпган.
Шамсия буви кўзларидан томчилар қуйилганча ўғлини бағрига босаркан:
– Бир-бирига меҳрибон бачаларимдан айланай, – деб кафтларини очганча дуо қилган: – Илоё аҳиллиларингга кўз тегмасин, Худонинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин.
– Келишиб олдик, а, онажон, шаҳарда мени уйим-бош штаб! – у волидасидан тасдиқлатиш учун яна таъкидлаган ва хотини Мурувватга шовқинлаб, ёлғондакам дўқ урган. – Нимага пусииб ўтирибсан, жонинг борми, бир нима де ахир!
– Ҳукм ўқидиз-ку, хўжайин, ҳукмга бўйсунамиз-да, – кулганча эрини маъқуллаб, у ҳам қайнанасига суянган. Қайнана-келин қайта-қайта ўпишганлар. – Ойимни ҳеч ерга юбормаймиз.
Мурувват кенг феълликда эридан қолишмайди, “Кенгга-кенг дунё, торга–тор дунё”, деб ҳисоблайди, шу тушунчасини болаларига ҳам юқтиришга уринади. Шу боис дастурхони ҳамиша очиқ, қозони доимо қайнаб туради. Эридан фарқи бор, албатта: бўйи бир қаричча баланд, тик қоматли, бунинг устига кам гап. Ҳар хил ишларга ҳуда-беҳуда аралашавермайди, ҳар қанақа гапларга гап суқавермайди. Ҳаддан ташқари ориятли ҳамда иззатталаблиги ҳам бор. Шу жиҳатдан эри билан гоҳида келишолмайди. Шавқиддин эса ҳазил-ҳузил билан уни енгиб кетади, кулдириб юборади. Гарчи, бу борада номутаносиблик бўлса-да, эри буни эслатиб, ҳаммани кулдиради:
– Биз хотин олганда ақлни ишлатиб, сўрриғини танладик, – дейди. – Онам: “Хотиннинг навчаси яхши, бачам, бачаларинг кўримли-кўркам бўлади”, деганларига лаққа учганмиз. Бу хонимнинг ўзлариям мени кўз тагига олиб қўйганлар-да. Шундайми, хўжайин?
– Ҳеч ҳамда, – дейди уялинқираб, кулиб Мурувват.