Скачать книгу

вужудга келтирадиган эҳтиёжларнинг бир ўзи билан эмас, балки фаолият мотивлари билан ҳам белгиланади. Мақсадга эришиш фаоллик талаб қилади. Бу фаоллик эса ирода билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам фаолият воқеаликка бўлган фаол муносабатларни шундай шартидирки, яшаб турган одам ва олам ўртасида реал алоқа ўрнатади. Фаолият ўйин фаолияти, таълим фаолияти ва меҳнат фаолияти турларига бўлинади. Ўйин фаолияти ҳаракатли ва ақлий ўйинлардан ташкил топади. Бу фаолият имкониятларидан таълим-тарбия жараёнларида ҳам унумли фойдаланиш мумкин [181; 118-б]. Таълим фаолияти эса субъектни ўрганиш мақсад қилиб олинган ўзига хос фаолият бўлиб, бу фаолият билим олиш, кўникма ва малакалар ҳосил қилиш билан якунланади. Меҳнат фаолияти эса маълум бир ижтимоий фойдали моддий ё маънавий маҳсулотни ишлаб чиқаришга йўналтирилган фаолият туридир.

      Ижодий фаолият анча кенг маънодаги тушунчадир. Бу фаолият меҳнатнинг ижодий йўналиши (меҳнатни ташкил этиш, унинг мазмуни, усулларини тадқиқ этиш) билан тавсифланади. Ижодий фаолият ечими илгари маълум бўлмаган масалаларни қўйишни ёки фикрларни шакллантиришни тақозо этади. Муаммони ечишга қаратилган ижодий фаолият муаммонинг ечимларини топиш, таққослаш ва танлаш – изланувчанлик кўринишига эгадир.

      Конструкторлик ва технологик фаолият эса инсон томонидан ижодий масалаларни бажариш, бунда буюмни конструкциялаш, уни тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни билдиради. Бу ишларнинг натижаси сифатида юзага келадиган янгилик субъектив ва объектив, яъни ўзи учун ёки жамият учун бўлиши мумкин. Турли вақтларда турли соҳа тадқиқотчилари, масалан, педагоглар, психологлар, физиологлар, социологлар ва бошқалар ижодий фаолият жараёнининг турли аспектларини – қирраларини ўрганадилар ва бу соҳанинг ўзига хос қонуниятларини очдилар. Масалан, рус физиологлари И.П.Павлов ва И.М.Сеченовларнинг тадқиқотларига кўра, ижодкорлик физиологик-психологик асосга эга бўлиб, ўзига хос мураккаб психологик жараённи ташкил этади [178, 194]. Физиологларнинг нуқтаи назарича, ижодий ғоя инсон мия-асаб фаолиятининг янги тизими ҳисобланади. И.П.Павловнинг аниқлашича, олий мия-асаб тизими ташқи воқеа-ҳодисаларни ва турли нарсаларни фақатгина қабул қилувчигина эмас, балки уларни аналитик-синтетик таҳлил этиш хусусиятига ҳам эгадир [178; 65-б.]. Бунинг натижасида турли хил воқеа-ҳодисаларнинг, буюмларнинг фарқини, алоҳида томонларини, ўзига хос хусусиятларини, шартли боғлиқлик томонларини ажратиш имконияти юзага келади. Бу эса ўз навбатида инсонга буюм ва ҳодисалардаги янги ўхшашликларни илғай олиш, олдиндан маълум бўлган тушунчалар асосида уларга турли хил янгича қарашларни юзага келтиришда қўл келади. Бундай қарашларнинг вужудга келиши эса турли объектлар ва бошқа буюмларни лойиҳалаш, тайёрлаш жараёнлари билан боғлиқ бўлган ижодий фаолият учун асос бўлиб хизмат қилади. Умуман олганда, ижодий фаолият ёки ижодкорлик ниҳоятда кенг тушунча бўлиб, у илмий, бадиий, техник, амалий ижодкорлик каби соҳаларга бўлиниб кетади.

Скачать книгу