ТОП просматриваемых книг сайта:
Қумдаги хотин. Абэ Кобо
Читать онлайн.– Ҳа. Кечаси қум нам бўлади. Қазиш енгил кўчади… Қум қуруқ бўлган пайтда, – хотин юқорига қаради, – қайси дақиқада қайси ери ўпирилиб тушишини билмай турасан.
Дарҳақиқат учуримнинг қоқ лабида худди қор уюмига ўхшаб ҳўл қум дўппайиб чиқиб турарди.
– Ахир бу хавфли-ку!
– Бе, ҳечқисн йўқ, – деб қўйди истиғноли кулиб хотин. – Уни қаранг, туман кўтариляпти.
– Туман?..
Улар суҳбат билан бўлиб, осмон тўла юлдузлар сийраклашиб, аста-секин гойиб бўла бошлаганини сезмай қолишибди. Осмон билан қум девор туташган уфқда аллақандай хира парда ғужғон ўйнамоқда эди.
– Бунинг сабаби шуки, қум туманни сингдириб олади.., Шўр қум туманни сингдириб олса, худди крахмалга ўхшаб зич бўлиб қолади.
– Наҳотки…
– Рост, рост. Ҳозиргина тўлқин бўлиб ўтган денгиз соҳили ҳам шунақа бўлади – ундан бемалол танк юриб ўтади.
– Ана холос!..
– Гапимга ишонаверинг… Шу сабабдан ҳам анави чиқиб турган қум уюми катталашиб қолади. Терс томондан шамол эсган кунлари бўлса, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у худди қўзиқорин қалпоғидек осилиб туради… Кундуз куни қум қурғаб, қанча чиқиб турган бўлса, ҳаммаси пастга ўпирилиб тушади. Агар у қалтис жойга келиб тушса – хўш, томни кўтариб турган устунлар ингичка ёинки яна бирон бошқа сабаб бўлса унда иш тамом.
Бу хотиннинг савияси ғоятда паст. Аммо ўз ҳаёти доирасига кириши билан шу заҳотиёқ завқ-шавқи ошиб кетади. Ана шу томондан қўйнига қўл солиб кўрса бўлади шекилли. Рост, бу эркакка унча хуш келмаса-да, аммо хотиннинг сўзлари унинг қалбида, дағал коржома яшириб турган шу аёл вужудини ҳис қилиш истагини уйғотди.
Эркак кемтик куракни жон-жаҳди билан пешма-пеш қумга ботира бошлади.
6
Эркак керосин бидонни иккинчи марта олиб борганда одамларнинг овозлари эшитилиб, юқоридаги йўлда фонарь лопиллади.
Хотин ҳаттоки малол келиши мумкин бўлган бир оҳангда шундай деди:
– Саватлар келиб қолди! Бу ер бўлди, энди бориб менга қарашинг!
Эркак юқоридаги, нарвон олдидаги қумли қопларнинг вазифасини эндигина тушунди. Саватларни тушириб чиқараётганда нарвон шу қопларга тираларди. Ҳар бир саватни тўрт киши тушириб, тортиб олар, афтидан, бундай тўдалар икки ё учта бўлиши керак эди. Эркакнинг пайқашича булар ёшлар бўлиб, эпчиллик билан тез ишламоқда едилар. Бир тўданинг савати тўлатилгунча, иккинчи сават навбат кутиб турарди. Олти мартанинг ўзидаёқ чуқурдаги бир ғарам қумдан асар қолмади.
– Ажойиб йигитлар экан, ўт-олов-а?
Эркак кўйлагининг енги билан терини артар, овози ҳам хушнуд эди. Бераётган ёрдами учун ҳазиллашиб бўлса ҳам раҳмат айтмаган йигитларга нисбатан эркакнинг ҳурмати ошиб қолди.
– Ҳа, бизда «Ватанни севсанг, садоқатли бўл», деган қоидага қаттиқ амал қилинади.
– У қанақа садоқат экан?
– Ўзинг яшаб турган жойга муҳаббат-да.
– Бу жуда соз!
Эркак кулиб қўйди. Унга қўшилиб