Скачать книгу

қишлоқни худди истеҳком деворига ўхшаб ўраб турган ярим ойдек қум тепа сиртидан олдинга қараб кета бошлади. У йироқда нималар бўлаётганига деярли эътибор бермасди. Энтомолог учун ўз оёғи тагидаги уч метрча масофа доирасигагина диққат-эътиборини қаратиш муҳим. Энг асосий қоидалардан бири эса – қуёшга орқа ўгирмаслик. Агар қуёшга орқа ўгирсанг, соянг билан ҳашаротни чўчитиб қўйишинг мумкин. Шунинг учун ҳам ҳашарот овловчиларнинг пешаналари билан бурунлари офтобдан қоп-қора бўлиб кетади.

      Йўловчи ҳеч ошиқмасдан аста-секин олға қараб бормоқда. Ҳар бир қадам ташлаганида ботинкаларига қум сачрарди. Теварак-атрофда, яккам-дуккам, бир озгина нам бўлса гуллашга тайёр гиёҳлардан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Борди-ю, бу ерда бирон учадиган ҳашарот пайдо бўлса, у ҳам одамнинг тер ҳидига келган, туси худди тошбақа косасининг рангига ўхшаш пашшалар бўларди. Аммо кўпинча худди шундай жойларда орзу амалга ошади. Лекин шуниси ҳам борки, испан пашшалари тўп-тўп бўлиб яшамайди, шундай ҳоллар ҳам бўладики, битта пашшанинг ўзи бир неча километр жойни эгаллайди. На чора, қидиришни қатъият билан давом эттириш керак.

      Бирдан у тўхтади. Ўтлар орасида нимадир қимирлаб қолди. Ўргимчак экан. Унга бунинг кераги йўқ. Сигарета чекиш учун ўтирди. Денгиздан ҳамон шамол эсар, оппоқ асов тўлқинлар қум тепа этагига ёпишарди. Қум тепанинг

      ғарбий учи пастлаб бориб йўқоладиган томонда, денгиз устида чоғроққина қоя қад кўтарган эди. Унинг устида қуёш нури худди даста-даста ўткир игналарга ўхшаб кетарди.

      Гугурти ҳеч чақилмасди. Ўнтача гугурт чақди – биронтаси ҳам ёнмади. Ташлаган гугурт чўплари ёнидан секунд милининг тезлигида қумлар шувиллаб оқарди. У кичкина қум тўлқинини кўриб қолди, тўлқин тўпиғига етиб келиши билан ўрнидан турди. Шимининг почасидан қум тўкилди. Гупурган эди – оғзини худди биров қирғич билан қиргандек бўлди.

      Бироқ бу ерда ҳашаротлар жуда озга ўхшайди-ку! Балки қумнинг ҳаракати тезлигидандир. Йўқ, ҳали умидсизликка тушишга эрта. Ахир назарияга амал қилинса, бу ерда ҳашаротлар бўлмаслиги мумкин эмас.

      Қум тепа сирти анчагина текис бўлиб қолди, баъзи жойларда у денгиздан анча ичкарига чекинган эди. Қаршимда мени ўлжа кутмоқда, деган иштиёқ билан у қия ён бағирдан пастга туша бошлади. Баъзи жойларда қумни тўсиш учун ўрнатилган ғаров тўсиқларнинг қолдиқлари қаққайиб турар ва ундан бир оз қуйироқда дўнглик кўзга ташланарди. Одам, шамол худди машина билан ясагандек пухта нақш қилган жимжимадор қумдан юриб илгарилаб кетди. Бирдан кўз ўнгидаги ҳамма нарса ғойиб бўлиб, у ўзини чуқур ўра лабида кўрди.

      Чуқур қинғир-қийшиқ, чўзинчоқ шаклда бўлиб, эни йигирма метрдан ортиқроқ келарди. Унинг қарши томондаги девори анчагина қия кўринар, йўловчи турган томондагиси эса деярли тик кесиб тушган эди. Чуқурнинг худди чинни коса четидек силлиқ ва сирғанчиқ, дўппайган лабида оёқ сирғанарди. У учуримнинг лабига бир оёғини тираб, эҳтиётлик билан пастга қаради. Шундагина, гарчанд атроф ҳали ёп-ёруғ бўлса-да, кеч кириб келаётганини пайқади.

      Чуқурнинг

Скачать книгу