ТОП просматриваемых книг сайта:
Қумдаги хотин. Абэ Кобо
Читать онлайн.Бироқ эркак дарҳол сергакланди. Ия, бу хонадан фойдаланиб бўлмаса, хотин қаерда ётаркин? Мана ҳозир ҳам тахта деворнинг нарёғида у ёқдан-бу ёққа бориб келяпти. Эркак қўл соатининг миллари саккиздан икки минут ошганини кўрсатиб турибди. Шундай бемаҳалда у ерда изғишдан муддаоси нима экан?
Эркак сув қидириб ерга тушди. Сув бакнинг таггинасида қолган, юзида занг сузиб юрар эди. Оғзингда қум ғижирлаганидан кўра шундай сув ичганинг ҳам афзал. Қолган сув билан юз-қўлини чайди, бўйнини ювди, бирдан тетиклашиб қолди. Ерни юзалаб салқин ел эсарди. Ташқарида унга бардош бериш осон бўлса керак. Қум босиб қолган эшикни аранг очиб, ташқарига чиқди. Йўл томондан эсаётган шамол дарҳақиқат хийлагина сарин эди. У қулоғига пикапнинг тарақ-туруғини олиб келди. Диққат билан қулоқ солинса, одамларнинг овозларини ҳам илғаб олиш мумкин. Эҳтимол, назарида шундай туюлаётгандиру, аммо кундузгидан кўра ғала-ғовурроц эди. Ё бу денгиз шовқинимикан? Осмонда юлдузлар чарақларди.
Чироқ ёруғи тушиши билан хотин орқасига ўгирилди. У белкуракни чаққонлик билан ишлатиб, катта керосин бидонларига қум тўлдирмоқда эди. Орқасида қаққайганча қора қум девори қад кўтариб турарди. Тахминан худди шу ернинг устида эркак кундуз куни ҳашарот ушлаган эди. Хотин бидонларни тўлдириб, даст кўтарди-да, девор томонга олиб кета бошлади. Унинг олдидан ўтар экан, кўзларини ердан узиб, бўғиқ овоз билан: «Қум…», деди. Хотин бидонларни чуқурга олиб тушадиган сўқмоқдан осилиб турган арқон нарвон тагига бўшатди. Қўли билан юзидаги терни сидирди. У ташиб қўйган қум анчагина уйилиб долган эди.
– Қум тозалаяпсанми?
– Қанча тозалаганинг билан сира соб бўлмайди.
Олдидан бидонларни олиб ўтаётиб хотин худди қитиқламоқчи бўлгандек бўш қўли билан унинг биқинига енгилгина туртиб қўйди. У жон ҳолатда четга сакрар экан, чироқни тушириб юборишига сал қолди. Чироқни ушлаганича тураверсинми ёки ерга қўйиб, шунга яраша жавоб қилсинми? Нима қилишини билмай тараддудланиб қолди. Ниҳоят, эркак ҳар қалай, мен қулай бир вазиятдаман, деган қарорга келди. Чеҳрасига маъносини ўзи ҳам тушунмайдиган тиржайганнамо бир қиёфа бериб, қўлида чироқни ушлаганча алпон-талпон юриб, хотин томон яқинлаша бошлади. Етиб борганида, хотиннинг сояси қум деворини бутунлай қоплади.
– Кераги йўқ, – деди хотин ҳарсиллаганча, орқасига ўгирилмай. – Қумни тортиб олиш учун сават туширишгунча яна олти бидон ташиб қўйишим керак.
Эркакнинг қошлари чимирилди. Зўрма-зўраки тетик кайфиятини жўрттага бузганлари учун ҳатто ғаши ҳам келди. Аммо ихтиёридан ташқари томирларига бир нарса отилиб киргандек бўлди. Баданига ёпишган қум қон томирларига кириб бориб ичдан шахтини сўндиргандек эди.
– Сенга