ТОП просматриваемых книг сайта:
Қумдаги хотин. Абэ Кобо
Читать онлайн.Эркак тепасидаги қурғоқ қум дўнглигига қўлини олиб борган эди, шу лаҳзадаёқ оёқлари остидаги цум шувиллаб юриб кетди. Номаълум бир куч уни қумдан улоқтириб юбориб нақ чуқурга бориб тушди. Аммо унча оғриқ сезмади. Бир оз вақт гўё оғриғини босмоқчи бўлгандек қияликдан шувиллаганча майда қум қуйилиб турди. Кейин тўхтади. Хайриятки, қаттиқ шикастланмабди.
Ҳали умидсизланишига вақт эрта. Бақириб юборишдан ўзини аранг тийиб, аста-секин уйга қайтиб кирди. Хотин бояги вазиятда ухламоқда эди. Эркак аввал уни секин, кейин қаттиқроқ чақира бошлади. Хотин жавоб ўрнига, худди ранжигандек мук тушиб олди.
Устидаги қум тўкилиб елкалари, ёнбошлари ва бели кўриниб қолди. Аммо эркакнинг бу билан иши йўқ эди. Хотиннинг тепасига бориб бошидан сочиқни тортиб олди.
Юзи доғ қоплаган, дағал, хунук – қум босган танасига сира ўхшамасди.
Кеча эркакни чироқ ёруғида маҳлиё қилиб қўйган оппоқ юзи муқаррар упа билан оқартирилган экан. Ҳозир баъзи жойларидаги упа кетиб, парча-парча доғлари кўриниб қолган эди. Эркакнинг ёдига тухумсиз пиширилган жўн котлет тушди, уларда буғдой ун гардлари хол-хол бўлиб туради.
Ниҳоят, хотин кўзларини очди, ёруғликдан кўзлари қамашиб кетди. Эркак унинг елкаларидан ушлаб, жон ҳолатда силкитганча ёлбора бошлади:
– Менга қара, нарвон йўқ-ку! Юқорига қандай қилиб чиқиш мумкин? Ахир бу ердан нарвонсиз чиқиб кетиб бўлмайди-ку!
Хотин саросимада сочиқни олиб бехосдан бир неча марта юзига урди-да, кейин эркакка орқасини ўгириб бўйрага мук тушиб олди. Уялиб кетдимикан? Бу ҳунарини кейинчалик кўрсатса ҳам бўларди. Эркак тоқати тоқ бўлиб бўкирди:
– Ҳазиллашма! Агар ҳозир нарвонни бермасанг, оқибати ёмон бўлади! Шошиб турибман! Жин ургур, нарвонни қаёққа қўйдинг? Ҳазил ҳам эви билан-да! Бер деяпман!
Аммо хотин жавоб бермасди. У ўша вазиятда ётганича аста-аста бошини чайқаб қўярди.
Бирданига эркак бўшашиб қолди. Нигоҳи сўниб, томоғи ғиппа бўғилди, деярли нафаси тиқилди, сўроқнинг мутлақо фойдаси йўқ эканлигини пайқаб қолди. Ахир нарвон арцондан қилинган эди-ку… Арқон нарвон ўзини-ўзи тутиб туролмайди… Агар у ҳатто қўлингда бўлса ҳам, уни пастдан туриб ўрнатолмайсан. Демак, нарвонни хотин эмас, юқоридан