ТОП просматриваемых книг сайта:
Қумдаги хотин. Абэ Кобо
Читать онлайн.– Беҳуда гап! – нафрат билан юзларини буриштирди эркак. Назарида қум ҳақидаги тасаввурини хотин ўэ нодонлиги билан оёқ ости қилаётгандек бўлди. – Менинг ҳам қум важига унча-мунча ақлим етади… Биласизми, худди шу қум йил-ўн икки ой ҳаракатда бўлади… Унинг ҳаёти ҳаракатдан иборат… Бирон жойда тўхтаб туролмайди. Хоҳ сувда бўлсин, хоҳ ҳавода бўлсин – ўз-ўзича ҳаракатда бўлади. Шунинг учун ҳам оддий жонли махлуқлар қумда ҳаёт кечира олмайдилар… Бу чиришга сабабчи бўладиган бактерияларга ҳам алоқадор. Қумни озодагарчиликнинг тимсоли деб аташ мумкин, лекин у чиришнинг олдини олиш учун хизмат қилса ҳам ажаб эмас, уни чиритади, деб айтиш тутуриқсиз бир гап.. Сен бўлсанг, у ўзи ҳам чирийди, дейсан; қум мутлақо ажабтовур бир минерал.
Хотин гарангсиганча индамай турарди. У ҳамон кўтариб турган соявон остида ўгирган эркак овқатни апир-шапир еб тугатмоқда, ортиқ чурқ этмас эди. Соявонни шу қадар қум босган эдики, унда ҳатто бармоқ билан ёзиш мумкин эди.
Расво бир намхушлик. Йўқ, қум намхуш эмас, баданни нам босган. Том тепасида шамол увилларди. Сигарета олиш учун чўнтагига қўл солганди, қум тўлиб қолибди. Ҳали чекмасдан туриб оғзи тахир бўлиб кетди.
Цианли калий солинган банкадаги ҳашаротларни олса тузук экан. Қуриб қолмасдан уларни ақалли тўғнағич қадаб оёқларини ростлаб қўяди. Хотиннинг уй олдидаги бостирмада идиш юваётгани эшитилмоқда. Бу ерда ундан бошқа ҳеч ким яшамайди шекилли.
Хотин қайтиб кириб, индамай хона бурчагига жой сола бошлади. Агар эркак бу ерда ётса, кечаси хотин қаерда ётар экан? Албатта буйранинг нарёғидаги юқори хонада-да. Бошқа хона йўқ шекилли. Ғалати иш бўляпти-ку. Меҳмонни ташқарига чиқадиган йўл устидаги хонага ётқизса-да, ўзи тўрдаги хонада ётса. Аммо уерда ўрнидан туролмайдиган, оғир касалга чалинган бемор ётгандир балки?.. Ҳа, шундай бўлса керак. Ҳар қалай, шундай деб ўйлаш табиийроқ бўларди. Аввал бошлаб, ёлғиз хотин биринчи дуч келган ўткинчига шу қадар хушмулозамат бўлиши амри маҳол.
– Бу ерда яна бошқа бирон одам борми?..
– Бирон бошқа одам дейсизми?..
– Оилангдан…
– Ҳеч ким йўқ, ёлғизман. – Хотин унинг фикрларини уқиб олгандек, ийманганча кулиб қўйди. – Қумнинг касофатидан ҳамма нарса жиққа ҳўл, ҳатто кўрпа ҳам…
– Эринг-чи? Ўтган йили тўфонда… – Хотин солиб қўйилган ўринни яккаш текислаб тузатар – хуллас, мутлақо кераксиз иш билан шуғулланар эди. – Биз томонда тўфон жуда даҳшатли бўлади. Қум устимизга худди шалоладек гулдурос билан отилиб тушади. Кўз очиб-юмгунингча қарабсанки, бир кечада бир-икки дзё ёғиб қолади.
– Ахир икки дзё – олти метр деган гап-ку…
– Бундай пайтда қумни қанча қазиб тозалаганинг билан унга барибир бас келиб бўлмайди. Шундай қилиб эрим бирдан: «Товуқхонамизни босиб қолади», деди-ю қизимиз билан, – ўрта мактабга қатнайдиган бўлиб қолган эди. Уйдан отилиб чиқиб кетди. Мен чиқолмадим – нуқул эрим омон қолса, дердим… Ниҳоят, тонг оқара бошлаши билан, шамол тиниб, ташқарига чиқдим. Товуқхонамиздан асар ҳам қолмабди. Уларни ҳам тополмадим…
– Қум