ТОП просматриваемых книг сайта:
Қатл куни. САМАДЎҒЛИ ЮСУФ
Читать онлайн.Название Қатл куни
Год выпуска 0
isbn
Автор произведения САМАДЎҒЛИ ЮСУФ
Издательство Yangi asr avlodi
–Э-воҳ, Маҳмуд! – деди. – Ўқимишли одамсан, офарин сенга, эл-юрт орасида фельдшер деган от чиқаргансан, худо ҳақи, райкўмчалик обрўйинг бор… Кимнинг боши ёстиққа етса, сени чақиради. Амммо сафсатабозсан. Биласанми нега? – Темирнинг овози тағин пасайиб, мотор шовқинида қарийб эштилмай қолди.
–Хўш, нега? – Бу гал маҳмуд жаҳлидан ўзини зўрға босиб қолди.
–Чунки дард кўрмагансан!
–Вой! Буни қаранглар! – Маҳмуд ўгирилиб Мошуга боқди. – Биродарлар, мен беш-олти ёшларимда ота-онасиз қолганман. Онам ёдимга тушса, ҳали-ҳали жигар-бағрим ўт олиб ёнади. Хўш, бу дард бўлмай нима?
–Кейинчи?
– Кейин нима бўларди? Гапини қаранглар? Нима, менинг қариндош-уруғим йўқ деб ўйлайсанми? Холам асраб олди мени, едириб-ичирди, кийинтирди. Гўри нурга тўлсин… Ҳозиргача қайси бировга қанақа ёмонлик қилибман, биродар? – Маҳмуд ранжиган, овозида зарда бор эди.
Темир кулиб:
–Яна гапимга тушунмадинг! Ўй-ўй-ўй! – деди. Мен бошқа нарсани айтаяпман, Маҳмуд. Одам борки, бу дунёга келганида дард билан келади, одам борки, туғилганидан бошлаб ҳеч қачон ўзига сув юқтирмайди. Сен кейинги тоифадансан.
–Хўш, нима бўпти? Келиб-келиб занжилар бир-бирини қириб ётгани учун йиғлашим керакми? Бугун телевизорда кўрсатишди, ё тавба!
–Ана, кўрдингми! – Темир бош тебратди. – Мен ҳам шуни айтяпман-да! Қоралар қораларни қирмоқда,
оқлар оқларни. Чунки, оғайни, мен айтган ўша гап:
одамлар одамгарчиликдан чиқишди, ваҳшийлашиб кетишди!
Маҳмуднинг бошига оғриқ кирди. У суҳбатнинг бу томонга бурилиб кетишини кутмаган эди. Темирнинг мантиқига ҳам кўника олмас, Темирнинг “дард кўрмагансан” деганига бироз асаби бузилган эди. Бу замонда ҳеч кимсага “дард кўрмагансан” деб бўладими. бу ғирт туҳмат-ку, ахир ҳар бир одамнинг елкасида тоғдай дарди бор, кимдир бу юкдан эгилиб қолади, тўрт оёқлаб увлай-увлай тоғ-тошларга бош олиб кетади. Маҳмуд уруш йилларида колхоз омборчиси Мусо Қайчилининг халойиққа улашган кунжараларини хотирлади: болакайлар, қизалоқлар бир-бир кўз ўнгидан ўта бошлади: қора уйларда, чироқнинг хира ёруғида қатор ўтириб, катта-кичик барчанинг кунжара егани эсига тушди. Бу дард бўлмай нима, ахир?.. Темирга нимадир демоқчи бўлди, аммо тилининг учида турган бу гапни айтмади, негадир шаҳарда бемор ётган қариндоши ёдига тушди. Тун зулматими, ёки мотор шовқиними сабаб бўлиб, беморнинг чуқур ботган кўзлари, айнан кунжара рангидаги чеҳраси шундоқ қаршисига келди-қўйди: гўё нигоҳлари олдида тутилган