ТОП просматриваемых книг сайта:
Қатл куни. САМАДЎҒЛИ ЮСУФ
Читать онлайн.Название Қатл куни
Год выпуска 0
isbn
Автор произведения САМАДЎҒЛИ ЮСУФ
Издательство Yangi asr avlodi
чиндан ҳам бу тушларнинг баъзан ўнг келиши бор. тўшакда ётиб қолишимдан илгари, охирги кунларни айтяпман, мундоқ маънили бир туш кўрмай қўйган эдим. Кўрганда ҳам бетайин нарсаларни: ё ёзда кўчамизда сут сотадиган, кўкраклари сигирнинг елинидек келадиган Аидани, ёки итальян актрисаларидан бирини, ёхуд ўртоқ Фалончиевни кўрардим. Фалончиевни ҳатто тушда кўрганимда ҳам, ўзинг асрагайсан, худойим, ўтакам ёрилгудек бўларди. Шарр демасанг хайр келмас. Беморлигимнинг менга бир хайри шу бўддики, энди мени ўртоқ Фалончиевнинг ҳузурида тез-тез ўтказиладиган мажлисларга чақирмай қўйдилар. Дори-дармонларимни ичаман-да, тўшагимга чўзиламан. На мени йўқлайдилар, на мен уларга қўнғироқ қиламан. Жон роҳатидан ҳам бўлак яхшироқ нарса бормикан дунёда? Раҳматлик Зулфиқор амаким бир пайтлар қишлоқдан ҳар ойда бир маротаба бизникига келганида, чубуғини тутата-тутата: “ҳой бола, тезроқ пенсияга чиқиш ҳаракатини қил”, деб ўгит берарди. Менинг таажжуб билан тикилганимни кўриб, илова қиларди: “Қулоғинг тинч, жонинг роҳатда бўлади. На уларнинг сенга иши тушди, на сенинг уларга”. Зулфиқор амаким вафот этганда жаназага борай десам, ишдан рухсат беришмади. Ҳаво бузилиб турган, совуқ-изғиринли кунлар эди, мен ғам, бормаганим бир томондан яхши бўлди, шамоллаб қолишим мумкин эди, деб ўйладим. Қишлоқда мотам маросимида холойиқ чодирда ўтирарди, рутубат, шамол, қор-ёмғир уриб туради. Зулфиқор амакимнинг қизига телаграмма қилиб, ҳамдардлик билдирдим, дафн маросимига кетган қариндошларимдан бири орқали юз сўм пул ҳам жўнатдим. Хотиним, меникилар ўлса ҳеч вақо бермайсан, деб ғинггишди. Аввалига индамадим. Сўнг ўзимни тута олмай, мен ўлсам, қариндошларинг ҳам ҳеч нарса бермай қўяқолсин, дедим. шу гапдан сўнг орадан ўн кун ҳам ўтмаган эдики, қишлоқда фелъдшер бўлиб ишлайдиган узоқ бир қариндошим келди. У Зулфиқор отанинг ўлими тафсилотини гапириб берди, мениниг бироз кайфиятим ёки фелъдшер Маҳмуд айтиб берган воқеа тағин кўз ўнгимда ўтдими, аниғи ёдимда йўқ, аммо эрталаб уйқудан уйғонганимда ҳушим жойида эмас эди.
* * *
Қишлоқда халойиқ безовта ётиб, безовта турарди. Бир ҳафтадан бери, осмоннинг таги тешилгандек, тинимсиз шивиллаб ёмғир ёғарди. Каттадан-кичик ҳамма Кур бевақт тошмасайди, деган хавотирда эди. Ёмғир ёғиб турган бўлса-да, ҳавода бир димлик ҳоким, гўё тупроқдан буғ чиқаётгандек эди. Агар ёмғир яна бир-икки кун шу зайлда давом этса, ҳаво шу димлигича қолса, ҳам Кур тошарди, ҳам тоғдан сел келиши мумкин эди. Жамоат неки экиб-тиккан бўлса, барчаси яксон бўларди. Ҳали боғу чорбоғ у Ёқда турсин, бу ерларнинг сели халойиқнинг уй-жойини ҳам ювиб кетиши ҳеч гап эмасди. Балки қишлоқ шўроси раисининг эшигига бориб, ундан тахта-ёғоч сўраб кўр, дерсиз. Бериб бўпти!..
Шу кеча ҳамма безовта ётди, уйқуси қочиб