Скачать книгу

ўзингдан каттага бунақа қилма, деб насиҳат ўқияпман-да.

      Ҳамдамов бу гапларнинг маънисини тушуниб, из-за бўлди, гўё болага эътибор бермагандай, яна ўсмирга ўгирилди.

      – Иккаламиз катта кўчада ёқалашиб юрсак яхшими, ука? Яхши эмас-да. Сенинг оғайниларинг бўлса, менда ҳам бор…

      Нималар деяпти ўзи! Бирга-бир чиқса кучи етмайдими бу тирмизакка!

      Ҳамдамов ноўрин гапирганини англаб, энди нима дейишини билмай, тўхтаб қолди.

      – Менга қаранг, – деди ўсмир, Ҳамдамов унга қараб турган бўлса ҳам. – Мундай тушунтириброқ гапиринг, нима демоқчисиз ўзи? Агар мен билан чиқиш ниятингиз бўлса…

      Нега бунча ўзига бино қўйган, а? Ахир, ўз-ўзидан кўриниб турибди-ку: Ҳамдамов уни мажақлаб ташлаши мумкин.

      Лекин, кейин… безори акаларини бошлаб келмоқчими? Ҳамдамов улардан қўрқмайди-ю, бироқ бу ҳовлидан ҳам кўчиши керак бўлади.

      – Қўйсанг-чи бунақа гапларни, – деди Ҳамдамов яраш оҳангида, гўё сулҳ садақа қилаётгандек. – Мен тескарисини айтаяпман. Жанжал нимага керак, иккаламизга ҳам ярашмайди…

      Кейин ҳаммалари жим қолишди. Ҳамдамов яна нима дейишини билмай, бир оз ўйланиб турди-да, уларга ҳеч гап айтмасдан, келган йўлига равона бўлди.

      Унинг кўнгли ғаш, ютқизганини ҳис қилиб, эзилар эди.

      Агар ҳозир болалар кулса ёки намойишкорона йўталиб қўйишса ҳам Ҳамдамов қайтиб бормас эдн, эринарди.

      Итдай қилишди-да. «Нима демоқчисиз», деб муштлашишга чорлади-я. У эса шармандаларча чекинди. Чиқиб таъзирини бераман деб, баттар бўлиб қайтаяпти. Иккаловини ҳам дабдала қилармиш-а! Билагида кучи бўла туриб чекинди-я. Жанжалнинг ҳадисини билмас экансан, уйда ўтирмайсанми!

      Ҳамдамов уйга яқинлашган сари жаҳли чиқиб, ўзини ўзи тузларди.

      Муштлашиш ҳайвоний иллат, йиртқичлик, зиёли одамга ёт деб, бировнинг бурнини ҳам қонатмадинг. Ҳалимовни урмоқчи бўлганинг ҳам артистлик эди, шунчаки Маъсуданинг олдида ўзингни кўрсатмоқчи эдинг… Сен ҳеч кимга қўл кўтармадинг, бирон кимса ҳам сени урмади. Икки марта боплаб калтаклашганда эди, кўзинг очиларди, кўкайингда ўт бўларди, ўт! Ҳозиргидек туядан тушган жабдуқдек бўлмасдинг, қиличинг синиб, қалқонинг тешилиб қайтмасдинг.

      Ҳамдамов ҳовлига кирганда дум-думалоқ кучукбола пилдираб келиб оёқларига суйкалди. Ҳамдамов сигарет тутатди-да, яна ўйлай кетди.

      Нима ҳам қилсин, китоб ўқишни, диссертация ёзишни тўхтатиб қўйиб, безориликни, муштлашиш илмини ўргансинми? Фан соҳасида у дадил-ку, ахир! Илмий жасорат ҳам йигитнинг кўрки эмасми! Иложи қанча – кундалик, майда-чуйда жасорат қўлидан келмайди, унга керак ҳам эмас.

      Ҳамдамов уйга кирди.

      Мана, муштлашишни семиз бўлса ҳам Хуррамлар учун чиқарган. Булар шу учун яратилган – талашиб-тортишиб ҳақларини юлиб олишмаса, қуруқ қоладилар.

      – Э-э, бориб келдим, – деди Ҳамдамов Хуррамга.

      – Қаёққа!

      – Бояги чурвақаларнинг олдига-да, қаёққа бўларди! Менга ўчакишма, иккинчи марта бунақа қилсанг, кунингни кўрсатаман, дедим.

      Негадир шу топда Ҳамдамов Хуррамга ёлғон гапиришга ўзини ҳақли деб билди.

      Исмоил тахтадан кўз узмай:

      – Эринмаган

Скачать книгу