Скачать книгу

билади!

      Каримнинг кўнглида нуқта каби муаллақ юлдуз чақнади, ундан ўткир санчиқ таралиб, кўкрак қафасини тешиб чиққудек оғритди.

      Нимадир қилиш керак эди! Карим ҳозир нимадир қилмаса, ҳоли не кечишини ўзи ҳам билмасди.

      – Яна ейсизми? –деди Бурҳон. – Яхши олма экан. Яна бир бўлак.

      Мозорбосди, Қўшработдан.

      Карим бош чайқади.

      – Шу қизларга ҳам ҳайронсан, – деди Бурҳон. – Қаранг, шу Салимача ҳам ўзига топиб олибди-я. Йигити, бечора, физфакда аспирант, домла эмиш, шўрингга шўрва тўкилгур…

      Бурҳоннинг жағи очилиб кетди: Салиманинг читтакдек эканлигию йигитининг ғирт аҳмоқлигини роса чайнади, кейин ўзининг соддагина қишлоқ қизига уйланиб (олий маълумотлисининг нози-фироғи ҳам дипломига яраша бўлиб, «Мен сендан кам эмас», деб турар экан), тинчгина турмуш кечириш ниятини билдирди; қишлоқларида Бурҳонжон акам қачон бизга оғиз соладилар, деб сочини ўриб ўтирган қизлар сон-мингта эмиш.

      Карим унинг гапларини диққат билан тинглаб, ишқилиб, яна Моҳбиби ҳақида гапириб қолмасин, дея юрак ҳовучлаб ўтирди.

      Лекин кўнглидаги оғриқ зўрайгандан-зўрайди, бунга чидашнинг сира иложи йўқ эди: «Моҳбиби» деган номнинг ўзи нур ўрнига совуқ бир оғриқ таратаётган ойга ўхшаб қолди – фақат Каримнинг кўнгли эмас, шу торгина ҳужра, ташқаридаги кенг дунё ҳам оғриққа тўлиб кетгандек, гўё ҳаво ҳам томоқни тирмалаб ўтиб, ўпкага санчилар эди.

      Карим ётоққа отланди. Жуда боргиси келди. Ҳужрада ортиқ қололмас эди.

      Кийинаётиб ойнага қаради-ю, дарров кўзини олиб қочди: ойнадан кўримсиз, бешинчи курсдаги ҳасип мўйловли, жингала сочли, етмиш сўмли жез тугма кўйлак, икки юз эллик сўмли жинси шим кийиб юрадиган Ҳайит – қизларнинг «Ҳайит акажон»ига солиштирганда эса жуда хунук, бурунбой бола – ўзи қараган эди.

      Шу Бурҳонларга ўхшаб ҳеч кимни севмай юрса нима қиларди, а? Бу нима азоб!

      Карим тўғри Моҳбибиларнинг хонасига борди. Тақиллатган эди, ҳеч ким очмади. Эшикни итариб кўрса, ичкаридан қулфлоғли экан. Бирдан хаёлига келган мудҳиш, даҳшатли манзарадан ўзи ҳам қўрқиб кетиб, эшикни гурсиллатиб урди. Салдан кейин зшик қия очилди-да, Турсунойнинг чўчиган, уйқуга пишмаганидан ола-кула бўлиб кетган кўзлари кўринди.

      – Э-э, – деди Карим. – Э-э, ухлаб ётувдинглар-ми? Мен…

      Турсуной эшикни қарс уриб ёпиб олди. Карим шундан сўнг ҳам жойидан қимирламай, бир-икки ғўлдиради, ёпиқ эшикка:

      – Кечирасизлар, – деди.

      Лекин кўнглидаги оғриқ бирдан қўйиб юборди:

      «Ухлаб ётишибди ку! Эҳ, мен бўлсам… – деб шодланди у. – Ухлаб ётишибди-я!»

      «Агар эшикни Турсуной эмас, Ҳайит очганда нима қилардим? Нима ҳам дердим?» – сал ўтмай Карим шундай ўйлади. Майкачан, сочлари тўзғиган Ҳайитнинг: «Ҳа, ошна, нимага бизиинг ишимизга тумшуғингизни суқяпсиз?» дегандек қарашини кўз олдига келтирдию ич-ичигача қизариб кетди.

      Даҳлизнинг ўртасида Адҳам унга қараб турган эди.

      Каримнинг кўксида нимадир ғарчча қирқилиб кетгандек бўлди–ихчам-ингичка, Каримдан узун

Скачать книгу