Скачать книгу

ютаётганим салқин ҳаво қайтиб чиқмаётгандек… Ўткинчиларни бир-бир тўхтатиб, қувонтиргим келади. Ўзиб кетаётиб бир чолга тавозе билан салом бердим, қўлимни кўксимга босиб, бош эгдим. Чолнинг кўзойнаклари ялт этди, бир зум менга ағрайиб қолди. Кейин алқади: «Яхши жойлардан ато қилсин!» Бўлмаса-чи? Сал ўтмай йўлимда бир қиз учради. «Яхшимисиз?», дедим. У истиғно билан лабини бурди, терила-терила сичқоннинг думидек ингичка бўлиб кетган қошларини чимирди. Яхши жойларда яхши қизлар етишади-да.

      Кетяпман. Гуллар. Қизғин очилган, ловиллаб турган гуллар! Кўзга жазиллаб уради, йиғлагинг келади – шу қадар расида. Шундоқ рўпарамда «йўл топибмиз – юрибмиз, пул топибмиз – ичибмиз», деганлардан бири ялп этиб учиб тушди. Ўтириб олиб қўлига диққат билан тикилгач, роса сўкинди. Бошини силкиб пишқирди-да, «Эҳ, Саодат, Саодат, ҳозир бораману…» дея ғулдиради. Кейин ўмганини кўтараман деб, тўрт оёқлаб қолди, ўрнидан туришга кўзи етмади, чоғи, эмаклаб бориб дарахтни қучоқлади, унга осилиб каддини тиклади. Охири гандираклай-гандираклай йўлга тушди. Қизиғ-а?

      Кетяпман. Тепамда кўм-кўк осмон, қаршимда қирмизи қуёш. Қитиғи келган тентакка ўхшаб бениҳоя хурсандман, кулиб юборай дейман. Негалигини билмайман, билишни ҳам истамайман. Ўз-ўзидан, ҳеч бир сабабсиз завқим тошади. Аллақандай куй димоғимда ғивирлайди, хиргойи қиламан, Тезроқ уйга етиб, ўғилчамни қийқиртириб ўйнатгим, варанглатиб пластинка қўйгим, хуллас, қандайдир айюҳаннос солиб, оламни бошимга кўтаргим келади. Ичимга сиғмаяпман.

      Ортимдан кимдир келяпти: «тап-туп», «тап-туп». Шошиляпти. Мендан ўтиб кетмоқчи. Кўрамиз!

      «Тап-туп» тобора тезлашади. Қадам ташлашига қараганда, бўйи пастроққа ўхшайди. Пишиллашига қараганда, тез юриб ўрганмаган. Кўз қиримни ташладим – елкамдан қуйироқда бир япасқи бурун юзиб чиқди, силкиниб ортда қолди, яна кўринди. Яна… Қадамимни тезлатаман, «тап-туп» ҳам кучаяди. Эҳ-ҳе, ростдан ҳам ўзиб ўтмоқчи шекилли!

      Бурун йўқолди, чиқди, йўқолди, чиқди… Елкамга елимлаб қўйилгандек, липиллаб келаверди.

      Унга сира эътибор бермагандек, осмонга қарайман, ён-теваракка кўз югуртираман. У тап-туплаб, тапир-тупурлаб йўрғалайди. Худди у эмас, ўзимнинг елкам бетартиб пишиллаётганга ўхшайди. Ерни гурсиллатиб одим отишимдан, бўйим узунлигидан, шу одамнинг мендан ўтиб кетиш учун беҳуда чиранишидан хурсанд бўлиб кетаман. Марҳамат, йўл очиқ! Қитмирлик қилаётганим йўқ, оёғидан чалаётганим йўқ. ғашига ҳам тегмаяпман. Қоқилиб йиқилишини ҳам тиламаяпман. Қайтангга далда беряпман. Ўтиб кетсин, марҳамат!

      Ҳадемай уйга етаман. Сизга айтсам, хотиним хотин эмас, бутун бошли бир хазина – уйда ҳеч вақо йўқ кезларда қупқуруқ ҳаводан бўлса ҳам чучвара тугиб бера олади. Мен-ку, уйга шошиляпман, бу қаёққа ошиқади? Шуларни, айни пайтда уни олдинга ўтказиб юбормасликни ўйлаб янада тезроқ юраман.

      Хумпар, сира орқада қолай демайди. Ҳайронман, кулгим қистайди. Мунча чиранмаса? Ҳай, ана ўтиб кетди ҳам дейлик. Хўш, шу билан бири икки бўлади-ми? Ёки бўйига бўй қўшиладими? Лекин ким бўлса ҳам яхши одамга ўхшайди. Тиришқоқ, курашчан кўринади.

Скачать книгу