Скачать книгу

асабий тарзда бориб машинага ўтирди. Эсанкираб қолган Гўзалой унинг ортидан шошди.

      Йўл бўйи индамай кетишди. «Тез ёрдам» «Ором» ресторанидан ўтиб, «Қирғоқ»қа яқинлашаётган маҳал Дониёр зўр бериб эгилиб, меҳмонхонага қарай бошлайди. Буни кўрган Эркин ака тезликни пасайтирди. Гўзалой энсаси қотиб лаб бурди, сўнг ўзи томон ўгирилган ҳайдовчи билан кўз уриштириб олгач, ғаши келгандай бош чайқади. Кулиб қўйган Эркин ака шифокорга қаради:

      – Дониёржон, агар зарурат бўлса тўхтатай.

      Анча вақтдан бери бирга ишлаётганликлари сабаб ҳайдовчи Дониёрнинг одатини яхши билиб олган-ди: хотини сменада пайти шифокор меҳмонхонага серқатнов бўлиб қоларди. Тўғри, бундан ўзи уялар, ўнғайсизланар, натижада ҳеч қовушмаган баҳоналар ўйлаб топар, аммо барибир шу томонга йўли тушса бас, рафиқасидан хабар олмай кетмасди.

      Ҳозир ҳам Дониёр аввалига хижолат чекиб:

      – Йўғ-э… – деган бўлди. Кейин чўнтакларини кавлади, ахири айбдорона қиёфада ҳайдовчига қаради: – Эркин ака. Калит қоп кетиптими дейман-да. Келинингизнинг сменаси кечроқ тугайди…

      Эркин ака астойдил афсусланиб бош чайқади:

      – Ёмон бўпти-ку. Ахир ҳеч замонда уйга калитсиз кириб бўладими? Ҳозир, ҳозир…

      Гўзалой мазахомуз тарзда «пиқ» этиб кулиб қўйди.

      «Тез ёрдам» меҳмонхона кириш эшиги ёнида тўхтади. Дониёр тез машинадан тушди:

      – Мен ҳозир-а…

      – Бемалол, Дониёржон, бемалол. Ҳеч шошилманг. Чақириқ йўқ, биз синглимиз билан гаплашиб ўтириб турамиз.

      Ҳамшира истеҳзоли оҳангда луқма ташлади:

      – Чақ-чақлашиб.

      – Раҳмат. Лекин барибир мен тез…

      Дониёр ичкарига шошди.

      – Калит эмиш, – ҳамон пичинг қиларди Гўзалой. – Топган баҳоналарини. Ҳалиям туморим демади.

      Ҳайдовчи мийиғида илжайиб қўйди:

      – Дониёржон учун тумори – хотини.

      – Буни қаранг-а, – баттар жаҳли чиқди ҳамширанинг. – Доим қўйнида об юрсин унда.

      Эркин ака ётиғи билан гапиришга уринди:

      – Лекин сиз, Гўзалойхон, кўпам унинг жиғига тегаверманг.

      – Жиғига тегиб нима қипман?

      – Кўриб турибман-ку. Сиз билан гаплашиб бўлгандан юзига қизил тошиб кетади.

      – Шунақа, бировларнинг юзига қизил тоширадиган ёмон қизман-да.

      Ҳайдовчи қизга бир муддат қараб турди-да, ногоҳ завқланиб кулиб юборди:

      – Эҳ, йигирма ёш орқага қайтсам эди, Гўзалой!

      – Нима қилардингиз, Эркин ака?

      – Шартта сизни опқочиб кетардим-қўярдим. Бахтли яшардик. Сизам буйтиб юрмасдингиз.

      Ҳамшира ҳушёр тортди:

      – Хўш, мен нима қилиб юрган эканман?

      – Биласиз, мен дангал одамман. Шап-шап деб ўтирмайман, – қизга қаттиқ тикилди ҳайдовчи. – Хуллас, синглим, Дониёржоннинг гулдай хотини бор… Дониёржон уни рашк қилади, демак, яхши кўради…

      – Чақ-чақлашишимиз… – алам билан гапирди Гўзалой, – ғийбатга ўтиб кетди-ку, ака.

      – Мен сизни синглимдай кўриб, кўнглимда борини айтдим, Гўзалой. Сизга чақиртиканак бўлиб юриш ярашмайди. Ҳали тенгингиз чиқади…

      Бу сўзлар

Скачать книгу