ТОП просматриваемых книг сайта:
Тахмина. Солих Каххор
Читать онлайн.Название Тахмина
Год выпуска 0
isbn 978-9943-382-57-2
Автор произведения Солих Каххор
Издательство Kitobxon
Ўзимни Тахминанинг таклифига эътибор бермаганга соламан.
– Тахмина… Чиройли исминг бор экан.
– Чиройли бўлмай ўлсин, шуям от бўлди-ю!
– Нега энди. Аслида Тахмина эмас, Таҳмина бўлиши керак. Арабчада кучли, иродали деган маънони билдиради.
– Йўғ-е, бунисини энди эшитяпман.
– Ана шундай. Сен ҳам иродали, ўзингни қўлга ололадиган бўлишинг керак.
– Серавно, бу от менга ёқмайди. Ҳеч қатта йўқ от.
– Ундай дема. Масалан, мен Тахмина исмини сендан олдинам икки марта учратганман.
– Шундай денг? Ким экан улар?
– Уларми? Биринчисини буюк шоир Фирдавсий яратган. Самангон шоҳининг қизи, Рустами достоннинг хотини. Исми Тахмина бўлган.
Тахмина бир дам жимиб қолди. Кейин болаларга хос ўкинчли бир оҳангда:
– Қани энди мен ҳам шоҳ қизи бўлсам, – деб қўйди.
– Агар шоҳ қизи бўлганингда нима қилардинг?–қизиқиб сўрайман ундан.
– Дадамга айтиб, ҳамма эркакларга қирон келтирардим,– қиқирлаб кулиб қўйди у. Кейин суҳбатимиз ногоҳ эсига тушиб, илова қилди: – Айтмоқчи, менининг номимни яна қаерда эшитгансиз?
– Қўқонда. Бундан бир неча йил бурун Собир ака деган бир адашим бўларди. Ўшани Тахмина деган қизалоғи бор эди.
– Мениям дадамни отлари Собир эди. Биз ҳам Қўқонда яшаганмиз,деди Тахмина хотиржам оҳангда. Бироқ бу сўзлар замирида алланечук дард, изтироб заҳри ётганини сезаман.
Ўртамизда бўлаётган гаплар пироварди нималарга бориб қадалишини мутлақо ўйламаган ва кутмаган ҳолда ўтирибмиз. Ногоҳ миямга урилган бир фикрдан шамдек қотиб қолдим. Ҳамон ёнбошлаганча, ҳамон менга беписандлик билан боққанча, шунчаки бир эркак, яъни вақт ўтказиш учун ва шу баҳонада, «айшу ишрат қадрига етмаган мендек шўрпешона ва гўл эркак»нинг ахийри қўлидан нима иш келишини кутишга қарор қилиб ётган Тахмина авзойимни кўриб, шашт билан қаддини ростлади-да, кўзлари чақнаб сўради:
– Сизга нима бўлди?!
Мен энди… юрагим ҳаприқиб, ҳаяжон билан:
– Аянгни оти… Хуршида эмасми? – деб сўрадим.
Тахмина ҳолсизлангандек бўлди. Ранги қочиб, кўзларини беҳол юмганча сўради:
– Ҳа. Сиз бизни танийсизми?..
IV
Қўқонда институтда ўқиб юрган кезларим эди. Келдиёров деган бир домламиз бўларди, исми ёдимда йўқ. Худосизлик илмидан дарс берарди. Асосий иш жойи шаҳар партия қўмитаси қошидаги Атеизм уйининг мудирлиги бўлиб, институтимизга ҳафтада бир-икки бор лекция ўқиш учун келиб-кетиб турарди. Жаҳли тез, бадқовоқ, кек сақлайдиган одам эди. Ранг-рўйининг совуқлиги кишида бир қарашдаёқ ҳадик ва нохушлик уйғотар, студентлар ундан анча ҳайиқишса-да, қош-киприк ва сочлари жудаям сийрак ва маллатоб бўлиб, гўё ниқоб тортиб олган кишидек кўринишидан уни пинҳона «Фантомас»