ТОП просматриваемых книг сайта:
Тахмина. Солих Каххор
Читать онлайн.Название Тахмина
Год выпуска 0
isbn 978-9943-382-57-2
Автор произведения Солих Каххор
Издательство Kitobxon
Куйдирги, Куйдирги… Анча ўзгарибсан… Ёшинг эндигина ўттизлардан ошган бўлиши керак. Лекин тез сўла бошлабсан. Юзингдаги ўша тиниқлик ва тароватлар, вужудингдан уфуриб турган ўша шаддодлик оловлари энди қани?..
Бир дам ўй суриб, жимиб қолишим Куйдиргини шу ондаёқ безовта қилди:
– Тилингизда ширинлик. Лекин дилингизда бошқа нарсалар кечяпти. – Ҳа, топқир экансиз, – дарҳол ҳушёр тортдим. – Бугун… сизлардек новвот қизлар ҳузурига тушиб қоламан, деб сираям ўйламаган эдим. – Нима, новвот қизлардан чўчияпсизми?
– Наҳот энди шундай деб ўйласангиз…
– Ундай бўлса, гап нимада, Баҳодир ака?
– Ўзим шундай. Илгари бунақа жойларда бўлмаганим учунми… Ниҳоят Куйдирги таскин топгандек бўлди. Ичкари томон юзланиб: «Тахмина, тезроқ бўл. Меҳмонга бирон нима олиб чиқ», деб қўйди. Кейин менга хотиржам ва хушнуд қиёфада боқиб:
– Ризқи улуғ йигит экансиз, – деди. – Жаннатга «топ» этиб осмондан тушиб қолдингиз.
– Бироқ жаннатда кўриш бору, ейиш йўқ деб тўғри айтишган чоғи. – Тушунмадим. Нега ундай дейсиз?
– Ахир, вақт кеч бўляпти. Тезроқ шаҳарга чиқиб, бирон меҳмонхонадан жой топмасам, бугун кўчада қолишим аниқ-ку.
Куйдирги менга синовчан боқиб қўйди-да, кейин кинояли оҳангда: – Ўзингизни гўлликка солманг, сиз кўчада қоладиган йигитларга ўхшамайсиз,– деди.– Ундан кейин… Меҳмонхонада сўппайи-иб, ёлғиз ётгандан кўра, ўша жойнинг ҳаққи-ю, харажатларини биззи бўстонларга сарфлаб, кечани ҳузур-ҳаловат оғушида ўтказсангиз яхши эмасми?.. – Кошки эди. Йигит киши учун бундай илтифотдан қимматлироқ нарса бўлармиди. Лекин бу бўстонларнинг қоровули келгинди ўғрини тутиб олса, сазойи қилмайдими ишқилиб?..
Куйдирги энди менга завқланиб, яшнаб, эркаланиб боқади:
– Хотиржам бўлинг, Баҳодир ака. Сиз тунаган тунда бу бўстонлар беқоровул бўлади…
Ичкаридан Тахмина чиқди. У олдимизга бир шиша коньягу учта биллур қадаҳ келтириб қўяркан, менга кибр ва беписандлик билан қараб қўйиб, Куйдиргига деди:
– Менимча, меҳмонимиз бу кеча на бизникида, на меҳмонхонада тунай оладилар…
Шишани очиб, қадаҳларни тўлдира бошлаган Тахминага иккаламиз ҳам ажабланиб боқдик. Ичимга бир оз ғулғула тушди. Нимага шама қиляпти у?
– Бу нима деганинг, Тахмина? – тоқатсизланди Куйдирги.
– Гап шундаки… – Тахмина менга яна бир бор истеҳзоли боқиб қўйди. Нафасимни ютиб турувдимки, хайрият, гап мавзуси бошқа жойдан чиқиб қолди:
– Саттор шўрбалиққа ишониб келган ўшлик тоғамнинг чўнтагида қирғизнинг увада сомидан бўлак ҳемириям йўқдир. Демак, бу кишини ким ҳам қабул қиларди…
Кейин у коньяк тўлдирилган қадаҳлардан бирини менга узатаркан, қўшиб қўйди:
– Ичинг тоға, буниси бепул.
Мен ўзимни қўлга олдим. Ундан кўра юқорироқ пардада жавоб