Скачать книгу

кенжа фарзанди Муҳаммад Имин ҳақидаги қиссани дадамнинг она авлоди ҳақидаги ҳикоядан сўнг баён этаман.

      КЎТАРМА ВА КЎТАРМАЛИКЛАР

      Дадамнинг она авлоди ўзига тўқ дехқонлардан бўлган. Ушбу битикларни ёзиш жараёнида Эркинжон укамнинг хонадонида жамланган фотосуратларни кўрикдан ўтказаётиб, дадамнинг 1992 йил 6 май куни ўз қўли билан бир варақда ёзилган она уруғи ҳақидаги эсдаликларини топиб олдим. Унда келтирилишича, дадамизнинг волидалари Бибиҳожар ҳозирги Хўжаобод туманидаги Кўтарма қишлоғилик Содиқҳожи ва Холчабибининг тўртинчи фарзанди бўлган экан. Бобом Содиқҳожи маймун йилида туғилган бўлиб, 1920 йили, Отикахон аммам олти ойлигида вафот этган экан. Холчабиби бувимиз 1946 йили 104 ёшида қазо қилган. Оилада беш қиз ва икки ўғил бўлган:

      1. Мулла Аҳмадали.

      2. Тўхтахон (1870–1970).

      3. Мулла Нуритдин (1892–1953).

      4. Бибиҳожар (Ҳажалхон) (1895, қўй йили – 1945 йил 13 апрель).

      5. Хайринисо.

      6. Биравохон (Биби Робия).

      7. Ҳожихон (1897–1933).

      Содиқ ҳожи деҳқончилик билан бирга уйда атлас ва бўз тўқир экан. Бу ишга фарзандлари ҳам жалб этилган. Оила қишлоқда “ўқимишлилар” тоифасига кирган.

      Катта фарзанд Мулла Аҳмадали ҳақида дадам ўз ёзувида ҳеч қандай маълумот бермаган, у киши ҳақида бизнинг қидиришларимиз ҳам натижасиз бўлди.

      Катта бувимиз опа-сингиллари орасида эса хонадонимизга энг яқини иккинчи фарзанд бўлган Тўхтахон энамиз эди. “Эна” сўзи қадимий туркий тилда онаси ёки отасининг онаси маъносини англатади. Шу сабаб фарзандсиз бўлган бу аёлни аввал аммам Отикахон, сўнг эса онам ўз фарзандларига “Эна” дедирган. Шундан бўлса керак, энам бизларни ўз набираларидек кўрар, авайлаб-асрарди. Энамнинг ўзи айтган ҳикоялардан маълумки, турмушга чиқиб, икки фарзанд кўрган, аммо улар нобуд бўлган, кейинчалик фарзанд кўришмаган, шу сабаб кейинги ҳаётини ёлғизликда ўтказган.

      Ҳали-ҳали эсимда, 7 ёшга кириб, мактабга боргунча дадам мени ва баъзида акамни ҳам энам олдига қўйиб келарди. Бу биз учун мазза эди. Уйдаги юмушлар йўқ, емоқ-ичмоқ жойида, чунки энам бизга овқатнинг гулини олиб қўярди. Эсимда, ёз пайтлари болалар билан бирга сойда чўмилишдан тинмасдик. Шунда энам уч-тўрт дона уйғурча таом пўшкал пишириб чиқиб, сой бўйида уни еб олишимни кутиб, чўнқайиб ўтирганлари ҳали кўз олдимдан кетмайди.

      Юқорида айтиб ўтган Нуритдинбек тоғамизнинг Холбу исмли аёллари бўлиб, у киши эри Қашқарга, кейинроқ эса Саудия Арабистонига кетиб қолгач, бир фарзанд билан ёлғиз ўтган. Уларнинг ҳовлиси энамникига яқин эди. Бу ҳовлида бир туп нашвати бўлиб, бундай мева атроф ҳовлиларда йўқ эди. Шу нашвати пишганда, энам мени икки-уч бора олиб чиқиб едирар ва бу меванинг фойдаси ҳақида кўп сўзлаб берарди. Катта бўлгач, “Бобирнома”дан “Андижоннинг ношпотасидан яхшироқ ношпоти бўлмас” жумласини ўқиб, бу мевани эсладим, ҳамда у ҳақда кўп адабиётлардан маълумотлар тўпладим. Ҳатто Бобур ҳам таърифини келтирган бу меванинг инсон организми учун жуда фойдалигини, шу сабаб

Скачать книгу