ТОП просматриваемых книг сайта:
Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Читать онлайн.Название Катта хонадон 2
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5990-8-6
Автор произведения Салом Муҳаммад
Издательство SHARQ
– Юраккинам сув ичсин, балажоним! – дея соғинчларини қондирар эди. Аммо ҳозир ҳаммасига лоқайддай, улардан хафадай унсиз ётибди.
– Онажон, мен гумроҳ сизни негаям бу ёққа юбордим? – дедию Нуриддин гапини давом эттиролмади, сўнгги сўзларини гўё ичдан нимадир тортиб кетди. Бошини қуйи эгиб, сукутсиз ҳолда онасига бир дам тикилиб турди. Ичдан эса ўзини аёвсиз лаънатларди.
Сал ўтиб, у атрофга назар солдию бехосдан дили ғашланди. Ажабо, онаси шу даражада оғир ётган эсада, уй тўла одам: қариндош-уруғлар, яқин биродарлар, қўни-қўшнилар. Беморнинг тепасида дераза ромига боғлаб қўйилган осма укол асбоблари. Уч ўғилдан кейин туғилган, туғруқхонада ҳамширалик қилувчи Роҳила онасининг оғзига пахтада сув томизиб турибди. У гоҳида томчилаб тушаётган аралашма дорининг маромини кўздан кечириб қўяди, бемордаги ўзгаришларни кузатади.
Нуриддин қариндошлар ила зўрма-зўраки, бош ирғаб сўрашгач, ҳаммага эшитарли овозда синглисидан сўради:
– Сенга нима бўлди, Роҳила?
– Менга? Ҳа, нима қилибди, акажон? – қандайдир қўрқув оғушида акасига бўзрайиб қаради у. – Ҳеч нима бўлганим йўқ… Тузукман…
– Баракаллла сенга-е! – энди акаси очиқ зарда қилди. – Қанақа ҳамшира, қанақа тиббий ходимсанки, онам шундай оғир ётибдилар, уй худди томошахонага ўхшайди. Ахир бунақа пайтда осойишталик керак эмасми?..
– Ке-керак… – бармоқларини лабларига босиб, деярли шивирлаб жавоб қайтарди Роҳила ва акасининг қулоғига оғзини яқинлаштириб, гапини давом эттирди. – Жуда зарур… Лекин, акажон, ҳаммалари онамни кўргилари келади. Уларга қандай айтаман?
– Сен айтмасанг, ким айтади?
– Бир-иккитасига айтувдим, хафа бўлдила…
Нуриддин ҳам юмшоқ кўнгил, ҳеч кимга озор бермаган. Аммо ҳозир фиғони фалакка чиқиб, фикрини дангал айтди:
– Онамни ҳурмат қилганларингиз учун ҳаммаларингизга кўпдан-кўп раҳмат. Бироқ, кечиринглар мени, беморга ҳозир осойишталик жудаям зарур…
– Хапа бўма, айланай сандан, жигаргинамни кўрмай, ҳавлидан кетавераманми? – йиғламсираб, эътироз билдирди қариндошлардан бири. – Кўнглини сўрайману ҳайдамасанг ҳам кетаман.
Унгача баъзилар ўринларидан туриб, эшик сари йўналдилар. Нуриддин шаштидан тушмади:
– Соғайсинлар, кейин истаганча кўнгил сўрайверасизлар. Роҳила, сингилжон, сендан илтимос, уйга ҳеч кимни киритма. Фақат икки киши қолса, бас… Ҳилол, сен ҳиқиллама, чиқ. Мана, ўзим ҳам чиқаман, – у йиғлагудай бўлиб, эшик сари йўналди. Ўзига биринчи дуч келган кенжа укаси Фазлиддинни қишлоқ касалхонасига, бош шифокорни бошлаб келишга жўнатди. Сўнг дарвозахона сари юриб, остона ёнида қатор калишлар териб қўйилган, меҳмонхона номини олган узунгина уйга кирди. У ерда суҳбатлашиб ўтирган отаси, амакиси, яна баъзи қариндошлар билан қучоқлашиб кўришди. Ҳали дарвозадан кирганда улар билан кўришгани мутлақо эсидан кўтарилган, ярим беҳуш тарзда сўрашганини эслолмас эди. Унинг бундай ҳолати