Скачать книгу

Ака-сингил тўпни ўйнашга тушибдилар. Шу пайт узоқдан келин либосида Сабина кўринибди. Отаси энди келинини чақира бошлабди. Шу пайт тўп «пақ» этиб ёрилибди.

      БЕШИНЧИ БОБ

      Кеча қўнғироқ Қундузнинг ҳаётга бўлган интилиши, иштиёқини орттирганди. Ҳозир айтилган манзил томон Мустақиллик кўчасидан Филармония биноси томон кетиб борарди. Кеча телефонда Озар муаллим деган киши каттароқ буюртма борлигини айтиб, уни офисига чақирганди.

      Йўл четидаги дарахтларни махсус машинада суғориб юришарди. Қундуз сув фаввораси остида шодон қарсак чалаётган япроқларга тикилиб хаёлга толди. Бутоқда қолган ягона япроқ (!) бу зўр санъат асари бўлиши мумкин-ку? Файласуфлар баъзан инсонни япроққа ўхшатишади. Одам чақалоқ ҳолида туғилади, япроқлар эса куртак кўринишида. Япроқларнинг ҳам худди одамзод сингари мурғаги, ёши, қариси бўлади… Япроқни тўкилиши ҳам инсоннинг ўлимига қиёс… Дарахт худди Ер куррасига ўхшайди. Япроқлар тўкилиб ўрнидан янгиси ўсиб чиққанидек, авлодлар ҳам алмашаверади…

      Мана ўша манзил. Қундуз ичкари кириб, лифт қаршисида тўхтади. Лифтни бироз кутиб тургач, унинг ишламаслигига амин бўлди ва учинчи қаватга пиёда кўтарилди. Кейин керакли эшикка етгач, қўнғироқ тугмасини босди. Ичкаридан «ким» деган овоз келди.

      – Озар муаллим бормилар? Мен рассомман, ўзлари мени чақиргандилар.

      Эшик очилиб, баланд бўйли, қорачадан келган қиз кўринди.

      – Кутиб туринг, олдиларида одам бор.

      Қундуз креслога ўтиргач, аввал стол устидаги журнални олиб варақлай бошлади. Кейин телефонни кўриб, қизга илтижоли термилди:

      – Телефон қилиб олсам майлими?

      – Бемалол, – деди компьютерда қанақадир ўйин ўйнаётган қиз.

      Қундуз яна ўша, ёд бўлиб кетган рақамни терди:

      – Алло, Раёсат муаллимни мумкинми? Келмадиларми? Қачон бўладилар? Билмайсиз? Хўп, раҳмат!

      Қундуз умидсиз шифтга термилди. Хонанинг шифти анча баланд, ўртада кичикроқ чироқ осилганди. Қизиқ бу чироқ шундай катта хонани ёрита олармикин?

      Шу пайт эшик очилиб ичкаридан чиройли бир аёл чиқиб келди. Котиба қиз рухсат сўраш учун ичкарига бош суқди. Бироз ўтиб, «кираркансиз», дея имо қилди.

      Бу хона аввалгисидан ҳам каттароқ эди. Хона тўридаги стол ортида савлат тўкиб ўтирган ёшгина йигитчани кўрди. Нари борса, унга 22–23 ёш бериш мумкин эди. Йигитча у билан қўл учида сўрашиб, ўтиришга жой кўрсатди.

      – Қундуз муаллим, сиз ҳақингизда кўп эшитганман. Бизнинг компаниямиз «Эстетик марказ» деб номланади. Сиз билан ҳамкорлигимиз фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман, аввал ўзингизни яқиндан таништарсангиз…

      – Мен… ниманиям гапираман. Ўзим етмиш саккизинчи йилда туғилганман. Рассомчилик олий мактабини битирганман. Ўн бир ёшимдан расм чизаман. Катта режаларим бор. Буюк шоиримиз Низомийнинг ўлмас ҳикматларини таблоларга кўчирмоқчиман. Бу… биласизми, жуда катта иш бўларди.

      – Билишимча, рассомлар уюшмасига аъзо эмассиз. Доимий иш жойингиз ҳам йўқ. Ҳозир бироз қийналиб қолганингизни ҳам биламан… – Озар қаршисидаги

Скачать книгу