ТОП просматриваемых книг сайта:
Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Читать онлайн.Название Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-373-4
Автор произведения Тохир Хабилов
Издательство SHARQ
– Сенинг сиринг фақат ўзинггагина керак, бошқа одамга сира ҳам керакмас. Модомики, ўз сирингни ўзинг сақлай олмасанг, бошқа киши ўзига мутлақо кераги бўлмаган бу сирни қандай сақлай олади? Агар у сирингни ошкор қилса, бунга таажжуб этишнинг ҳожати бўлмайди.
Табиатда ҳамма нарса ўз хили билан юради. Оққуш қорақушга қўшилмайди. Одамлар гарчи бир хилга ўхшасалар-да, бирининг қалби оққуш, иккинчисиники қорақуш кабидир. Ҳаттоки учар қушлар ҳам ўз шерикларини ажратишни уддасидан чиқар экан, инсоннинг бунга амал қилмоғи мутлақо шартдир. Шу боис шоир дейдики:
Бўлмагил ҳар кимга жонинг бирла, йўлдош ўзгадир,
Айтмагил ҳар кимсага сирингни, сирдош ўзгадир.
“Яхши либос – танга оройиш, яхши ўртоқ – жонга осойиш”, деганларидек, яхши ўртоқни бошқалар орасидан ажрата олиш ҳам ақлга боғлиқ. Ақлли одамлар учун дўстликдан азизроқ ҳеч нарса йўқдир. Дўстлик беғараз бўлмоғи шарт. Лекин дўстлик тилсимларининг калити сирни сақлай билишдадир. Учинчи одам билмаган сир ёйилмайди. Чунки учинчи одам эшитган сир албатта оғиздан-оғизга ўтади ва бунинг олдини олиш мумкин эмас. “Беҳаё дўстликка ярамас, нопок сирдошликка”, деган мақол бор. Тўғри, барчани нопокликда айблаш ёки гумон қилиш ақлдан эмас. Аммо орада шайтон борлигини ҳам унутмай, дўстимизни асраш учун унга сиримизни айтмай қўя қолганимиз минг марта афзал.
Ҳар бир инсоннинг фақат ўзига хос сири бўлганидек, ҳар бир оиланинг ўз сири бўлади. Хотин эрининг хонадони шарафини сақлаши лозим бўлгани каби, сирини ҳам сақлаши керак. Баъзан кузатаман, кўчани супуришга чиққан келин қўшни қизларни кўриб, суҳбатини бошлайди. Суҳбат узоқ давом этади. Мен уларнинг нима ҳақда гаплашаётганларини билмайман (буни эҳтимол сиз биларсиз), лекин киши кўп гаплашганда албатта бирон сирини ошкор қилиб қўйиши аниқ. Қўшни қиз келиннинг гапларини қизиқиш билан эшитади ва… онасига айтади. Сўнг бу гап қайнонанинг қулоғига қайтади. Тўғрими? Қўшни қизга ёки яқин дугонага айтилган оила сири қумга сингган томчи сув каби йўқ бўлиб кетмайди. Ёлғон, ғийбат, туҳмат каби тиканаклар илдизга жон берувчи сув бўлиб сингади.
Келин айрим гапларни оила сири эканини фаҳмламаслиги мумкин. Лекин бу баҳона уни айбловдан қутқара олмайди. Дейлик, қайнсингилга келаётган совчилар келмай қўйишди. Келин бунинг сабабини билмайди. Буни оддий хабар сифатида қўшни қизга гап орасида айтган. Оқибатда гап айланиб-айланиб, совчиларнинг айниб кетишларига келин сабабчи бўлиб қолади. Келин оиласидаги сирни ҳатто ўз онасига ҳам айтиши мумкин эмаслигини шу хонадонга келинсалом билан кириб келишидаёқ аниқ билиши керак.
Халқимизда “Хотинга сир айтма”, деган мақол бор. Бу мақолга амал қилувчи эрлар ҳам бор. Улар хотинга умуман сир айтмайдилар. Лекин бу мақолни айнан, хотиннинг оғзи бўш, унга мутлақо ишонма, деган маънода тушунмаслик керак. Мақолда яширин маъно ҳам бор: эр ҳар қандай сирни айтавериб, хотиннинг ташвишига ташвиш қўшмаслиги керак. Айниқса, эр бошига