ТОП просматриваемых книг сайта:
Тирилиш. Лев Толстой
Читать онлайн.Название Тирилиш
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5841-0-5
Автор произведения Лев Толстой
Издательство ZABARJAD MEDIA
Унинг доктор билан муносабати ҳақида ғийбат гаплар юрарди. Нехлюдов илгарилари бу гапни эсидан чиқариб юборган эди, аммо бугун, у фақат эслабгина қўя қолмади, балки, мой суртиб ялтиратилган соқоли икки томонга ажратиб таралган доктор княгинянинг креслоси олдида турганини кўрганда, боягидан беш баттар нафрати ошди.
Софья Васильевнанинг ёнида, пастаккина юмшоқ диванда Колосов столчадаги қаҳвани қошиқ билан чайқалтириб ўтирарди. Столча устида бир рюмка ликёр бор эди.
Мисси онасининг олдига Нехлюдов билан бирга кирди-ю, лекин бунда ортиқ турмади.
– Ойим чарчаб, ҳайдаб юборса, менинг олдимга боринглар, – деди у Колосов билан Нехлюдовга, ораларидан ҳеч гап ўтмагандек жилмайиб; сўнгра қалин гилам устида оҳиста юриб, хонадан чиқиб кетди.
– Салом, дўстим, қани ўтиринг, нима гаплар бор? – деди княгиня Софья Васильевна худди ростакам кулгига ўхшаш ясама табассум билан. У илжайганда усталик билан ясалган, худди ўз тишига ўхшаш чиройли узун тишлари кўринарди. – Суддан жуда диққат бўлиб қайтибсиз деб эшитдим. Менингча, бу кўнгли бўш одамларга жуда оғирлик қилса керак, – деб қўйди у французчалаб.
– Тўғри, – деди Нехлюдов, – кўпинча ўзингнинг ноҳақлигингни… суд қилишга ҳаққинг йўқлигини ҳис қиласан киши…
Княгиня ҳар вақтдагидек ҳамсуҳбатига хушомад қилиб:
– Gomme с’еst vrai,25 – деб нидо қилди унинг гапи ростлигидан ҳайрон қолгандек.
– Хўш, чизаётган расмингиз нима бўлди, мен жуда қизиқиб қолганман, – деб қўшиб қўйди у. – Агар бедармон бўлмаганимда, аллақачон уйингизга бориб келардим.
– Бутунлай ташлаб қўйдим, – деб қуруққина жавоб берди Нехлюдов. Княгинянинг тилёғламалиги доим яшириб келаётган қарилигидек очиқ-ойдин сезилиб турарди. Нехлюдов хушмуомалалик билан жавоб қайтаришга нечоғлик уринса ҳам, сира уддалай олмади.
– Бекор қилибсиз! Биласизми, унинг қобилияти жуда зўр, буни менга Репин айтган, – деди княгиня Колосовга юзланиб.
«Ёлғон гапиргани уялмайдиям-а», – деб ўйлади Нехлюдов қовоғини солиб.
Софья Васильевна Нехлюдовнинг кайфи бузуқлигини кўриб, Колосовга мурожаат қилди. Унинг янги драма ҳақидаги фикрини сўради. Нехлюдов гоҳ Софья Васильевнанинг, гоҳ Колосовнинг сўзларини тинглар экан, биринчидан, на Софья Васильевнанинг ва на Колосовнинг драма билан ҳам, бир-бири билан ҳам бир чақалик иши йўқлигини кўриб турарди; иккинчидан, у Колосовнинг ароқ, вино, ликёр ичиб олиб маст бўлганини, аҳён-аҳёнда ичадиган мужиклар сингари эмас, балки вино ичишга одатланиб қолган одамлар сингари маст бўлганини пайқаб турарди. У гандиракламас, оғзига келганини гапириб валақламас эди-ю, аммо кайфи ошган,
25
Жуда тўғри (франц.)