ТОП просматриваемых книг сайта:
Тирилиш. Лев Толстой
Читать онлайн.Название Тирилиш
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5841-0-5
Автор произведения Лев Толстой
Издательство ZABARJAD MEDIA
– Парвардигори олам, ўзинг қўлла, йўл кўрсат, менга тавфиқ бер, мени маразлардан пок эт.
У топинар, худодан ёрдам беришни, кўнглини мусаффо қилишни, тавфиқ беришни тиларди, ваҳоланки, у тилаган нарса аллақачон рўёбга чиққан эди. Унинг дилидан жой олган раҳмон онгини уйғотди. Нехлюдов тангрига етишганини ҳис этди, шунинг учун ҳам эркинлик, бардамлик ва ҳаёт завқинигина эмас, балки эзгуликнинг нақадар қудратли эканини ҳис этди. У ўзини инсон қўлидан келадиган ҳар қандай эзгуликка қодирдек ҳис қилди.
У ўзига ўзи шуларни айтар экан, кўзларига ҳам хайрли, ҳам хайрсиз ёш келди; буни шунинг учун ҳам хайрли кўз ёшлари деймизки, Нехлюдовнинг дилида шунча йиллардан буён ухлаб ётган маънавий мавжудотнинг уйғониш шодиёнаси бўлган кўз ёшлари эди. Ўзининг яхшилигидан, фазилатли эканлигидан ийиб кетиб кўзига ёш олгани учун бу хайрсиз кўз ёшлари эди.
У бўғриқиб кетди. Иккинчи тавақаси олиб қўйилган дераза ёнига келди-да, очиб юборди. Дераза боққа қараган эди. Сокин, салқин ва ойдин кеча эди. Кўчада ғилдирагини тарақлатиб арава ўтиб кетди, кейин яна жимлик чўкди. Деразанинг нақ ёнгинасида супуриб тозаланган майдончадаги қум устида баланд, яланғоч терак шохларининг сояси тушиб турарди. Чап тарафдаги омборнинг томи ой нурида оппоқ бўлиб кўринарди. Олдинда, бир-бирига чирмашиб кетган дарахт шохлари орасидан деворнинг қоп-қора кўланкаси кўзга ташланарди. Нехлюдов ой нурига чўмган боққа, томга, терак соясига қарар ва ўпкасини тўлдириб салқин ҳаводан сўлиш оларди.
«Қандай яхши! Э, Парвардигори олам, нақадар яхши!» – дерди у кўнглидан кечаётган нарсалар ҳақида.
XXIX
Маслова уйга, камерага кечқурун соат олтида, ҳориб-чарчаб, тош йўлдан ўн беш чақирим пиёда юрганидан оёқлари зирқираб, кутилмаганда чиққан бундай қаттиқ ҳукмдан кўнгли вайрон бўлиб, бунинг устига қорни оч ҳолда қайтиб келди.
Танаффусларнинг бирида соқчилар унинг ёнида нон билан пишган тухум ейишаётганда, оғзининг суви келиб, қорни очганини ҳис этди-ю, лекин улардан тилаб олиб ейишга ор қилди. Орадан уч соат ўтгандан кейин иштаҳаси бўғилиб, бўшашиб кетаётганини ҳис қилди. Шу аҳволда экан, у сира кутмаган ҳукмни ўқиб эшиттиришди. Бошда у янглиш эшитган бўлсам керак, деб ўйлади, қулоқларига ишонмади, ўзини каторгачи бўлишини ақлига сиғдира олмади. Аммо судьялар, маслаҳатчилар ҳукмни табиий бир нарсадек хотиржам тинглаб ўтиришганини кўриб, ғазаби қайнади ва гуноҳи йўқлигини айтиб, қичқириб юборди. Лекин бақирганини ҳам табиий, кутилган бир нарсадек қарши олишганини, фойдаси йўқлигини сезиб, бу шафқатсизликка ва уни ҳайратга солган адолатсизликка итоат этиш кераклигини ҳис қилиб, йиғлаб юборди. Кекса эркаклар эмас, ҳамма вақт унга мулойимгина қарайдиган ёшгина эркакларнинг аямай қоралаганлари Масловани айниқса ҳайратга соларди. Биттасини – прокурор ёрдамчисини у бутунлай бошқача кайфиятда эканини кўрди. Катюша суд бўлишини кутиб маҳбуслар хонасида ўтирганида, мажлислар орасидаги танаффус пайтларида