Скачать книгу

шошиб-пишиб кийиниб; сўнгра раис билан олдинма-кейин чиқиб кетди.

      Улар қуёш нурига ғарқ бўлган кўчага чиқишди, тош қўчада ғилдиракларнинг тарақ-туруғидан қаттиқ-қаттиқ гаплашишга тўғри келди.

      – Жуда ғалати ҳол, – деб гапида давом этди раис овозини баландроқ чиқариб, – Маслова учун атиги икки йўл бор эди: Ё, қамалиш – бу оқланиш билан баравардир, зеро, шу кунгача қамоқда ўтиргани ҳам ўша ҳисобга кирарди ёки бўлмасам каторга – бошқа йўл йўқ. Агарда сиз, «Жонига қасд қилган эмас», деган сўзларни қўшганингизда эди, у оқланиб кетарди.

      – Афсус, минг афсуски, билмабман, – деди Нехлюдов озорланиб.

      – Ҳамма гап шунда-да, – деди жилмайиб раис, соатига қарар экан.

      Клара белгилаган сўнгги муҳлатга чорак кам бир соат қолган эди.

      – Агар истасангиз, адвокатга мурожаат қиласиз. Ҳукмни бекор қилдириш учун баҳона топиш керак. Баҳона ҳамма вақт топилади. Дворянская кўчасига ҳайда, – деди у извошчига, – ўттиз тийин. Ҳеч қачон ортиқ тўламайман.

      – Марҳамат жаноб олийлари.

      – Хуш қолинг. Агар керак бўлиб қолсам, Дворянская кўча, Дворниковнинг уйи деб сўрайсиз, эсда олиб қолиш осон.

      Шундай деб у мулойимгина хайрлашиб, жўнаб кетди.

      XXV

      Раис билан суҳбати ва соф ҳаво Нехлюдовни бир оз тинчитди. Энди у, боядан бери тортган ташвишим, одатдан ташқари шароитда кунни кеч қилганимдан бўлса керак, деб ўйлади.

      «Жуда қизиқ ва ғалати учрашув бўлди-я! Унинг аҳволини енгиллаштириш учун қўлимдан келганини аямаслигим, тезроқ ёрдам беришим керак. Ҳозирнинг ўзидаёқ ишга киришиш лозим. Шу ерда, судда, Фанарин ёки Микишиннинг уйи қаердалигини билиб олиш зарур». У иккита машҳур адвокатни эслади.

      Нехлюдов суд идорасига қайтиб келди, пальтосини ечди-да, юқорига чиқди. Биринчи йўлакдаёқ Фанаринга дуч келди. Нехлюдов уни тўхтатди-да, иши борлигини айтди. Фанарин уни яхши танир экан, хизматга тайёрлигини билдирди.

      – Жуда чарчаганман… агар кўп вақт олмайдиган бўлса, марҳамат қилиб айта қолинг, юринг бу ёққа.

      Фанарин Нехлюдовни қандайдир бир хонага бошлаб кирди. Бу бирор судьянинг кабинети бўлса керак. Улар стол ёнига ўтиришди.

      – Хўш, хизмат?

      – Аввал сиздан бир нарсани илтимос қиламан, – деди Нехлюдов, – бу ишга аралашганимни ҳеч ким билмасин.

      – Бу жиҳатдан ташвишланманг. Хўш…

      – Бугун мен судда маслаҳатчи сифатида қатнашган эдим. Ҳаммамиз бир бўлиб бир хотинни бегуноҳдан-бегуноҳ каторгага ҳукм қилиб юбордик. Шу воқеа мени жуда қийнаяпти.

      Нехлюдов ўзи ҳам кутмаганда тўсатдан қип-қизариб кетиб, сўз тополмай қолди.

      Фанарин унга ялт этиб қараб қўйди-да, яна ерга кўз тикиб, тинглай бошлади.

      – Хўш, – деб қўя қолди у.

      – Бегуноҳдан-бегуноҳ кесилиб кетди. Мен ҳукмни бекор қилдиришни, ишни юқори идораларга оширишни истардим.

      – Сенатга, – деб тузатди Фанарин.

      – Шу ишни зиммангизга оларсиз деб умид қиламан.

      Нехлюдов ишнинг энг нозик томонини тезроқ бир ёқлик қилиб юборишни

Скачать книгу