Скачать книгу
бошдан-оёқ шўнғиб кетган бўлсангиз керак, деб ўйладим. …Сиз ишонмайсиз: бу китобни бултур ўқиб чиққан эдим. Лекин фикрларим бир ерга тўхтамагани, кўп нарсаларда ўзим ҳам иккиланиб юрганим учун сизга ёзмаган, ёзишга ҳали эрта деб ўйлаган эдим. Ёзда ишлар орасида бу китобни яна қўлга олдим. У иш столимнинг доим кўз тушадиган жойида турарди. Кабинетимга кирсам ҳам, чиқсам ҳам унга кўзим тушади. Негадир безовта бўламан. Иккиланаман. Фикрларим бир жойга жам бўлиб тўхтамаётганидан қийналаман. Ажаб, китоб ўқиб ҳеч қачон бундай мушкулписанд аҳволга тушиб қийналиб юрмаган эдим. Каттагина бир жилд ҳикояларни оз эмас, кўп эмас, бутун ёз бўйи ўқидим. Битта-иккита ҳикояни ўқийману ўйга толаман. То ўқиганимни англаб, тушуниб етмагунча, ўзимча мағзини чақмагунимча бошқасига ўтолмайман. Фикр ғужғон ўйнаб ўрнимдан туриб кетаман. Сунбула киришига бу ерларга канда қилмай етиб келадиган кўк-зангори қушлар – кўкқарға (куркулдак)ларнинг куркиллашларига қулоқ тутаман. Боғимиз этагидаги ўтлоқдан уларнинг дам-бадам қалин ўт орасига шўнғиб бир зумда чигиртка овлаб чиқиш санъатларига термилиб тураман. Кўкқарғалар тутган чигиртка ё ўргимчакларини ўтлар орасида емайдилар, симёғочларга тортилган баланд симларга пир этиб кўтарилиб, у ёқ-бу ёққа қараб олгач, сўнг хотиржам ўлжаларини уч-тўрт ямлаб ютадилар. Бир зум маст бўлиб куркиллаб ўтирадилар, сўнг яна ёвшон ва эрманлар орасига шўнғийдилар. Мен эса «Онам, жияним, мен», «Кўчиш», «Ҳашарчилар», «Алам» деган ўқиган ҳикояларим таассуротлари ичида, уларни ўйлаб ўтираман. Ана энди сиз мен кимнинг ҳикоялари ҳақида сўйлаётганимни, қандай ҳикоялар мени ўртаётганлигини сездингиз. Домла! Шунда сиз кўз ўнгимда гавдаландингиз. Ҳа, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикоялар жилдини ўқиётган экансиз-да, биродар.
Боядан бери нега гапнинг даромадини бунча сирли қилиб айлантираётганингизни мана энди тушундим. Э, биродар! Ахир булар «Ямоқчи кўчди» усулида ёзилмаган-да, шунинг учун уларнинг мағзини чақишга қийналиб кетгансиз! – деб кулимсираётгандай бўлдингиз. Лекин домла, «ямоқчи кўчди» деганингиздан кейин бирдам фикрим ярақлаб очилиб кетди. Мени қийнаётган нарса: ҳикояларнинг кутилмаган томонлари, ғайрифавқулоддаликлари, десаммикан. Лекин домла, гапнинг очиғи, бундай катта ҳикоялар китоби ёзиш ҳар кимга ҳам насиб бўлавермаган. Чехов, О’Генри, Фозил Искандар, Саид Аҳмад, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султон, Ўлмас Умарбеков – эсимга ҳозир келганлар шулар – жилд-жилдлаб ҳикоялар ёзган адиблар. Ҳатто Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом каби анъанавий ҳикоя усталарининг ҳикоя жилдлари бунчалар катта эмасдиров дейман. Лекин сиз дарров, қўйинг, Камолиддин, ука, гап ҳажмда эмас, дейсиз. Гап бадиий изланишларнинг салмоғида. Бу рост. Лекин, Домла, «Беозор қушнинг қарғиши» деб номланган жилднинг ниҳоят охирига етдиму биринчи фикрим: «Ҳикоя деган жанр бунчалар ўзгариб кетибди» – бўлди. Мен олдин «Хотира ва кайфият манзаралари. Муаллиф ва муҳаррир суҳбати» деган китоб бошига берилган «суҳбат»ни нечукдир ўқимаган, тўғри ҳикояларнинг ўзидан бошлаб кетаверган эканман. Ҳикоялар ҳақида суҳбат
Скачать книгу