Скачать книгу

кўмагида Ҳурмамат тракторчи сўридан тушди. Сўрида бўшаган ароқ шишалари, бурдаланган нонлар, колбасалар қолди. Улар ҳали машинага етиб боришмагандики, оч қанжиқ бир ирғиб сўрига чиқди ва чапиллатиб, нон, колбасаларни ютоқиб томоғидан ўтказа бошлади.

      Тунги соат ўн бирлар чамасида икки мастни “Жигули” машинасининг орқа ўриндиғига ўтирғизиб олган Раҳмонали шаҳарнинг иланг-биланг тор кўчалари бўйлаб олиб юриб, ниҳоят, Учқуннинг дарвозаси ёнида машинани тўхтатди. “Сизлар жим ўтириб туринглар, мен ҳозир” деб, зулфланмаган эшикдан ичкарига кириб кетди. Учқун ухламаган экан. Раҳмоналини кўриб, унинг юзига илжайиш кўчди.

      – Ҳа, ит қувлаган соқовдек ўпкангни қўлтиқлаб келяпсан, тинчликми? – деб сўради у. – Меҳмонни Бўтаникига жойладингми?

      – Қайда, ана машинада ўтирибди. Бўтани акаси Ҳурмамат деганиям бор. Қипқизил маст.

      – Нима? Маст?

      – Ҳа, маст.

      – Қаерда ичирдинг?

      – Мен ичирганим йўқ… Меҳмонларинг асли қипқизил алкаш, хотинбоз экан-у!..

      – Йўғ-э, ундақа гапларни гапирма! Кундузи, пешин намозидан олдин масжиддаги бир тўп оқсоқолларга масала айтиб йиғлатди-ку? – дея ҳайратланди Учқун. – Хўп, бир бошдан гапир-чи?

      – Кундузи Бўта билан меҳмонни олиб кетдим, тўғрими? – деб, Раҳмонали ўшандан кейинги воқеалар тафсилотини бир-бир пичирлашишди-да, Бўта уйига кирди-кетди. Меҳмонни Ҳурмамат акаси бир дам олдириб, маишат қилайлик деб, қаердаги бир дала шийпонига бошлаб борди. Йўлда магазиндан бир кило колбаса, икки дона ароқ, яна алламбалоларни олганди. Кир тўшакларни солиб, сўрида ўтиришиб, роса отамлашишди иккови, дея ҳангома қилгач: – Энди иккаласиям қипқизил маст! – деди. – Жамол ҳожини кўнгли ўрис қизларни тусаб қолганмиш…

      Раҳмоналининг гапларини эшитаётиб, Учқуннинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. У Раҳмоналининг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмаётганди. Учқун нима қиларини билолмай, уйнинг у бошидан-бу бошига тез-тез қадамлар билан бориб кела бошлади. Ниҳоят:

      – Хўп, ундай бўлса, нега бу ерга олиб келдинг? – деб сўради у жаҳлланиб. – Нима, мен сенга қўшмачиманми? Ё уйимда исловотхона очганманми?

      – Хўш, қаерга олиб борай? Наманган шаҳрини билмасам, қаерда нима, ким борлигини?.. – деди Раҳмонали қизишиб. – Менга сенинг ёрдаминг керак.

      Учқун бир жаҳлланди, бир кулди, ниҳоят, қўлини юқорига кўтариб: “Во!” деди-да, нариги хонага кириб кетди. Дам ўтмай, кимгадир телефон қила бошлади. Аввал баланд овозда, сўнг паст овозда гаплашгач, қайтиб чиқди.

      – Ҳаммаси жойида, – деди у кулиб. – Талабдан рухсат олдим. Хуллас, ҳозир машина келади, икковини ўша машинага чиқариб юборамиз. Шаҳарнинг ўзлари истаган жойига олиб бориб қўйишади, эрталабгача қолишади, тамом-вассалом.

      – Эй, ўйлаяпсанми, ахир биттаси арабистонлик меҳмон бўлса, иккинчиси Бўтани акаси бўлса!.. Мен уларни олиб кетган бўлсам. Эрталабгача бирон кор-ҳол бўлса, мен жавоб бераманми? – деб очиқчасига аччиқланди Раҳмонали.

      – Ундай бўлса, сен ҳам бирга бор. Фақат эрталабгача уларнинг бошларидаги бир тола соч ҳам тўкилмаслигига мен

Скачать книгу