ТОП просматриваемых книг сайта:
Ахлоқи кабир. Аристотель
Читать онлайн.Название Ахлоқи кабир
Год выпуска 0
isbn 978-9943-27-724-3
Автор произведения Аристотель
Издательство Kitobxon
Трагедиянинг турлари тўртта (қисмлари ҳам шунча деб кўрсатилган эди): 1) мураккаб тўқимали трагедия, бунда ҳамма нарса кескин ўзгариш ва билиб қолишга асосланади; 2) изтироблар трагедияси. Аянт ва Иксион ҳақидаги асар каби; 3) характерлар трагедияси. «Фтиотидалар», «Пелей» каби; 4) ажойиботлар трагедияси. «Форкидалар», «Прометей» ва воқеалари Аидда юз берадиган барча трагедиялар ҳам шу турга киради. Энг яхшиси, мана шу хусусиятларнинг ҳаммасини бириктиришдир, агар бунинг иложи бўлмаса, айниқса, шоирларга ноҳақ ҳужум бошланган ҳозирги пайтда бу хусусиятларнинг кўпроғи ва муҳимроғини танлаш керак. Илгарилари трагедиянинг ҳар қандай соҳаси бўйича (устод) шоирлар бор эди, ҳозир эса бир шоирдан уларнинг ҳаммасини орқада қолдиришни талаб этишяпти.
Биз трагедияларни ривоят (тузилиши)га қараб турли хил ёки бир хил дейишга ҳақлимиз. Яъни тугун ва ечим бир хил бўлгандагина трагедияларда ҳам бирхиллик юзага келади. Баъзи (шоир)лар тугунни яхши тугишади, бироқ ечимни уддалай олишмайди, ҳолбуки, иккаласига ҳам моҳир бўлиш керак.
Аввал ҳам неча қайта таъкидланганидек, эпик таркибли (яъни кўп ривоятлардан ташкил топган) трагедиялар ёзиш керак эмаслигини унутмаслик керак. Масалан, бирон-бир шоир томонидан трагедия учун «Илиада» ривоятини яхлитлигича қамраб олиш ўринсиздир. Эпосда умумий кенглик бўлгани учун ҳар бир қисм ўзига яраша ҳажмга эга бўлади. Драмаларда эса шоир ўйлаганидай бўлмайди. Қанчадан-қанча шоирлар «Илионнинг қулаши»ни ёки «Ниоба»ни тўлиғича кўрсатишга интилиб, муваффақиятсизликка учраши, мусобақаларда енгилиши бунинг исботидир. Ҳатто Агафон ҳам фақат шу сабабдан муваффақиятсизликка учради. Фақат Эврипид «Илионнинг қулаши»ни, Эсхил эса «Ниоба»ни қисм-қисм қилиб кўрсатганлари учун муваффақият қозондилар ва мусобақаларда енгиб чиқдилар. Ҳолбуки, ана шу (трагик шоир)лар фожиийликни ва (ҳеч бўлмаса) одамийликни кескин ўзгаришлар – перипетиялар ва оддий воқеалар орқали аъло даражада кўрсата олар эдилар. (Одамийлик деганда Сизиф каби ақлли, лекин нуқсонли одамнинг алданиши ёки жасур, лекин адолатсиз кишининг енгилиши кўзда тутилади. Чунки униси ҳам, буниси ҳам эҳтимолликдан узоқ эмас. Агафон айтгандай, «кўпгина ғайритабиий нарсаларнинг ҳам юз бериши табиийдир».)
Хорни ҳам актёрлардан бири деб ҳисоблаш керак. Хор яхлит нарсанинг бир қисми бўлиб, воқеада Эврипиддагидай эмас, балки Софоклдагидай қатнашуви лозим.