ТОП просматриваемых книг сайта:
Уч мушкетёр. Александр Дюма
Читать онлайн.Название Уч мушкетёр
Год выпуска 0
isbn 978-9943-08-894-8
Автор произведения Александр Дюма
Издательство Kitobxon
– Мен сизга ишонаман, ишонаман, тақсир! Сизга худди шундай демоқчи эдим. Бонасе шаънига онт ичаманки, мен сизга тўла ишонаман.
– Бу ҳолда давом этинг-да, ҳамма гапни охиригача сўзлаб беринг.
Меҳмон чўнтагидан бир варақ қоғоз олиб, уни д’Артаньянга узатди.
– Мактуб! – хитоб қилди ёш йигит.
– Бугун эрталаб олинган.
Д’Артаньян уни очди-да, қош қорая бошлагани сабабли деразага яқинлашди, Меҳмон унга эргашди.
«Рафиқангизни қидирманг, – деб ўқиди д’Артаньян. – ҳожати қолмагандан кейин уни сизга қайтарадилар. Қидиришга заррача уринган ҳолда хароб бўласиз».
– Лоақал шуниси равшан бўлди, – деди д’Артаньян. – лекин, бу пўписа, холос-ку, ахир.
– Ҳа, лекин, бу пўписа мени даҳшатга солмоқда. Мен ахир ҳарбий одам эмасман, тақсир, ҳам Бастилиядан қўрқаман.
– Ҳим… Мен ҳам Бастилияни сиздан ортиқ ёқтирмайман. Гап қилични ишга солиш ҳақида борганда – бошқа гап эди.
– Мен бўлсам бу ишда сизга роса ишониб ўтирибман!
– Наинки?
– Сизни доим шундай шукуҳли мушкетёрлар даврасида кўриб, улар жаноб де Тревилнинг мушкетёрлари, бинобарин, жаноб кардиналнинг душманлари бўлишини билганим ҳолда, мен сиз билан дўстларингиз шўрлик қироличамизнинг ёнини олади, шу билан бузрукворга қалтис ҳазил қилиб, кайфи чоғ бўлади, деб ўйлабман.
– Албатта.
– Сўнгра мен ўйладимки, модомики, сиз уч ойлик ижара ҳақига қарздор бўлсангиз мен ҳам сизга буни миннат қилмаган эканман…
– Ҳа, ҳа, сиз бу баҳонани кўрсатиб бўлдингиз, мен уни асосли топдим.
– Бундан ташқари, марҳамат қилиб, уйимда қанча истиқомат қилсангиз-да, келгусида ҳам ижара ҳақи тўғрисида оғиз очмасликни кўзлаб…
– Жуда яхши.
– Мен бундан ташқари, эҳтимолга хилоф равишда, андак камхарж бўлсангиз, сизга бирон эллик пистол тақдим этиш ниятидаман…
– Жуда соз! Демак, сиз бадавлат экансиз-да, жаноб Бонасе?
– Мен ўзимга тўқ одамман, десам ҳақиқатга яқинроқ. Атторлик моллари билан савдо қилиб, йилига бир-икки минг экю даромад бергудек сармоя жамғардим. Бундан ташқари, машҳур денгиз сайёҳи Жан Мокенинг сўнгги сафарига бир мунча пул қўшдим. Хуллас, ўзингиздан қолар гап йўқ, тақсир… Лекин, бу нима гап? – ногоҳ қичқириб юборди жаноб Бонасе.
– Нима? – сўради д’Артаньян.
– У ёқда, у ёқда…
– Қаёқда?
– Кўчада, деразангиз қаршисида, кираверишда! Ридога бурканган киши.
– Бу ўша! – ҳар бири ўз душманини таниб, д’Артаньян билан Бонасе иккиси баб-баравар қичқириб юборишди.
– А, бу дафъа, – хитоб қилди д’Артанян, – бу дафъа мендан қутулиб бўпти!
Кейин у қиличини суғуриб, хонадан югуриб чиқиб кетди.
Зинада у ўзиникига келаётган Атос ва Портос билан тўқнашиб кетди. Улар ўзларини четга олиб, йўл бергач, д’Артаньян уларнинг орасидан ўқ мисол ўтиб кетди.
– Қаёққа