Скачать книгу

бошқаларга дардисар бўляпман, деб ҳисобларди. Унинг жонсарак ақли фаол ишлаб кетди. У тўрт нафар ёш, жасур, топқир ва қатъий ижодкор кишилар иттиҳоди ўз олдиларига сармаст алфозда сайр қилишлар, қиличбозлик машғулотлари-ю, бир нав ўткир ҳазиллардан бўлак мақсад қўйиши лозим эди, деган хулосага келди.

      Дарҳақиқат, улар сингари тўрт киши, бир-бири учун ҳамёнидан тортиб, жонигача фидо қилишга тайёр, бир-бирини ҳамиша қўллаб-қувватлагувчи, ҳеч қачон чекинмасдан ҳамжиҳат чиқарилган ҳар қандай қарорни бирга ёки тарқоқ амалга оширгувчи тўрт киши, ҳар қандай душманга бирга ёки тарқоқ таҳдид қилувчи тўрт муштум ошкор ёки пинҳонми, тик ёки эгри йўл биланми, ҳийла ёки куч биланми, мўлжалланган ният сари у нечоғлик олис бўлмасин, у нечоғлик устувор қўриқланмасин, муқаррар йўл очиши лозим эди. Д’Артаньянни фақат бу нарса аллақачонлар дўстларининг ақлига келмагани таажжубга соларди.

      У Архимед ричагига таянгандай дунёни остин-устун қилиш мумкин бўлган восита бўлмиш – бунга у шубҳа қилмасди – бу ғаройиб, тўрт карра зўрайган куч қай йўлга солиниши зарурлиги устида бош қотириб, бу ҳақда, ҳатто жуда астойдил мулоҳаза қилиб турган эди, қўққис эшик журъатсиз тақиллаётгани эшитилиб қолди. Д’Артаньян Планшени уйғотиб, эшикни очишни буюрди.

      Китобхон бу – «Планшени уйғотиб» – деган сўзлардан тун бўлибди-ю, ҳали тонг отмабди, деб хулоса чиқармасин тағин. Бўлмағур гап. Соат эндигина тўртга занг урган. Икки соат илгари соҳибининг ҳузурига овқат беришини илтимос қилиб келганда унга «Ухлаганинг – овқат еганинг» деб мақол билан жавоб қилган эди. Планше ҳам овқатнинг ўрнини уйқу билан босган эди.

      Планше хонага кўримсиз кийинган, афтидан, шаҳарлик кишини олиб кирди.

      Планшенинг десерт ўрнида гап нима устида кетишини жуда билгиси келарди, лекин, меҳмон сир сақлашни талаб этадиган муҳим масала юзасидан гаплашиб олиши зарурлигини маълум қилди.

      Д’Артаньян Планшени чиқариб юборди-да, меҳмонни ўтиришга таклиф этди. Ўртага сукут чўкди. Мезбон ва меҳмон гўё бир-бири ҳақида олдиндан тасаввур ҳосил қилмоқчидай бир-бирига тикилишарди. Ниҳоят, д’Артаньян эшитишга тайёрлигини билдириб, таъзим қилди.

      – Менга жаноб д’Артаньян ҳақида мард йигит сифатида гапиришган эди, – деди меҳмон. – У муносиб равишда қозонган бу шуҳрат мени унга ўз сиримни ишонишга ундади.

      – Гапиринг, тақсир, гапиринг, – ишдан аллақандай фойдаларнинг дараги келаётганини илғаб, деди д’Артаньян.

      Меҳмон яна бир зум жим қолди-ю, сўнгра давом этди:

      – Рафиқам қироличада кийим-кечаклар бошқарувчиси бўлиб хизмат қилади. У гўзал ва оқила аёл. Мени унга уйлантириб қўйганларига мана уч йилча бўляпти. Гарчи, сепи катта бўлмаса ҳам, қироличанинг маҳрами жаноб де Ла Порт унинг чўқинтирган отаси бўлади, ҳам унга валинеъматлик қилади.

      – У ёғи-чи, тақсир, у ёғи нима? – шоширди д’Артаньян.

      – У ёғи эса… – деди меҳмон, – у ёғи шуки, рафиқамни кеча эрталаб кийим-кечак омборидан чиқаётган пайтда ўғирлаб кетишибди.

      – Рафиқангизни

Скачать книгу