ТОП просматриваемых книг сайта:
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл
Читать онлайн.Название Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Год выпуска 0
isbn 978-9943-27-255-2
Автор произведения Артур Конан Дойл
Издательство Kitobxon
Дўстимнинг бунақа қизишиб гапирганини жуда кам кўрганман.
– Ахир қонун бор-ку, – деб эътироз билдирдим. – Демак, бу одамнинг ҳам танобини тортиб қўйиш мумкин.
– Назарий жиҳатдан мумкин, лекин амалда мумкин эмас. Уни бир неча ойга қаматган аёл нима манфаат кўрарди дейсиз: ахир у малъун қамоқдан чиққан заҳоти бечора аёлнинг бошини ейди-ку! Милвертоннинг домига илинган шўрпешона унинг зарбасини қайтаришга журъат эта олмайди. Агарда у бирон марта бегуноҳ одамни товлаганида эди, ана унда чинакамига уни тузоққа илинтирсак бўларди, лекин у худди шайтондек айёр. Йўқ, йўқ, унга қарши курашиш учун бошқа усулни ўйлаб топиш керак.
– У нега келмоқчи бу ерга?
– Обрў-эътиборли бир хоним менга ўзининг кулфатли ишини топширди. Бу – ўтган мавсумдан бошлаб жамоа орасида кўрина бошлаган Лондондаги энг латофатли қиз леди Ева Брэкуэл. Яна икки ҳафтадан кейин бу ледининг герцог Доверкор билан никоҳ тўйи бўлиши керак. Лекин анави касофатнинг қўлига хонимнинг камбағал бир заминдор йигитга эҳтиётсизлик билан, ҳа, ҳа, Уотсон, фақат эҳтиётсизлик билан ёзган бир неча мактуби тушиб қолган. Никоҳни бузиш учун шу мактубларнинг ўзи кифоя. Агар леди талаб қилинаётган йирик миқдордаги пулни Милвертонга бермаса, у ўша мактубларни герцогга жўнатади. Менга ана шу товламачи билан учрашиб, у билан битим тузиш топширилган.
Шу пайт кўчадан от туёқларининг ва файтон ғилдирагининг тарақлаши эшитилди. Деразадан қараб, бир жуфт тўриқ от қўшилган ғоят ҳашаматли каретани кўрдим; карета томига ўрнатилган фонуснинг ёруғ шуъласи зотдор жониворларнинг ярақлаган сағрисида товланарди. Хизматкор каретанинг эшигини очди, ундан эгнига қоракўл ёқали пальто кийган, паст бўйли бақалоқ бир одам тушди. У бир дақиқадан кейин хонамизга чиқиб келди.
Чарльз Огастес Милвертон эллик ёшлар чамасидаги, калласи катта, кўринишидан фаросатли одам эди; унинг соқол-мўйлови олинган, сохта жилва қотиб қолган юзи юм-юмалоқ ва лўппи, ўткир қўй кўзлари олтин гардишли кўзойнаги орқали одамга қаттиқ тикиларди. Агарда унинг табассуми худди ёпиштириб қўйилгандек сохта, кўзлари олазарак ва совуқ бўлмаганда бу одам Пиквик8 ни эслатарди. Овози биринчи қарашда оқкўнгил бўлиб кўринган бу одамнинг ташқи қиёфаси сингари мулойим ва ёқимли эди: у Холмсга яқин келиб, дўмбоқ қўлчасини узатаркан, биринчи ташрифида бизни учрата олмаганидан таассуф қилди.
Холмс
8
Пиквик – Чарльз Диккенс романининг қаҳрамони.