Скачать книгу

title>

      РУСТАМНИНГ ОХИРГИ КУНДАЛИГИДАН

      Куз ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди. Оёқ остида касалманд хазонлар инграйди… Эрта баҳордан бўтана бўлиб, шоша-пиша, қирғоғига сиғмай оққан ариқлар тиниқлашади. Шунча уринишлари зое кетганини тушуниб, оламга маъюс боқади… Энди сув тубида шодон чайқалган майсалар эмас, хазон кўмилиб ётади… Еру кўкни кафандек оппоқ туман чулғайди. Оқзулмат орасидан қарғаларнинг хосиятсиз фиғони эшитилади.

      …Эрта-индин осмонга мотам либосини кийган булутлар чиқади. Ер устида узоқ чарх урадида, аччиқ-аччиқ кўз ёши тўкади. Сим-сим ёмғир ёғади: тўрт кунлик умрида дунёга сиғмаган, охир-оқибат жон таслим этган табиатга аза очиб, унсиз йиғлайди…

      Мен неча ёшга чиқдим ўзи? Йигирма иккига?! Йўғ-э, ахир мен етмиш иккидаман-ку! Балки саксон иккидадир? Нима фарқи бор?! «Донолар ҳаётни кузатурлар жим…»

      ҚУРБОНОЙ ХОЛАНИНГ ҲАР КУНГИ ТАШВИШЛАРИ

      Биқини ачишиб уйғонди. «Худойим, ўзингнинг раҳминг келсин», – деди пичирлаб. Эски дарди яна қўзғади шекилли. Тўрт йилдирки, аҳвол шу. Сал оғирроқ иш қилса, ёқмасроқ овқат еса, тамом: ўнг кўкрагининг таги симиллаб оғрийди.

      Бодрингдек бир нарса биқинига ботиб, тўсатдан санчиқ киради. Охири оғзи тахирланиб, кўнгли беҳузур бўлади. Қайт қилади.

      Умида уч-тўрт марта қўлидан судрагудек бўлиб дўхтирхонага олиб чиқди. Дўхтир хотин: «Меъдангиз айниган, хола, гастрит бўлгансиз», деб қўя қолди. Баннисага ётқизишга ордер керак экан. Ордер йўқ эмиш… Ёзда касали зўриқиб кетди. Шунақанги азоб бердики, худоё тавба, бундан кўра ўнта туққан афзал. Умида у ёққа югуриб, бу ёққа югуриб ордер топди. Ўн олтинчи баннисага, олти кишили палатага жойлаштирди.

      Дўхтирлар ҳам ўлмасин! Хўп антиқа асбоблар ўйлаб чиқарибдими, барака топгурлар! Чалқанча ётқизиб қўйди-да, қорнига мой суриб, қўлидаги асбобини у ёққа юргизди, бу ёққа юргизди. Икки кўзи телевизорда. «Ошқозонингизда касал йўқ хола, – деди ниҳоят – Ўтқопчангизда тош бор. Ғиж-ғиж тош». Худойимдан ўргилай! Бандасига атаган дардиям кўп экан-да! Тош қаёқдан келади? Атайлаб тош емагандир, ахир! «Операция қилиш керак, хола – деди дўхтир – Бошқа иложи йўқ».

      Апарайса қилармиш! Айтишга осон. Аслида-ку, ҳар кимнинг жони Худонинг омонати. Эртами-кечми олади омонатини. Боринг ана тиғнинг тагидан омон-эсон қутулиб чиқди ҳам… Бир йилгача яримжон бўлиб юрадими? Кўчани ким супуради? Бир эмас, иккита тўрт қаватли «дўм»нинг зинасини ким ювади? Тағин нима дейди, денг? «Сизга энгашиш мумкин эмас, хола. Ишингизни ўзгартиринг», эмиш. Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи биларкан-да.

      Қурбоной хола бўйнидан ачом қилиб ётган неварасини уйғотиб юбормаслик учун секин қаддини ростлади. Уй ичи шам ҳидига тўлган эди. Кеча чироқ ўчиб қолгани, янги қўшни – Шаҳнозадан шам олиб чиққани эсига тушди. Нимқоронғида пайпаслаб, боланинг бутига қўл юборди: қупқуруқ. Мана, сийиб қўймабди-ку! Шу… Умидаям хў-ўп тепсатабранмас чиқди-да. Кап-катта бола ҳар куни сийиб қўяди, деб нолигандан кўра ётар чоғи қовуғини жиндай ёғлаб қўйсаку, олам гулистон!

      Нариги девор тагидаги каравот ғирчиллади. Қизчасини қучоқлаб ётган Умида овоз берди:

      – Чой қўйиб кетинг, ойи! – Шундай деди-ю, бошига кўрпа тортди.

      Қурбоной хола индамай ошхонага чиқди. Ўлсин! Чироқ ҳалиям келмабди. Ваннахонага ўтиб шошилмай таҳорат олди. Газга чой қўйиб, уйга қайтиб кирди. Бомдодни ўқиди. Ўтганларга Аллоҳнинг раҳматини, қолганларга имон тилади. Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан асрашни сўраб, юзига фотиҳа тортди.

      Қоронғи ошхонада бир бурда нон кавшаб, чой ичган бўлди. Йўлакдаги илгакда осиғлиқ турган пахтали чопонини кийиб, бошига пахмоқ рўмол ўради. Биқини тағин ачишиб оғриди. Бирпас иккиланиб турди-да, чопонини ечди. Тағин уйга кирди. Тимирскиланиб сандиқ очди.

      Қитир-қитирдан Умида қайта уйғониб кетди шекилли, норози тўнғиллади:

      – Ҳеч тинчимас экансиз-да!

      – Болаларни вақтида олиб бормасанг, боғча опаси киргизмийди, – деди Қурбоной хола ўзини оқлаган оҳангда.

      Сандиқнинг бир бурчидан эски шарф топди. Тўркўйлаги устидан кўкрагига танғиди. Йўлакка чиқиб тағин чопонини кийди. Рўмол ўради. Ваннахонада турган пақирни тарақлатиб юбормаслик учун ҳалқасидан оҳиста кўтарди. Бандига узун таёқ тиқилган супургини қўлтиққа қистириб, қоронғи зиналардан пастга тушди.

      Ойнаси синган ташқари эшикни очиши билан юзига муздек ҳаво урилди. Қор ёғяпти шекилли! Йўқ, туман тушибди. Қуюқ туман. Еру осмон оқиш, хира пардага ўраб ташлангандек. Қизиқ, ҳамма нарса телба-тескари кўринади. Ўн қадам наридаги бақатеракдан кўра икки четидаги симёғочларда чироқлар ёниб турган кўча яқинроқ туюлади. Кўчадан ўтаётган сийрак машиналар нур елпиғичи билан туманни ёриб имиллайди. Қурбоной хола бир қўлида пақир, қўлтиғида супурги билан уйни айланиб ўтаётганида «дўм» чеккасидаги бақатерак тагида шарпа кўрингандек бўлди. Тўхтаб, ўша томонга қараган эди, шарпа терак орқасидан силжиб ажралдида, шатир-шутур хазон босиб, туманлик қўйнига сингиб кетди. Қурбоной хола шарпа бошига ёш болаларникига ўхшаган чўққисимон телпак кийганини ғирашира илғади-ю, йўлида давом этди. Аввал магазин томондаги йўлкани супуриш керак. Жеқдаги хўжайин қаттиқ тайинлаган:

Скачать книгу