ТОП просматриваемых книг сайта:
ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб. С. Сухинов
Читать онлайн.Название ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб
Год выпуска 0
isbn
Автор произведения С. Сухинов
Издательство Yangi asr avlodi
Жодугарнинг уммон узра саёҳати ниҳоятда машаққатли ва хатарли кечди. Гингема бир неча марта довулларга дуч келди: бундай даҳшатли офатни ҳатто унинг сеҳр-жодуси ҳам тўхтата олмади. Баъзан у ўзининг супургиси билан шу қадар пастлаб кетар эдики, ҳатто оёғи тўлқин ўркачларига тегай-тегай деб қоларди. Гингема қўрқувдан чўчқачадай чийилларди – чунки сувда сузишни билмасди-да – ваҳиманинг зўридан яна рутубатли осмонга кўтарилиб кетарди. Атрофда чақмоқлар чақнайди, ҳаво момақалдироқ гумбурларидан парчаланиб кетай дейди. Жодугар энди малика тожи ҳақида эмас, балки қандай тирик қолиш ҳақида ўйлаш билан овора эди.
Тонгга яқин Гингема ниҳоят Америка қитъасига етиб борди. Яна бир неча кунини Айлана Дунё тоғларини излашга сарфлади. Жодугар сўнгги кучларини сарфлаб, довондан учиб ўтгач, қуёш нурлари ҳовуч-ҳовуч тўкилиб турган, атрофи мевали боғлар билан қуршалган майсазорга келиб тушди. Меваларнинг ғайриоддий таъмидан у ўзининг Сеҳрли мамлакатда эканини фаҳмлади. Энди кирлаб кетган афт-башарасини ювиб, йўлда иркит бўлиб кетган кўйлагини тозалаш ва ўлкани истило қилиш қолганди, холос. Ана ундан кейин эса машаққатли сафар поёнига етгани муносабати билан бир оз ҳордиқ чиқариб олса арзийди.
Лекин уйдаги гап кўчага тўғри келарканми! Кутилмаганда мовий осмонда бирваракайига учта булут кўзга ташланди. Улар асталик билан майсазорга қўнди ва яна уч нафар соҳираларни кўрган Гингема қайғуга ботди. Уларнинг орасида Гингеманинг опаси Бастинда ҳам бор эди – қўлтиғи остига ёмғирпўш қистириб олган бир кўзли бадбуруш кампир. Кўзида меҳр учқунланиб турган, ўрта ёшлардан ўтган соддадил аёл ўзини Виллина деб таништирди. Оқ-сариқ сочли соҳибжамол эса Стелла экан. Гингема уларнинг қудрати ҳақида илгари кўп эшитган эди, шу боис ҳам кутилмаган рақибаларини кўрган заҳотиёқ ранги гезариб, башараси буришиб, пешанаси тиришиб кетди.
– Э-э, бу менинг суюкли сингилгинам-ку! – ғижирлаган товушда деди Бастинда. – Кўпдан бери кўришмагандик. Эшитишимча, сени аллақайси подшоҳликдан қувиб чиқаришганмиш? Демак, кексайибсан, қариб, тамом бўлибсан, ҳа-ҳа-ҳа-ҳа!
Гингема эътироз билдириш учун энди оғзини очмоқчи бўлувди, шундоққина ёнгинасидан оқиб ўтаётган сойдаги аксига кўзи тушиб, овози чиқмай қолди. У қиёфасини ўзгартиришни буткул унутиб, қари жодугар ҳолича қолиб кетган экан. У ўзига кечаги ҳуснини қайтармоқчи бўлди-ю, Стеллага қараб туриб, фикридан қайтди. Ёш соҳира барибир Гингемадан кўра ЧИРОЙЛИРОҚ эди!
– Бу ердан йўқолларинг! – чинқирди Гингема, оғзидан тупугини сачратиб. – Бу менинг мамлакатим, мен бу ерга биринчи бўлиб учиб келдим!
– Э, қўйсанг-чи, – ишшайиб қўйди Бастинда ва соябонини таҳдидли селпиди. – Сен болалигингдан бирор нарсани бўлишишни хоҳламасдинг, лекин бу сафар мажбурсан. Мен шу ерда, Торннинг юртида қўним топишга қарор қилдим. Катта дунёда тинч яшаб бўлмай қолди, ҳаммаси балогинага йўлиқсин! Бу ерда қуёш нурлари мўл, иқлими