ТОП просматриваемых книг сайта:
Танланган асарлар. Носир Фозилов
Читать онлайн.Название Танланган асарлар
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5993-4-5
Автор произведения Носир Фозилов
Издательство SHARQ
– Энди ўласан!
– Нега ўлар эканман?!– деди Анвар ҳангу манг бўлиб.
– Радиони бузибсан-ку…
– Бузганим йўқ. Проигривателини олиб, мактабдаги радиога қўйдик. Ану, мактабда музика тўгарагидаги радио ишламас экан… Шунга қизлар танца тушолмай… Шунга обориб қўйган эдик, ишлаб кетди. Ишонмайсанми, эртага ўзинг кўр…
Маҳфуза, зарил кептими, дегандай лабини буриб, уйга кириб кетди. Анвар бўсағага энди қадам қўйганда, ичкаридан ойиси чиқиб келди. Важоҳати ёмон эди. Анвар ғайриихтиёрий тарзда орқага тисарилиб, талвасада талмовсираган кўйи бидирлай кетди:
– Ассалому алайкум, ойижон. Ишга омон-эсон бориб келдингизми?
– Жуда одобли бўлиб кетибсанми?– деди ойиси.
– Ия, албатта-да, – деди Анвар хавотирланиб. – Бу чоракда биронта ҳам икки чиқмагандан кейин… Мана кўринг…
У шундай деб папкасини ерга қўйган эди, бир нарса ерга тақ этиб теккандай бўлди.
– Икки олмадим дегин…
– Шундай ойижон… ишонмасангиз мана кундаликни кўринг.
– Папкангда нима бор?
– Дафтарларим, китобларим…
– Дафтар, китоб шундай оғир бўладими? Қани бу ёққа бер-чи.
– Э-э буми? Эсим қурсин, дазмол, ойижон, дазмол.
– Дазмол?! Кимнинг дазмоли?
– Ўзимизники…
– Уни нима қилиб кўтариб юрибсан тағин?
– Ану… мактабимиздаги тикувчилар тўгарагининг дазмоли куйиб қолган экан. Шунга…
– Мана, шунга!..
Анвар пайқамаган экан. Ойиси орқасига ўқлоғини яшириб турган экан, бошига шартта тушиб қолди. Яхши ҳам бошида қулоқчини бор. Бўлмаса… У бирпас анграйиб ўзини йўқотиб турди-да, ўқлоғи иккинчи бор кўтарилганда, ура қочиб қолди. Қасдига олиб шошганда эшикнинг илгаги очилмай қолди. Қараса, ойиси орқасидан қувлаб келяпти. Бунақа бўлишини билганда боя эшикни очиқ қолдирарди-я! Энди у ҳовлини айланиб қоча бошлади. Маҳфуза чақимчи эса, ажаб бўлди, хўп бўлди, дегандай эшик олдида ишшайиб турибди. Ойиси ҳамон қарғаганча, Анварни тирқиратиб қуварди:
–Сенинг дастингдан на телевизор қолмаса, на радио… Энди дазмолга навбат келдими?!
–Ойижон, дазмол бутун, бузилгани йўқ… Ишонмасангиз ишлатиб кўринг…
Қараса бўлмайдиган. У шартта девордан ошиб тушиб кетди. Ойиси ҳовлида жавраганча қолаверди.
У кўчага сакраб тушишга тушди-ю, қаёққа боришини, нима қилишини билмай туриб қолди. Боя билинмаган эди. Кўча анча совуқ экан. Изғирин бадан-баданидан ўтиб кетди. У турган жойида сакраб ҳам кўрди, бўлмади. Жуда алам қилиб кетди. Ҳаммасига мана шу Маҳфуза чақимчи айбдор. Шу ойисига чақмаганида, ҳамма иш жойида бўларди: ҳозир дазмолни билдирмайгина жойига олиб кириб қўйиб, ечиниб, иссиқ чой ичиб ўтирарди. «Сеними, шошмай тур ҳали, чақимчи! – деб ғижиниб