Скачать книгу

АН АСАРЛАРБИРИНЧИ ЖИЛД

      Шоир Рауф Парфи “Сайланма”асининг ушбу жилдида унинг насрий асарлари, адабий мақолалари ва суҳбатлари ҳамда дунё халқлари шеъриятидан қилган таржималари ўрин олган. Сиз уларда ижодкорнинг насрдаги ўзига хос услубини, мақола ва суҳбатларида ўз ифодасини топган адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги қарашларини, шунингдек, жуда эрта бошланган таржимонлик фаолиятини кузатишингиз мумкин. Бу китоб Рауф Парфи ижодининг мана шу жиҳатлари ҳақида бизга тўла тасаввур бера олади.

      ЎНГСЎЗ

      Рауф Парфи яхши шоир бўлишдан ташқари, яхши публицист, яхши таржимон, яхши сценарийлар муаллифи, шу билан биргаликда, яхши мутафаккир ижодкор ҳамдир.

      Мен “Ўзбек шоири Рауф Парфи” номли тадқиқотимда, шоирнинг фақат ўзимда мавжуд бўлган шеърлари асосида фикр билдирган эдим. Қолаверса, таржималари ҳақида ҳам жуда оз маълумотга эга эдим. Лекин бу сайланмада дунёнинг жуда кўп тилларида яратилган лирик шеърлар таржимаси, адабий мақола ва суҳбатларида акс этган адабий-эстетик қарашлари ва насрий асарларидаги ўзига хос шоирона услуби менга кўп нарса берди.

      Рауф Парфининг адабиёт ва адиблар ҳақида ёзганлари ўзига хос бир адабиётшунослик материалларики, биз унда шоирнинг “Адабиёт нима, ижодкор ким ва қандай бўлиши керак?” деган азалий саволларга жавобларини кузатамиз.

      Ушбу китобда, шунингдек, “Аудио ва видеосуҳбатлардан” деб номланган бўлим мавжудки, биз сарлавҳадан бу хилдаги суҳбатларнинг баъзи бир қисми эканини англаймиз. Аммо бу типдаги суҳбатларнинг қанча эканлиги ва уларнинг манбалари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаймиз. Агар улар кўп бўлса, нашрга тайёрланганлари қандай принциплар асосида танлангани ҳақида ҳам маълумот бериши керак эди, деб ўйлайман. Бу борада яна бир эътибор қаратилиши керак бўлган нуқта, бу – Рауф Парфининг сценарийнавислик фаолияти. Шоирнинг аудио ва видеосуҳбатларида шу ижодий фаолиятнинг таъсири борми ёки бу бошқача ҳодисами? Ҳар ҳолда бу саволларга жавоб изланса яхши бўларди.

      Мен, Рауф Парфи ижодининг бир тадқиқотчиси сифатида, унинг насрий асарларини, адабий мақола ва суҳбатларини тадқиқ этишни, уларни адабий жамоатчиликка таништиришни ва олий таълимда ўқитишни ўзимнинг бурчим, деб биламан. Фақат бундан олдин Рауф Парфи шеърияти бўйича қилган тадқиқотимни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш зарурати бор, деб ўйлайман.

      Рауф Парфининг ушбу икки жилдлиги Ўзбекистон олимларидан ташқари, хорижда ўзбек адабиёти билан қизиққан барча китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинишига ишонаман. Уларнинг орасида ўзбек адабиёти билан шуғулланаётган олимлар ва бу соҳада дарс бераётган муаллимлар бор. Мен уларга Рауф Парфи ижодининг мавзулари ва шоирнинг санъаткорлигига алоҳида эътибор қаратишларини истардим. Чунки Рауф Парфи ХХ асрда туркий тилда мўъжиза ярата олган камсонли ижодкорларимиздан бири ҳисобланади.

      Шунингдек, Рауф Парфининг бу сайланмасида биринчи маротаба чоп этилаётган қатор асарлари ва таржималари, умид қиламанки, мароқ билан ўқилади ва шоир ижодининг янги-янги қирраларини кашф этишга асос бўлади.

      Бу икки жилдлик Нийда Ўмар Халисдемир университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорликнинг бир самарасидир. Айрим университетлар орасида тузилган шартномалар фақат қоғозда қолиб кетади. Лекин Нийда Ўмар Халисдемир университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорлик талабалар алмашинувидан бошланиб, Рауф Парфи асарларини китоб шаклида нашр этиш даражасига етди. Умид қиламанки, бу ҳамкорлик бошқа соҳаларда ва мавзуларда ҳам давом этади ва янаям самарали ишлар амалга оширилади.

      Мана шундай гўзал сайланма тайёрлаганларга ва унинг нашри учун яқиндан ёрдам берганларга миннатдорчилигимни изҳор этаман ва Рауф Парфига Оллоҳдан раҳмат сўрайман. Ётган жойи ёруғ бўлсин. Аминманки, агар шоирнинг ўзи бу нашрни кўрганида жуда хурсанд бўлган бўлур эди.

Проф. Др. Ҳикмет Кораш, Нийда Ўмар Халисдемир УниверситетиТурк дунёси тадқиқотлари маркази директори

      ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ 1

      1943 йилнинг 23 сентябрида2 Янгийўл туманининг Шўралисой қишлоғида туғилган эканман. Отам Парфи Муҳаммад Амин Норқучоқ, онам Сакина Иса қизи асли фарғоналик бўлиб, ўттизинчи йилларнинг ўртароғида, авжи калҳўзлаштириш палласида бу ерга келиб қолган эканлар. Отам ўқимишли бўлишига қарамасдан умрининг охригача расмий ҳужжатларда “саводсизман” деб қайд этиб келган. Саводлилигидан бўлса керакки, у кишини тилмоч сифатида яхши билишарди. Замоннинг алғов-далғовлигини қаранг:онамнинг акалари, амакилари бор-йўқ гуноҳлари бой бўлганликлари туфайли қизиллар томонидан отиб ташланган. Отам ҳам ўзига яраша тўқ, анча-мунча ери, хусусий тегирмони бўлган. Шу сабаб саводлилигини яширган, маҳаллий босмачилардан, шўролардан жонини сақлаш умидида қочган.

      Онам эса яқин йилларгача пиллакорлик қилганлар. Ҳозир нафақачи. 1993 йилда, насиб бўлса, саксонга кирадилар. Отам 1955 йилда вафот этганлар.

      Бир аммам бор эди, Хосият биби эди исмлари. Жуда кўп эртакларни шеърий йўлда ёдаки айтардилар,

Скачать книгу


<p>1</p>

“Таржимаи ҳолим” “Ёшлик” журналининг 1993 йил, 1-сонида “Жажжи дарслик” рукни остида эълон қилинган.

<p>2</p>

Бошқа манбаларда 27 сентябрь.