Скачать книгу

Уни ўттиз олтинчи йилда мен енгганман. Худди шу ерда. – Қария шундай деб мўйловини бураб қўйди. – Мен ёш эдим, у эса кексая бошлаган эди. Йиқитишга йиқитиб қўйиб, “устоз, кечиринг” дебман. У ўрнидан туриб, мени қучоқлаб, пешонамдан ўпди. Кейин бир тарсаки туширди. Одамлар ҳайрон бўлиб сўрашди: “Қучоқлаб ўпганинг нимаю урганинг нима?” У айтди: “Мени енггани учун қучоқлаб ўпдим. Кечирим сўрагани учун тарсаки туширдим” Ҳа… шунақа одам эди… Аммо отангдан полвон чиқмади. У урушга мендан олдинроқ кетган эди. Мен қайтдим, ундан дарак бўлмади…

      Қариялар шошилмасдан, бирининг гапига иккинчиси аралашмасдан қизиққан саволларини сўрай бошладилар. “Шу пайтгача нима учун келмадинг?” деган саволга Зелихон “Уй-жой, бола-чақа билан ўралашдим”, деб баҳона қилди. Бу гапни эшитиб оқсоқоллар жим бўлишди. Айримлари “аттанг” дегандай бошларини сарак-сарак қилиб қўйишди. Бобосига ўхшаган қария эса бургутники каби ўткир нигоҳини унга қадади-да:

      – Бобонг тирик бўлганида шу гапинг учун бир тарсаки туширарди, – деди.

      Зелихон “Нима учун?” деб сўрамади. Ёлғони фош бўлганини сезди.

      – Бошқа сабаблари ҳам бор, – деди бошини эгиб.

      – Ўша бошқа сабабларини гапиришинг жоиз эди. Бизни бу авлоқда пўпа-нак босиб ётган чоллар, деб ўйладингми? Қамоқдан қачон чиқдинг?

      – Бир йил бўлиб қолди.

      – Нима қилмоқчисан?

      – Овулга сиғсам, шу ерда қоламан.

      – Овулга сендайлардан миллион бўлса, миллиони сиғади. Қани, тур ўрнингдан, орқамдан юр.

      Улар бир юк машинаси сиғадиган тупроқ йўлдан юқорига қараб юришди. Қария Зелихондан чаққонроқ эди. Уч-тўрт қадамдаёқ илгарилаб кетди. Айланма йўллардан бир оз юришгач, пастқамроқ бир уй қаршисида тўхташди.

      Ҳовлида жўхори чопиқ қилаётган одам уларни кўриб, ишини тўхтатди-да, пешвоз чиқди:

      – Келинг, Алибек оға, – деди у қарияга, сўнг Зелихонга синовчан тикилди: –Зелихонмисан?

      – Ҳа, Зелихон, янглишмадинг. Мен сенга айтардим-а, бир кунмас-бир кун келади, деб… – Қария Зелихонга қаради. – Мана шу сенинг уйинг. Арслон урушдан қайтганда уйи куйиб кетган эди. Маслаҳатлашиб, шу ерга кўчирдик. Сен хоҳлаган кунинг уйни бўшатиб беради.

      Арслон ўз ўғлини кутиб олаётган ота меҳри билан Зелихонни маҳкам қучоқлади.

      – Отанг менинг қадрдоним эди. Сен туғилганда чунон яйраганмизки, сен сўрама, мен айтмайин.

      Уй уч хонадан иборат, иккитасини Арслон банд қилган, биттасига уй эгаларидан нимаики қолган бўлса, асраб қўйилган эди. Эгалланган икки хона супуриб-сидирилганда, бу хона ҳам албатта тозаланарди. Арслон Зелихонни шу уйга бошлади. Хона эгасизга ўхшамас, уй бекаси ҳозиргина йиғиштиргандай саришта эди.

      – Бу хона кетганларингдан бери сени кутяпти, – деди Арслон. – Бобонг билан онангни Худо раҳмат қилсин, уларнинг қайтиш қилганларидан хабаримиз бор. Алибек оғам тўғри айтдилар, сени кутдик. Худога шукур, келдинг. Ота-онанг, бобонгнинг буюмлари шу ерда. Ҳатто… – Арслон кулимсиради, – сенинг иштончаларинг ҳам жавонда турибди…

      У шундай деб

Скачать книгу