ТОП просматриваемых книг сайта:
Яланғоч иқтисодиёт. Чарльз Уилан
Читать онлайн.Название Яланғоч иқтисодиёт
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-222-8
Автор произведения Чарльз Уилан
Издательство Asaxiy books
Пол Уолкер ҳақ эди. Мен эса ноҳақ. Опционлар билан юзага келиши мумкин бўлган муаммо қуйдагича: раҳбарлар ўз компанияларининг акцияларини шундай тасарруф этишлари мумкинки, улар қисқа вақт ичида раҳбарга фойда келтиради, лекин узоқ истиқболда ёмон ва ҳатто ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Аммо у пайтгача бош директор ўн минглаб опционларни улкан фойда билан сотиб юборган бўлади. Фаолиятини менежмент ва менежерларнинг мотивларини ўрганишга бағишлаган Ҳарвард бизнес мактаби профессори Майкл Женсен бу масалага Пол Уолкердан ҳам совуққонроқ ёндашади. У опционларни “менежерлар героини” деб атайди, чунки, унга кўра, опционлар бошқарувчиларга қисқа вақт ичида максимал фойда олишга туртки беради, бу эса истиқболда зарарга олиб келади.43 Изланишлар кўрсатдики, акция опционларидан фаол фойдаланадиган компаниялар нисбатан кўпроқ молиявий фирибгарликка қўл урар ва уларнинг қарзни тўлай олмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлар экан.44
Шу билан бирга, бош директорларнинг (опционлари бўлса ҳам, бўлмаса ҳам) бизнесни назорат қилиш билан боғлиқ ўз бошоғриқлари бор. “Lehman Brothers” ва “Bear Stearns” каби инвестиция банклари катта таваккалчиликларга қўл урган ўз ходимлари томонидан том маънода барбод қилинди. Бу молиявий инқирознинг сабаб‐оқибатлари занжиридаги энг муҳим бўғинлардан бири бўлди. Катта муаммо ҳалокатли тус олган жой Уолл стрит бўлди. Бутун мамлакат бўйлаб банклар уй-жой пуфагини хатарли кредитлар билан шишираверди, чунки улар шу кредитларни тезда бир-бири билан бирлаштириб, инвесторларга сотиб юбориши мумкин эди (банк ипотекангизни олади, уни менинг ипотекам ва бошқа кўплаб ипотека кредитлари билан бирлаштиради, сўнгра бутун пакетни келажакдаги даромад эвазига ҳозир нақд пул тўлашга тайёр турган шахсга сотиб юборади, келажакдаги даромад оқими эса ойлик ипотека тўловларимиздан келади). Барчаси масъулият билан амалга оширилса, бундай тизимнинг ёмон томони йўқ: банк зудлик билан пулини қайтариб олади ва бу пулдан янги кредитлар беришда фойдаланиши мумкин. Аммо масъулият билан ёндашилмаса, ишнинг пачағи чиқади.
Молиявий инқироз бўлиб ўтгандан сўнг 2009 йилда Халқаро Валюта Жамғармасининг собиқ бош иқтисодчиси Саймон Жонсон “The Atlantic” журналига инқироз бўйича мукаммал таҳлилларни тақдим этган. У, хусусан, қуйидагиларни ёзган: “Йирик тижорат ва сармоя банклари ҳамда улар билан ёнма-ён ишлаган жамғармалар ушбу ўн йилликда коттежлар бозори ва фонд биржаларида юз берган пуфаклардан катта фойда кўрди. Уларнинг фойдаси нисбатан кам сонли реал жисмоний активларга асосланган битимлар муттасил кўпайиши
43
“How to Pay Bosses,” The Economist, November 16, 2002.
44
Floyd Norris, “Stock Options: Do They Make Bosses Cheat?” New York Times, August 5, 2005.