Скачать книгу

ДАРАЖА. Кунига 64 доллардан кўпроқ топасиз. Анча бойиб қолгансиз ва сиз учун кунига қўшимча 3 доллар топиш турмушингизни деярли ўзгартирмайди. Шунинг учун ўта қашшоқ ҳаёт кечирадиган одам ҳаётини ўзгартириб юборадиган 3 долларни катта пул ҳисобламайсиз. Маълумотингиз ўртадан юқори, таътилда самолётга чиққансиз. Ойда бир марта ресторанда овқатланишингиз мумкин, машина сотиб олишингиз мумкин. Албатта, уйингизга иссиқ ва совуқ сув келиб туради. Хуллас, сиз бу даража ҳақида биласиз. Бу китобни ўқиётган экансиз, демак, сиз IV даражадасиз. Уни сизга тушунтиришим шарт эмас. Муаммо шундаки, агар сиз доим шундай юқори даромад топган бўлсангиз, қолган учта даража ўртасидаги катта фарқни билмайсиз. IV даражадаги одамлар қолган 6 миллиард аҳолининг ҳақиқий ҳаёти ҳақида нотўғри фикрламаслиги учун қаттиқ тер тўкиши керак. (Бугунги кунда тахминан 1 миллиард одам шундай яшайди.)

      Мен бу даражалардан юқорилашни гўё бир киши бир неча даражани босиб ўтгандек тасвирладим. Аслида бундай ҳол содир бўлиши деярли учрамайди. Одатда I даражадаги оиланинг кейинги авлодлари IV даражага чиқиши мумкин. Шундай бўлса ҳам, умид қиламанки, энди сиз турли даражадаги инсонлар ҳаёти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдингиз, оддий одамлар ҳам, мамлакатлар ҳам бир даражадан кейингисига ўтишининг иложи борлигини тушундингиз ва энг муҳими, дунё фақат бой ва камбағаллардан иборат эмаслигини англадингиз.

      Инсоният тарихи I даражадан бошланган. 100 минг йилдан ортиқ вақт ўтса ҳамки, ҳеч ким I даражадан юқорига кўтарилмаган ҳамда кўп болалар ота-она бўлишгача етмай вафот этган. 200 йил аввалги вақтни олайлик. Дунё аҳолисининг 85 фоизи I даражада, яъни ўта қашшоқ ҳолда кун кечирган.

      Бугунги кундаги аксар аҳоли ўртада – II ва III даражада, яъни 1950-йилларда Ғарбий Европа ва Шимолий Америкада ҳукм сурган турмуш стандарти асосида яшайди. Ва бу кўп йиллар давомида шундай бўлган.

      Бўшлиқ инстинкти

      Бўшлиқ инстинкти жуда кучли. 1999 йил илк бор Жаҳон банки ходимларига маъруза ўқиганимда “ривожланаётган” ва “ривожланган” деган ёрлиқлар ортиқ яроқли эмаслигини айтганман ва қиличимни ютганман. Жаҳон банки ва ниҳоят “ривожланган” ва “ривожланаётган” деган тушунчалар йўққа чиқаётганини ва бундан буён дунё тўртта даромад даражасига бўлинишини эълон қилгунча яна 17 йил керак бўлди. Бу орада уларга яна 14 та маъруза ўқидим. БМТ ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар ҳануз бу ўзгаришни тан олмаган.

      Бойлар ва камбағаллар орасида бўшлиқ борлиги ҳақидаги нотўғри тасаввурни ўзгартириш нега бунчалар қийин?

      Назаримда, бунга инсонларнинг бинар фикрлашга бўлган майли – ҳамма нарсани ўртасида бўшлиқдан бошқа ҳеч нарса бўлмаган бир-бирига зид икки гуруҳга бўлишга ўчлиги сабаб бўлади. Биз борлиқни иккига бўлишни севамиз: яхши ва ёмон, қаҳрамонлар ҳамда ёвузлар, менинг мамлакатим ва бошқалар. Дунёни бир-бирига қарши икки гуруҳга бўлиш оддий ва интуитив, боз устига, у зиддиятни ифодалагани учун жуда драматик, беихтиёр бажарилади.

      Журналистлар

Скачать книгу