ТОП просматриваемых книг сайта:
Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Читать онлайн.Название Катта хонадон 1
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5990-9-3
Автор произведения Салом Муҳаммад
Издательство SHARQ
– Опажон, бундай ҳар куни келманг, биласиз-ку, овқатга унчалик қизиқмийман.
– Йўқ, энди бу илтимосингни инобатга олмийман. Тузук-тузук овқат емасанг, соғаймийсан, бу ерда кўп ётиб қоласан.
– Оббо, сираям ётгим келмаяпти-да. Уйдагилар эшитиб қолсалар… Айтганча, ўзиз гуллаб қўймадизми?
– Хай, билсалар билаверсинлар. Сени шу аҳволга солганларини билиб қўйсалар, ёмон бўлмасди.
– Қўйинг-э, – йиғламсиради Ҳилола. – Йўқ, билмасинлар! Акамлар, опамлар, янгаларим, отам – отажоним…
– Отамни гапирма, – қўл силтади опа. – Қилғилиқни қилиб қўйиб…
– Ундай деманг, отамни айблаёлмийман, – Ҳилола толиқиб, бошини ёстиққа қўйди. – Ётганимни билса, анави… қувонади.
– Бўпти, ҳеч кимга айтмаймиз.
– Катта акамгаям, а?
Роҳила ўйланиб қолди. Сўнг кўзларини бир юмиб, очди. Ҳилола кафтини опасининг билаги устига қўйиб, уйқуда гапирган каби шивирлади:
– Ўзимни опажоним… Сизни яхши кўраман… Худди онамга ўхшайсиз…
– Биза ҳаммамиз сени яхши кўрамиз, – Роҳила энгашиб, синглисининг юзидан ўпди, бир томчи ёш беморнинг иягига томди. Ҳилола беихтиёр кўзларини очди.
– Мен шунга, сизларни меҳрларизга арзимийман, опажон.
– Ундай дема, – Роҳила бармоқларини унинг оғзига босди. – Сенсиз бу дунё кўзимга зимистон.
– Раҳмат… Опа, энди мен ўлмийман… Ўлишга ҳаққим йўғакан…
– Нимага ўларкансан? – Роҳиланинг овози титради. – Ўлим ҳақида гапирма. Ҳали ўн гулингдан биттасиям очилмаган, ҳилолсан, Ҳилол!
– Мен сўлиб, сўниб бўлдим, опажон.
– Ҳали айтувдиз дерсан, ҳа демай, бахтинг очилади, давру даврон сурасан.
Ҳилола индамади. Бошини тескари буриб, кўзларини юмди. Роҳила аллалаган каби унинг елкасига кафтларини бир неча бор қоқдию аста ўрнидан қўзғалди.
7. БАХТ ИСИ
Дам олиш куни Нуриддин ҳеч ёққа чиқмай, асосан китобга шўнғиди. Фақат китобгина унинг маънавий чанқоғини босар, ташвишларни, ғам-ғуссаларни вақтинча унуттирар, зерикишлардан сақлар эди. Лекин барибир ўзидан қаноат ҳосил қилолмас, анча вақтдан буён қишлоққа боролмаётганидан ўкинарди. Ҳозир ҳам саҳифага кўз тикиб ўтирар экан, нима ўқиётганини ўзи ҳам сезмас, хаёлида гоҳ отаси, гоҳ яқинда шифохонадан чиққан Ҳилола таънаомуз унга бош тебратаётгандай кўринаверардилар. У ўрнидан туриб, хоналар ҳамда айвон оралиғида юриб, хаёлан уйдаги пулларни ҳисоб-китоб қилишга киришдию айвонда, қўлбола ёғоч каравотда нимадир тикиб ўтирган Озода рўпарасида тўхтади. Эрининг нимадир демоқчи эканини пайқаб, аёли бош кўтарди. Худди шу чоғ даҳлиздаги телефон давомли жиринглади. Нуриддин лўкиллаб чопганча бориб, хавотирланган кўйи гўшакни кўтарди.
– Алў, ким бу? – ярим хириллаган, эсанкираганнамо отасининг овози.
– Отажон, сизмисиз? Саломалайкум, яхшимисиз?
– Яхши, ҳаммамиз яхши…– дедию Одил бобо дарҳол муддаога ўтди. – Ҳилолага савчилар келопти. Нима дейсан?
– Кимдан?