ТОП просматриваемых книг сайта:
Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Читать онлайн.Название Катта хонадон 1
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5990-9-3
Автор произведения Салом Муҳаммад
Издательство SHARQ
– Йўқ, фикрим ўзгармайди, аризани қолдираман, – деди ниҳоят Нуриддин ва ҳеч иккиланмай КПСС аъзоси деган ҳужжатни шими чўнтагидан чиқариб, мафкура раҳбари рўпарасига қўйди. Раҳбар негадир хомушланди, қовоғини ўйди, бир нафас жим турди, сўнг ҳужжатни олиб, тортмасига солди.
– Аммо илмий ишдан кечмайсиз, – деди ниҳоят кулимсирашга уриниб. – Бу талатўплар ўтиб кетади. Сувлар тинийди. Илмий ишлар, ижод намуналари қолади. Вақтни беҳуда, бекорчи ишларга сарфламаслик керак.
– Хўп бўлади, домла, – деганча Нуриддин фирқа раҳбари билан хайрлашаркан: “Наҳотки бу ҳаракатлар ўткинчи бўлиб қолади, – деб ўйлади. – Наҳотки авваллари бўлганидай, тадбир ташкилотчилари якка-якка чақирилиб, чиғириқдан ўтказилади ёки йўқ қилинади. Йўғ-е, мана, Болтиқбўйи республикалари мустақиллик учун фаол кураш олиб бораяптилар. Ҳаммалари ҳамжиҳат. Бутун дунё аҳли уларни қўллаб-қувватлаяпти. Шояд биз ҳам…”
Кутилмаган ҳодисалар юз берди: жуда мустаҳкам, қудратли тўғон ҳисобланган мустамлака занжирлари чок-чокидан ситилди – ҳамма республикалар қатори ўзбек халқи ҳам озодликка эришди. Бироқ собиқ иттифоқчи мамлакатларнинг деярли ҳаммасида мислсиз қийинчиликлар юзага келди. Гўёки бу машаққатларни қандайдир кўринмас кучлар атайлаб уюштираётгандай, яширин тарзда бошқариб тураётгандай туюларди. Нуриддиннинг оиласида ҳам бу қийинчилик яққол сезилди. Шошилинч тарзда ишга тушиш зарур эди. Аммо аризасини кўриб чиқиш сабабсиз равишда пайсалга солинаверди. Иш йўқ эмас, ҳатто баъзи ўринлар бўшаб қолган, айрим олимлар маошнинг ўзи билан кун кўролмай ўзларини савдо ишларига урганлар. Нуриддин эса савдо-сотиқ бобида ниҳоятда уқувсиз. Икки-уч марта ўзини мардикор бозорига солди. Бу ерда ҳам кучли рақобат бор экан. Вилоят ҳамда туманлардан жуда кўп ёшлар иш излаб, карвон-карвон бўлиб, марказий шаҳарга оқиб келганлар…
Ниҳоят у арзимайдиган пул эвазига, ярим маошга ишга тикланди. Бироқ бу маош йўл кираю тушлик учун учта ўпка-жигарли гўммага етади, холос. Мана бугун учун эса ўша гўммага ҳам пул йўқ: уйдан тўрт бўлак буханка олиб келган. Уни қайнаган сув билан томоқдан итариб, тушликни ўтказади. Кун сайин қимматчилик авжига чиқаяпти. Қишлоқдагиларнинг аҳволи бундан-да бадтар. Ҳилола… ҳм… Бирор ишнинг бошини тутолмади. У ёқда тикувчиликка эҳтиёж сезилмабди. Ажабо, у энди нима иш қилади?
Айни шу топда Нуриддиннинг кўзига тутунми, туманми орасидан синглисининг қиёфаси ғира-шира намоён бўлди: ажаб, Ҳилола тўшакда ётибди, ҳар ёнга тўлғанади. Ии, юзига нима бўлган? Шишми, кўкарганми – аниқ билинмайди…
– Ҳилола, Ҳилола, сенга нима бўлди, сингилжон? Нимага кўзимга бунақа бўлиб кўриняпсан? Наҳотки Карамгул билан ёқалашдинг? – у ўзича пичирлаб, шошқин ўрнидан турди, у ён-бу ён юрди. Қани энди қаноти бўлсаю учиб бориб, синглиси ва барча яқинларини тезда кўриб қайтса! Афсус, энди унинг эрки ўзида эмас: ярим иш ҳақи эвазига бўлса-да, ҳар куни ишга қатнаши шартлашилган. Дам олиш кунлари бориб келса бўлади, лекин йўл киралар жуда кўтарилиб кетган. Маошининг ўзи йўлга етишмайди.