ТОП просматриваемых книг сайта:
Тенг-тенги билан бахтлидир. Тохир Хабилов
Читать онлайн.Название Тенг-тенги билан бахтлидир
Год выпуска 0
isbn 978-9943-4840-5-4
Автор произведения Тохир Хабилов
Издательство SHARQ
Синса кўнгил шишаси, тадбир билан бўлмас бутун,
Устихон эрмаски, они рост қилса мўмиё…
Масал: бир одам айиқ билан дўстлашиб, уни уйига бошлаб келди. Бу меҳмоннинг ташрифидан норози бўлган хотини: «Фу, шу сассиқ билан ошно тутиндингизми?» – деб афтини бужмайтирди. Буни эшитиб ранжиган айиқ болтани олиб, дўстига узатди-да, илтижо қилди:
– Шу болта билан пешонамга бир ур!
Айиқ илтимосини қайтаравергач, дўст унинг пешонасига болта урди. Жонивор оғриқ азобидан ўкириб, ўрмонга қараб югурди. Орадан ҳафталар ўтгач, у яна дўстига рўпара келиб, дедики:
– Қара, болтанинг изи битиб кетди, лекин хотининг тилидан учган сўз яралаган юрагимга даво тополмаяпман…
«Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади, – деганлар ҳазрати Навоий. – Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас, у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас. Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради. Сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради… Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор. Шунинг учун айтадиларки, «нафаснинг жони бор».
Сўз – туя бурнига ўхшаш, унга жилов солса бўлади. Ёхуд у туянинг бўйни кабидир, етовга юраверади. Демак, масала – уни қай томон етаклашда! Кишининг сўзи жонга роҳат бергувчи бўлмаса, сўзламаслик керак.
Қилур қаттиқ такаллум ўнг ишинг чап,
Сўзинг тиклаб кўнгул бузғунча тик лаб.
Сўфий Оллоҳёр ҳазратлари мазкур байтда гўёким устоз Навоий фикрларини давом эттирадилар: қаттиқ сўз бўлар ишингни бўлмас қилар. Нина қўлни санчиб азоблаганидек, қаттиқ сўз ҳам кўнгилларни санчиб, яралайди. Аммо нина санчиғи битиб кетар, дил яраси битмас. Қаттиқ сўзинг дилни яраламаслиги учун ўша сўзни айтадиган лабингни ёпиқ тут, яъни кўнгилни бузғувчи сўзлар учмасидан олдин лабингни тикиб ташла.
Гўзал сўзлар фақат амалга оширилгандагина чиройли натижалар беради. Муолажа йўлини топган касал одам унга амал қилмаса, табобат илмини билгани мутлақо фойдасиздир. Ёмғир томчилари ерни жонлантиргани каби комил инсонларнинг сўзлари кўнгилларни жонлантиради. Қудсий ҳадисда марҳамат қилинадиким: «Эй Одам боласи! Агар сўзинг ялтироқ – майин бўлиб, амалинг қабиҳ бўлса, унда сен мунофиқларнинг мунофиғисан». Кимки тилини яхшиликка ишлатса, қуролидан усталик билан фойдаланувчи овчи каби бўлади. Ўзи тушунмаган сўзга аралашаверадиган киши эса нуқул беҳуда ўқ узаверадиган ношуд овчига ўхшайди. Бир оғиз ширин сўз шундай қудратлики, у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб турган кишини ҳаётга қайтаради, «яхши гап билан илон инидан чиқар, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар», деб бежиз айтмаганлар. Яхши сўзларни сўзлашга одат қилмаган киши фалокатга учрайди. Ақлли одам ўз сўзига ҳоким бўлади. Уқув