ТОП просматриваемых книг сайта:
Тирилиш. Лев Толстой
Читать онлайн.Название Тирилиш
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5841-0-5
Автор произведения Лев Толстой
Издательство ZABARJAD MEDIA
Ҳозир қиз билан кўнгилдагидек ишрат қила олмай кетаётгани унга алам қилса-да, лекин Нехлюдов, жўнаб кетиш зарур бўлиб қолгани мен учун фойдали, деб ўйлади, чунки бу нарса бундан кейин давом эттириш қийин бўлган муносабатни бир йўла узиб ташлашга имкон берарди. Бундан ташқари, Нехлюдов унга пул бериш зарурлиги ҳақида ҳам бош қотирарди. Унинг ўзи учун, шу пул қизга зарур бўлиб қолиши мумкинлиги учун эмас, балки ҳамма шундай қилаётгани сабабли ва агар ундан фойдалангани учун пул тўламаса, уни виждонсиз деб ҳисоблашлари мумкинлиги учун пул бермоқчи эди. Нехлюдов унга шу пулни берди, ўзининг ва қизнинг мавқеини назарда тутиб, қанча беришни лозим топган бўлса, шунча пул берди.
Жўнаб кетадиган куни, тушки овқатдан кейин у Катюшани даҳлизда пойлаб туриб дуч келтирди. Катюша уни кўриб қип-қизариб кетди ва кўзи билан қизлар хонасига имо қилиб ёнидан индамай ўтиб кетмоқчи бўлган эди-ю, лекин Нехлюдов уни тўхтатди.
– Хайрлашмоқчи эдим, – деди Нехлюдов юз сўмлик солинган конвертни ғижимлаб. – Мана шуни…
Катюша тушунди, юзини буриштириб, бошини чайқади-да, унинг қўлини итариб ташлади.
Нехлюдов:
– Ол, энди, – деб ғўлдиради-да, конвертни қизнинг қўйнига тиқди ва худди қўли куйгандай юзини буриштириб, инграганича ўз хонасига югуриб кетди.
Шундан кейин у анчагача хонасида у ёқдан бу ёққа юрди, шу воқеани эсларкан, бир ери оғригандек ижирғанар, ҳатто сакрар, уҳ тортарди.
«Нима қилсам экан? Ҳамма вақт шундай бўлган. Шенбок билан мураббия хотин ўртасида ҳам шундай ҳодиса бўлган, буни Шенбокнинг ўзи айтиб берди; Гриша амаки ҳам шундай қилган, қишлоқда яшаган пайтида отам ҳам шундай қилган. Ўшанда бир деҳқон хотин отамдан ўғил кўрган, Митенька деган ўша бола ҳали ҳам тирик. Ҳамма шундай қилгандан кейин, демак, шундай қилиш керак экан-да». Нехлюдов шу тариқа ўзини юпатмоқчи бўлар, лекин сира юпата олмасди. Бу хотиротлар виждонини азобга соларди.
Кўнглида, кўнглининг энг чуқур ерида у қабиҳ ва ярамас иш қилиб қўйганини ҳис қиларди. Бу қилган иши ёдида турар экан, бошқа бировни ёмонлаш у ёқда турсин, одамларнинг кўзига тик қарай олмасди; ўзини ажойиб, олижаноб, ҳимматли йигит деб ҳисоблаш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аммо аввалгидай ўйнаб-кулиб яшаш учун эса ўзини олижаноб, ҳимматли йигит деб ўйлаши лозим эди. Бунинг учун бир йўл бор эди: у ҳам бўлса, бу ҳақда ўйламаслик. Нехлюдов худди шундай қилди.
У қадам қўйган янги ҳаёт, – янги жойлар, ўртоқлар, уруш, – бу ҳақда ўйламасликка ёрдам берди. Кўп яшаган сайин, буни кўпроқ унутарди ва ниҳоят, бутунлай унутиб юборди.
Фақат бир марта, урушдан кейин, Катюшани кўриш умидида аммалариникига тушиб ўтганда, унинг йўқлигини, Нехлюдов жўнаб кетгандан сўнг орадан бир қанча вақт ўтгач, туғиш учун кетиб қолганини, аллақаёққа бориб туққанини, аммаларининг эшитишича, бутунлай бузилиб кетганини билиб, юраги жизиллаб кетди. Туққан вақтини чамалаб қараганда, бола ўзиники