Скачать книгу
алдагандай туйилди. Негалигини билмадим-у, лекин тўсатдан менга бу Стрикленднинг руҳига тўғри келадиган ҳолатдай, ғазаб отига минган даллол шеригини ҳаллослаганча Парижга келиб, хилватдаги қандайдир меҳмонхонани қидиртириш учун атайин қилаётгандай туйилди. Шунга қарамай, жойни текшириш учун отландим. Эртасига соат, чамаси, олтиларда файтон ёллаб, извошчига Муан кўчасига элтиб қўйишни буюрдим. Файтонни кўча муюлишида қолдириб, меҳмонхонагача пиёда бормоқчи бўлдим. Кўча камбағал харидорлар учун арзон моллар сотадиган дўкончалар билан тўлиб-тошиб кетганди. Дўкончаларнинг ўртароғида, менинг чап томонимда «Отель де белж» меҳмонхонаси жойлашганди. Мен камтарингина меҳмонхонада жойлашган эдим. Лекин у қаршимдаги меҳмонхонага нисбатан жудаям ҳашаматли туйиларди. «Отель де белж» деб ёзилган каттакон ёрлиқ узоқ йиллар мобайнида таъмирланмаган ва тўкилай деб турган баланд бинони безаб турарди. Унинг икки томонидаги уйлар бунга солиштирганда жуда озода ва кўркам кўринарди. Ифлос бўлиб кетган ойналар, чамаси, ҳеч қачон очилмаганди. Йўқ, номаълум ҳурилиқо, деб бурчи ва номусини унутган Чарлз Стрикленд ва ўша малак бу ерда жинояткорона айш-ишрат қилишмаётган бўлса керак. Мен аҳмоқона ҳолатда қолдим, деб жуда дарғазаб бўлдим ва Стриклендни суриштирмасданоқ жўнаб қолиш пайига тушдим. Лекин пировардида бино остонасидан ичкари киришга ўзимни мажбур этдим. Бу фақат Стрикленд хонимга қўлимдан келган барча ишни қилиб кўрдим, дейиш учунгина бўлди, холос. Меҳмонхонага кириладиган жой қандайдир дўконча ёнида экан. Эшик очиқ эди. Ичкарига осиб қўйилган «Идора иккинчи қаватда» дейилган ёзув аниқ кўриниб турарди. Мен торгина зинапоядан кўтарилиб, шиша уйчага ўхшаш майдончага чиқиб қолдим. Унга стол ва икки стул қўйилганди. Унинг ташқарисида тахта ўриндиқ турарди. Чамаси, қават назоратчиси нотинч тунларини шу ўриндиқда ўтказса керак. Ҳеч кимнинг қораси кўринмасди. Лекин электр қўнғироқ тугмаси тагида «Қават назоратчиси» деган ёзув бор эди. Мен қўнғироқ тугмасини босдим, тез орада кўзлари пирпираб турган кўримсизгина йигит пайдо бўлди. У нимча ва гилам шиппакча кийиб олганди. Негалигини билмайман-у, мен жуда менсимаган оҳангда ундан сўрадим:
– Бу ерда Стрикленд деган жаноб яшамайдими?
– Ўттиз иккинчи хона. Олтинчи қават, – жавоб берди йигит. Мен шу қадар эсанкираб қолдимки, дастлаб нима дейишимни ҳам билмай қолдим:
– У хонасидами?
Қават назоратчиси уйчадаги тахтага қаради.
– Калитни қолдирмабди. Юқорига чиқиб кўринг.
Мен унга яна битта савол беришни лозим топдим:
– Хоним уйдами?
– Жаноб бир ўзи яшайди. Назоратчи мен юқорига кўтарилиб кетаётганимда гумонсираб қараб қўйди. Қоронғи ва ҳавоси оғир йўлакдан кўнгилни айнитадиган ачимсиқ ҳид анқирди. Учинчи қаватда халатсимон уй ичи кийимдаги ҳурпайган аёл эшикни очди ва миқ этмай менга қараб қолди. Ниҳоят, олтинчи қаватга чиқиб бордим-да, ўттиз иккинчи рақамли хона эшигини тақиллатдим. Ичкарида
Скачать книгу