Скачать книгу

Охири Стрикленд хоним ундан ниманидир яшираётган бўлса керак, деган қарорга келдим. Ўз-ўзидан аёнки, ўн етти йил аҳил яшаган эр-хотин бир-бирини бирор сабабсиз ташлаб кетмайди. Ёхуд улар айтилаётганидай аҳил яшашмагандир. Полковник менинг мулоҳазаларимни бўлиб юборди:

      – Бирор сатанг билан қочиб қолган эркак қандай сабаб ҳам кўрсатарди. Эҳтимол, хотинимнинг ўзи бунинг фаҳмига етар, деб ўйлагандир. Мана шунақа ярамас одам у.

      – Стрикленд хоним энди нима қилмоқчи? – савол билан юзландим полковникка.

      – Аввало, бу иш ҳужжат билан тасдиқлансин-чи. Ўзим Парижга бориб келмоқчиман.

      – Идораси нима бўлди?

      – Идорасида ҳам жуда айёрона йўл тутган. Йил мобайнида кетишга тайёрланган.

      – У жўнаб кетиши тўғрисида шеригини огоҳлантирибдими?

      – Буни хаёлига ҳам келтирмабди.

      Полковник Мак-Эндрю савдо масалаларида кўп нарсаларга ақли етмасди, мен эса бу ишлардан тамомила бехабар эдим. Шунинг учун ҳам Стрикленд ўз ишларини қай аҳволда ташлаб кетганини тушунмадим. Мак-Эндрюнинг гапига қараганда, ташлаб кетилган шериги ғоят ғазабда экан, Стриклендни судга беришини баён этибди.

      – Кўринишидан бу машмаша унга беш юз франкларга тушса керак, – истеҳзо билан қўшиб қўйдим.

      – Худога шукрки, уй жиҳозлари тағинам Эмми қарамоғида. Унга шуларгина қолади.

      – Сиз хоним бир чақасиз қолди, деганингизда бу нарсалар ёдингиздамиди?

      – Албатта, ёдимда эди. Унга икки юз ёхуд уч юз фунт пулию мана шу мебеллар қолди.

      – Лекин улар энди қандай қилиб тирикчилик ўтказишади? – полковникнинг юзидан ачиниш аломатлари сезилиб турарди.

      – Бу ёлғиз Оллоҳгагина маълум.

      Ҳаммасини, чамаси, ақл билан идрок этса бўларди, аммо дарғазаб полковник ўз сўзлари билан мени чалкаштириб юбораётганди. У Армия ва Флот дўкони олдидаги соатга қараб, клубда карта ўйнайдиган шериклари кутиб туришгани эсига тушиб, мени Цент-Жеймс боғига ёлғиз боришимга имконият яратиб берганидан жуда хурсанд бўлиб кетдим.

      Ўнинчи боб

      Орадан бир-икки кун ўтгач, Стрикленд хоним менга хат юбориб, кечқурун уникига киришимни сўрабди. Уйига кириб борганимда ёлғиз ўтирган экан. Роҳибаларники сингари қоп-қора оддий кўйлак бошига тушган оғир мусибатдан белги эди. Юрагидаги шунча ғам-ғусса билан ўзини тутиб ўтирганига ҳайрон қолдим.

      – Сизга бирор илтимос билан мурожаат этгудай бўлсам, уни бажаришга ваъда бергандингиз, шекилли? – деди хоним.

      – Ҳа, албатта.

      – Парижга бориб, Чарли билан учрашиб келишга розилик бера оласизми?

      – Менми? – таажжуб билан унга боқдим.

      Бу гапдан лол бўлиб қолгандим. Ахир мен уни бир мартагина кўргандим, холос. Хоним менга қандай топшириқ беришни мўлжаллаяптийкин?

      – Фред у ёққа бормоқчи. (Фред полковник Мак-Эндрю эди.) Лекин мен аминманки, унинг бориши жоиз эмас. У ҳамма ишни фақат чалкаштириб юборади. Бу нарсани кимдан илтимос қилишни билмай турибман.

      Унинг овози салгина титраб чиқди. Мен томондан бир сония бўлсин

Скачать книгу