Скачать книгу

қўлидан қотиллик келмайди.

      – Балки қотилликни содир этган шахснинг изидан тушишга улгургандирсиз?

      – Йўқ, қотилнинг кимлиги ноъмалум, терговда тузукроқ тахминнинг ўзи ҳам мавжуд эмас.

      – Тушунарли! – раҳбар овозига расмий тус берди. – Энди нима қилмоқчисиз?

      – Ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади. Қотилни излаймиз.

      – Қамоқда ётган йигитни нима қилмоқчисиз?

      – Ҳозирча унга тегмай турганимиз маъқулмикан, – ғудурланди Санжарбек.

      – Нима, айбсиз одамни қамоқда ушлаб турмоқчимисиз? – раҳбар шогирдини синаш учун атайлаб нозик жойидан тутди.

      – Ҳар эҳтимолга қарши… Ҳақиқий қотилни топмасдан уни қўйиб юборсак гап-сўзлардан бошимиз маломатга қоладими, деб қўрқаман. Туман прокурори ҳам шу фикрда.

      – Гап кимнингдир таъна қилишида ҳам, туман прокурори қандай фикрда эканида ҳам эмас, – босиқлик билан тушунтирди раҳбар, – гап ҳамма далиллар Самиғга қаршилигида! Уни бу маломатдан қутқаришнинг ягона йўли – ҳақиқий қотилни топиш.

      – Албатта, бор эътиборимизни шунга қаратамиз.

      – Қотилни тезроқ топиш керак! – раҳбар терговчининг жавобидан қониқди шекилли, мулоқатни якунлашга шошилди. – Фақат шундан кейингина Самиғ масаласига қайтишингиз мумкин. Вақтингиз анча чегараланганини ёддан чиқармасангиз бўлди! Тағин «ошна»ларингизга баҳона топилмасин!

      Терговчи раҳбарнинг нимага шаъма қилаётганини тушунди…

* * *

      Санжарбек ўз хулосасини гуруҳ аъзоларига айтганда янгиликни кўпчилик ваҳима билан қарши олди.

      – Шу ёлғончи, муттаҳамнинг гапига ишониб ўтирибсизми? – Маъмур ўрнидан туриб кетди. – Бошидан терговни чалғитиб, нағма қилиб келяпти. Унга ишониб бўладими? Энди «мулла» қилай дегандим-а, эсиз шунча уриниш, шунча меҳнат…

      – Маъмуржон, шошилманг! – Санжарбек ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди. – Мен сизларга терговчи сифатидаги хулосамни айтдим. Самиғ ҳамон қамоқда. Ҳеч ким уни қўйиб юбораётгани йўқ, тергов давом этади. Агар унинг айбини исботлай олсангиз, марҳамат, мени қойил қилган бўлардингиз.

      – Сиз гуруҳ раҳбарисиз, ким ҳам бизга қулоқ соларди.

      – Сизлар ҳам гуруҳнинг тўлақонли аъзосисизлар, тергов жараёнида иштирок этасизлар, ҳеч ким сизларнинг қўлингизни боғлаб қўйгани йўқ. Марҳамат, Самиғнинг қотиллигини исботланг, далиллар тақдим қилинг! Лекин ҳозирги ҳолатда у одамнинг гарданига қотилликни осиб бўлмайди. Иш суддан ўтмайди.

      – Нега ўтмас экан? – Мухтор мунозарага қўшилди. – Ҳаммаси аниқ-ку! Мен сизга ишни суддан ўтказиб берсам бўлдими?

      – Мухторжон, иш суддан ҳам ўтиши мумкин, аммо айбсиз одамни қамоққа тиқиб, аксинча, қотилни очиқда қолдирсак сизу биз ким деган одам бўламиз? Бир умр виждон азобида қолмаймизми? Бу ҳам майли, эрта бир кун ҳақиқий қотил қўлга тушса, ҳолимиз не кечади? Оқибатини ўйлаяпсизми?

      – Санжар ака, бундай фикрлайдиган, иш тутадиган бўлсак бирорта жиноятни очишимиз даргумон. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Нимадан қўрқамиз, Самиғ қотил. У билан яна салгина

Скачать книгу