ТОП просматриваемых книг сайта:
Ибтидо. Дэн Браун
Читать онлайн.Название Ибтидо
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-179-5
Автор произведения Дэн Браун
Издательство Asaxiy books
Лэнгдоннинг саволидан сўнг залга узоқ жимлик чўкди.
– Худди шундай бўлади, профессор, – жимликни Эдмонд Киршнинг юқоридан янграган овози бузди. – Ҳаммаси айнан шундай бўлишига мен ишонаман. Келажак авлодлар ўз‐ўзига савол бериши шубҳасиз: қандай қилиб илм‐фан ривожланган даврда яшаган биздек одамлар динлар ўқитган сафсаталарга ишонган бўлиши мумкин?
Киршнинг овози баландлаша борди. Одам Ато ва Момо Ҳаво, бурқага бурканган хотин, чўғ устида юраётган ҳинду расмлари экрандан бирма‐бир ўтди.
– Бугунги анъаналаримиздан хабар топгач, ишончим комил, келгуси авлодлар бизни зулмат даврида яшаган, деб хулоса қилади. Фикрларининг исботи сифатида улар эътиқодларимизни кўрсатади: Худо одамни сеҳрли боғда лойдан бунёд қилиши, ҳар нарсага қодир Яратгувчи аёлларга бошини ёпиб юришини буюриши, бу ҳам етмагандек, унинг шарафига вақти‐вақти билан танамизни куйдиришимиз…
Иблисни қувиш, чўқинтириш, танага темир‐терсак тақишу, ҳайвонларни қурбонлик қилиш сингари дунё бўйлаб тарқалган турли диний маросимларнинг суратлари кетма‐кет экранда намойиш этилди. Слайд юракларни ларзага келтирувчи видео билан якунланди: ҳинду роҳиби кичкина чақалоқни ўн беш метрли минора тепасида ушлаб турарди. Кутилмаганда у болачани пастга ташлаб юборди. Чақалоқ тўғри бориб, қишлоқ одамлари балиқчилар тўридек ёйиб, ушлаб турган чойшаб устига тушди.
“Гришнешвар ибодатхонасидаги маросим бу”, деб хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Айтишларича, бола баландликдан пастга улоқтирилса, унга Худонинг марҳамати, соғлиқ ва ақл ёғиларкан.
Даҳшатли видео, ниҳоят, тугади.
Буткул зулмат ичида қолган залда Киршнинг товуши акс‐садо билан жаранглади:
– Замонавий одамнинг онги аниқ мантиқий таҳлиллар қилишга яроқли бўла туриб, қандай қилиб ақлга тўғри келмайдиган диний эътиқодларни қабул қилишга йўл қўяди?
Майсазор осмонида яна юлдузлар ёғду соча бошлади.
– Бу саволнинг жавоби, – давом этди Эдмонд, – жуда оддий бўлиб чиқди.
Самодаги саноқсиз юлдузлар тобора тиниқлашди ва ингичка тола орқали бир–бирига боғланиб, чексиз тугунчалар тўпламини ҳосил қилди.
“Нейронлар”, тахмин қилди Лэнгдон.
– Инсон мияси нима учун ишонади? – сўради Кирш.
Бош узра ҳосил бўлган мияда бир неча тугунчалар чақнаб, ингичка толалардан бошқа тугунчаларга электр сигналларни юбора бошлади.
– Бизнинг миямиз жонли компьютердир, – тушунтирди Кирш. – Унда кун давомида киритиладиган чалкаш маълумотлар оқимини тўғри тартибга солувчи операцион тизим бор. Чалкаш маълумотлар сиз бешта ҳиссиётингиз билан ҳис қиладиган ҳамма нарса, айтайлик, суҳбатлар, мусиқа оҳанги, полиция сиренаси ёки шоколад мазаси бўлиши мумкин. Тасаввур қилганингиздек,