ТОП просматриваемых книг сайта:
Ибтидо. Дэн Браун
Читать онлайн.Название Ибтидо
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-179-5
Автор произведения Дэн Браун
Издательство Asaxiy books
Осмонда ўнлаб қадимги худолар, илоҳларнинг расмлари ва ҳайкалларини ўзида жамлаган улкан коллаж пайдо бўлди.
– Билимдаги беҳисоб бўшлиқларни тўлдириш учун сон‐саноқсиз худолар керак бўлган, – Лэнгдон давом этди. – Бироқ асрлар ўтиб, илм‐фан даври келди.
Бош узра математик ва техник рамзлардан иборат коллаж аксланди.
– Бизни ўраб турган дунёда рўй бераётган ҳодисаларга илмий жавоб изларканмиз, оламни тушунишдаги бўшлиқларимиз аста‐секинлик билан емирилиб борди. Бўшлиқларга қўшилиб, худолар ҳам йўқола бошлади.
Шифтда Посейдоннинг сурати катталашиб, олдинга чиқди.
– Мисол учун, сув сатҳининг ўзгариши Ой фазаларига боғлиқлигини аниқлаганимиздан сўнг бизга Посейдоннинг ортиқ кераги бўлмай қолди ва уни афсонага айлантирдик.
Экрандаги Посейдоннинг расми тутун ичида ғойиб бўлди.
– Қолган маъбудларни ҳам Посейдоннинг қисмати кутарди. Чунки ривожланаётган онгимизнинг уларга муҳтожлиги қолмаётганди.
Илоҳларнинг сурати бирма‐бир кўздан йўқола бошлади – момақалдироқ худоси, зилзила илоҳаси, офатлар маъбуди…
– Бироқ, – қўшиб қўйди Лэнгдон, – бу худолар осонликча “жон таслим қилди” деб ўйлаш хато бўлади. Маъбудлардан ажралиш ҳар бир маданият учун узоқ ва мураккаб жараён бўлган. Нима учун илоҳий эътиқодларнинг ёлғон бўлиши мумкинлигига шубҳа қилмаймиз? Чунки улар туғилганимиздан буён биз энг қадрлаган, энг ишонган инсонлар – ота‐онамиз, ўқитувчиларимиз, диний раҳнамоларимиз ва бошқа яқинларимиз томонидан миямизга сингдириб келинади. Диний қарашларнинг ўзгаришига кўплаб авлодларнинг алмашинуви, юзлаб, минглаб йиллар зарур бўлади. Ва таассуфки, бу ҳодиса кўпинча одамларда қўрқув ва нафрат туйғуларини уйғотиб, қонли тўқнашувларни келтириб чиқаради.
Маъбудлар экрандан бирма‐бир ғойиб бўларкан, бир‐бирига зарб билан урилган қиличларнинг жаранги, жангчилар урҳоси, яраланганларнинг оҳ‐воҳлари атрофни тутди. Ниҳоят, осмон марказида ягона маъбуд қолди – унинг нигоҳи ўткир, сержаҳл чеҳраси тўлқинсимон оппоқ соқол билан қопланган эди.
– Зевс… – тантанали эълон қилди Лэнгдон, – худоларнинг худоси. Маъбудлар ичидаги энг мудҳиши ва энг иззатлиси. Бошқа илоҳлардан фарқли ўлароқ, Зевс ўзининг йўқ бўлиб кетишига жим қараб турмади, аксинча, ўзи бир вақтлар ўрнини эгаллаган аввалги маъбудлар сингари у ҳам ҳукмдорлигини асраш учун беомон жангга киришди.
Экранда Стоунҳенж, Шумер миххатлари, Мисрнинг буюк эҳромлари пайдо бўлиб, сўнг яна Зевснинг сурати кўринди.
– Зевсга эътиқод қилувчилар жуда чидамли чиқди. Улар маъбуддан воз кечишни асло исташмади. Оқибатда, ҳукмронлик ўрнатаётган навбатдаги дин – насронийлик янги худонинг қиёфаси сифатида Зевснинг чеҳрасидан фойдаланишига тўғри келди.
Лэнгдон маърузадан