ТОП просматриваемых книг сайта:
Қасоскор қашқирлар 2-китоб. Исокжон Нишонов
Читать онлайн.Название Қасоскор қашқирлар 2-китоб
Год выпуска 0
isbn 978-9943-4051-3-4
Автор произведения Исокжон Нишонов
Издательство Kitobxon
Қизининг хатардан йироқда яшаётганидан боши осмонга етгудек хурсанд бўлган Барон айни пайтда Анастасия билан яқинлик қилиш истагида эканлигини ўзининг қўл ҳаракатлари билан билдиришга ҳаракат қиларди. Унинг учун ҳаммаси ўз изига тушгандек эди. Эрталаб Қоплоннинг одамлари келса, Ҳамидни уларнинг қўлига топширади.
– Сабр қил, жоним, ҳаммасига улгурамиз. Ҳали тонг отишига анча вақт бор, – дерди Анастасия унинг юзларига енгилгина шапати уриб. – Қани, тур ўрнингдан, куй-қўшиқлар янграётган кечада биз ҳам ёшлигимизни хотирлаб, рақсга тушайлик, қўшиқ куйлайлик. Ҳамманинг эътиборини ўзимизга қаратиб ўтиришимиз гуноҳ.
Анастасия ширакайф Бароннинг қўлидан ушлаб, ўрнидан турғазиб, саҳнага олиб чиқди. У шўх ва айни пайтда овози ўткир аёл эди.
– Ҳой, йигитлар! Биз учун Тангони чалинглар!! Унинг садолари остида Барон иккимиз рақсга тушамиз!
Созандалар созларини қўлга олиб, созлашиб, бир-бирлари билан кўз уриштиришиб, Тангони чалишди. Лўлилар созлар товушига ҳамоҳанг қийқиришди. Анастасия ёш қизлардек даврани айланиб, пилдираб рақсга тушиб кетди. У гавдасига қараганда анча енгил, худди ёш қизлардек харакат қиларди. Барон ҳам қўллари ва оёқларини ҳаракатга келтириб, кенг кўкрагини кериб, ҳайбатли бошини орқага ташлаб, суйганининг ёнида парвона бўларди. У кўпдан бери бугунгидек рақсга тушмаганди. Чолнинг чаққон ҳаракатлари атрофни ўраб олган барча лўлиларни лол қолдирди. Куй уларнинг ҳаракатларига ҳамоҳанг тарзда янграрди. Барон юрагидан булоқдек отилиб келаётган қувонч ва шодликни тўхтатиб туролмади. Овозининг борича лапар куйлади. Унинг бу қўшиғи севги ва ишқни тараннум эртарди. Ҳозиргина қарсак чалиб, Анастасия билан Бароннинг рақсини олқишлаб турган лўлиларнинг барчасини қўшиқ мазмуни сеҳрлаб қўйганди. Ҳаммалари нафасларини ичларига ютган кўйи, Бароннинг қалбидан отилиб чиқаётган қўшиққа қулоқ тутишарди. Янграётган бу қўшиқ тун бағрида гўё қанот қоқаётган лочиндек жуда ҳам олисларга таралиб кетаётгандек, унинг сеҳридан мудраб ётган табиат уйғониб, маст-аласт бўлиб, кайф сураётгандек эди. Барон қўшиқни куйлаб, поёнига етказганида, мусиқа садолари тинганда ҳам лўлилар анча пайтгача ўз жойларидан қимир этишмади. Улар гўё сеҳрлангандек, саҳна ўртасида турган Барон билан Анастасияга тикилиб