Скачать книгу

сонини бирдай ваҳимали сақлаш учун, аҳён-аҳёнда алмашиниб бўлса керак, ҳамиша тиш-тирноғигача қуролланган, ҳар нарсага шай ҳолда ҳовлида юргани-юрган эди. Ўрнида замонавий қурувчи бемалол бутун бошли уй қурса-қургудай кенг зинапоядан бирор марҳаматдан умидвор толиблар, мушкетёрликка қабул қилинишни ҳавас қилиб, вилоятлардан келган дворянлар, ўз хўжайинларидан номалар келтирган ранг-баранг зарбоф либос кийган мулозимлар чиқиб, тушиб турардилар. Қабулхонадаги деворлар бўйлаб қўйилган узун-узун курсиларда мумтоз яъни, соҳиб томонидан мукаллаф бўлган кишилар ўтирардилар. Эртадан то кечгача қабулхонада шовқин-сурон тинмасди, бу орада де Тревиль қўшни хонадаги кабинетида меҳмон қабул қилар, арзлар тинглар, фармойишлар берар ва деразага яқинлашиб, қирол Луврдаги ровонида тургандек, ўз кишилари ва қурол-аслаҳасига кўрик ўтказарди.

      Д’Артаньян бу ерга дастлаб келган куни тўпланганлар давраси, хусусан, вилоят кишиси кўзига ғоят салобатли кўринди. Рост, бу вилоят кишиси юртдошлари у маҳаллар бирор нимадан хижолат қилиш мушкул одамлар сифатида донг чиқарган гаскондан эди. Келганлар узун-узун мурабба қолпоқли михлар қоқилган каттакон дарвозадан ўтгандан кейин қуролланган кишилар тўпига қўшилиб кетардилар. Бу одамлар ҳали ўйин, ҳали жанжал бошлаб, бир-бирларини чақиришиб, ҳовлида айланиб юрардилар. Бу мавж ураётган тирик пўртанани ичидан ёриб ўтиш учун ё офицер, ё мансабдор ёки хушрўйгина аёл бўлиш лозим эди.

      Йигитимиз юраги ҳаприқиб, меъёрдан узун қиличини ориқ оёқларига босган, кенг соябонли шляпасининг четларидан қўлини узмаган ҳолда вилоят кишисининг ўз хижолатини босиш ҳаракатидаги ғарибона табассуми билан илжайиб, бу тиқилинч тўполонда йўл солиб борарди. У ёки бу гуруҳдан ўтиб олгач, у хийла енгил тортиб нафас олар, аммо ҳозир бўлганлар унинг кетидан ўгирилиб қараётганларини яққол ҳис қиларди ва ўз шахси тўғрисида анча дуруст фикрда юрган д’Артаньян умрида биринчи бор ўз-ўзига бесунақай ва кулгили кўринарди.

      Зинапоянинг олдигинасида вазият яна оғирлашди. Пастки поғоналарда тўрт нафар мушкетёр шўх ўйин эрмак қилишмоқда, бу орада уларнинг ҳовли саҳнида тўдаланишиб турган ўн ё йигирма чоғли улфатлари ўйинда иштирок этиш учун ўз навбатларини кутмоқда эдилар. Тўртовидан бири бошқалардан бир поғона юқорида туриб, қиличини яланғочлаганча учаласини зинадан чиқишга қўймас ёки қўймасликка ҳаракат қиларди. Бу учовлари қиличларини моҳирлик билан ўйнатиб, унга ҳамла қилишарди.

      Д’Артаньян дастлаб бу қиличларни учлари ниқобланган машқ рапиралари деб ўйлади. Лекин, ҳадемай, ўйин иштирокчилари юзларининг баъзи жойлари тилинганидан, тиғлари жуда ҳафсала билан қайралиб, ўткирланганини тушунди. Ҳар гал янги тирналганда томошабинлар тугул жабрланганларнинг ўзлари ҳам қаҳ-қаҳ отиб, кулиб юборишарди.

      Бу дақиқада юқори поғонани эгаллаб турган мушкетёр қойил қилиб, ўз рақибларини даф этарди. Уларнинг атрофида бир талай одам йиғилиб қолди. Ўйин шартлари шундан иборат эдики, биринчи гал тирналгандаёқ ярадор ўйиндан чиқиб,

Скачать книгу